Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 7-бўлим

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 7-бўлим

    Колумбда бор аламим маним…

     

                                                       Абдулла Орипов

     

    Оламни англашнинг энг яқин йўли,

    Яқину, машаққат, довонлари кўп,

    Физика илмнинг, фаннинг ўнг қўли,

    Илгин тута олсанг измингда Ер, Кўк.

    Унинг хос надими Беруний бобом,

    Сиру асрорларин тинглаб хуш бўлган.

    Минг йил олдин айтган сўзлари тамом

    Мудраган Европа учун туш бўлган.

     

    Туш бўлган… Сабаби ухлар эди Ғарб,

    Бедор Шарқ илмнинг тоқига етди.

    Шу қудратли уммон бергач туртки, зарб,

    Европа сесканиб уйғониб кетди.

     

    Мана минг йилдирки Бобом кашфлари –

    Шу фанни фан этган буюк қонунлар,

    Қайта кашф қилиниб тенгсиз ишлари –

    “Жаҳоний янгилик” эгаси кимлар

    Бўлдилар?! Демангиз, минма жадалга,

    Бир қур назар ташланг ушбу жадвалга:

     

     

    Беруний кашфиётлари

    Фанга киритилган вақти

    Ким томонидан киритилган

    Жисмларнинг эркин тушиши

    17 аср

    Галилей

    Туташ идишлар, водопровод, фонтан, атмосфера босими. Артезиан қудуқлар.  Ёруғликнинг заррачалар оқимидан иборатлиги

    17 аср

     

     

    1126 йил

     

    18 аср

    Паскал, Темзе, Бруно, Бенедитти, Галилей

     

     

    Ньютон

    Ричагли тарози, полиспаст(блоклар системаси), оддий ва мураккаб механизмлар

    18 аср

    Стевин томонидан Лагранж принципи асосида амалга оширилган

    Товуш тўлқинлари, мусиқа назарияси, нота, товуш тезлиги, товуш ва ёруғлик тезлиги

    17 аср

    Реомер,

    Паоло Сарпи

    Ёруғлик энергия -сининг иссиқлик энергиясига, магнит майдони энергия сининг механик энергиясига, меха – ник энергиясининг электр энергиясига ва аксинча электр энер – гиясининг механик энергиясига айланиши; конвекция

     

     

     

     

     

     17-18 асрлар

    Ломоносов, Р. Майер

    Оптика қонунлари; Ёруғлик дисперсия-   си, камалак ҳодисаси, ранглар

    18 аср

    Роджер Бэкон

    Электр, жисмларнинг электрланиши, электр заряди 

    17 аср охири

    Инглиз олими Гильберт

    Магнит қутблари, магнит хоссаси нинг(кучининг) ташқи куч таъсирида ўзгариши

    17 аср охири

    Гильберт

    Магнит майдонининг кучланганлиги яъни магнит майдонининг магнит массасига боғлиқлиги

    18 аср

    Гильберт ва ундан кейинги издошлари

    Инерция қонуни

    18 аср

    Ньютон

    Бутун олам тортишиш қонуни

    18 аср

    Ньютон

    Нисбийлик назарияси

    1916 йил

    Альберт Эйнштейн

     

     

    Бобом қилган ишлар барчасимас бу,

    Фақат айримларин ўтдик биз санаб.

    Бундай баҳодирлик, шижоат, азму

    Қарорда ўктамлик бу қадар, ё Раб!

    Ҳайратга чўмилиб ҳар ким бўлгай ғарқ –

    Европаю Ғарбга пири комил – Шарқ!

     

    Гар ким сўзларимга қилмаса бовар,

    Ўқисин аллома китобларини.

    Даъволарим аниқ исботин топар,

    Қолдирмай гумону хитобларини.

     

    Даҳо ҳар жумласин бир буюк олим

    Неча асрлар сўнг киритган фанга.

    Макону замонлар оша у ғолиб

    Зулмат-ла киришиб залворли жангга.

     

    Заминнинг меҳвари силжимас асло,

    У каби боқийдир Бобом закоси.

    Олам кучларини кашф этган Даҳо

    Онгида борлиқнинг минглаб дунёси

    Ёмби тахламидек турар қатланиб,

    Битикларин уқинг, оларсиз таниб!

     

    Дунёга бонг уриб, ҳайқириб бугун

    Минг йиллик аламим жиндай тўкаман.

    Ечилиб боради қатма-қат тугун,

    Таъзимда тиз букиб бедор чўкаман

    Аллома Бобомнинг қутлуғ пойига,

    Зардушт йиқилгандек Қуёш ёйига.

     

    Минг шукр, ушбу кун аламлар эмас,

    Шону ифтихорлар қутлуғ замони.

    Чунки хўрлик, хорлик топди-ку абас,

    Ҳурлик Ҳумолари тутди самони.

    Бир вақтлар шу айтган сўзим айтса ким,

    Кесарди муз билан Шимол совуғи.

    Тарих тархларини илғаб қолган ним

    Инсоннинг чиқазиб қизил ўт буғин

    Айлантирар эди йўқликка шу он,

    Ҳаво заррасидан ожизди инсон...

     

    Энди-чи, овозим қўйиб баралла,

    Оламга кимлигим айлайман маълум.

    Бу мен – Берунийу Синодан нола,

    Аждоди Башарга устоз, муаллим!

     

    Бу мен – Озодликнинг Даҳоси берган

    Илҳомни достонга солган жимит жон.

    Бу БИЗ – қанотини дунёга керган,

    Келажаги буюк Ҳур Ўзбекистон!

     

     

    Бирор жойда топилса ногоҳ гавҳар донаси,

    Чўнтаги тешик ҳар ким даъво қилган ҳамиша.

    Мен ҳам орзу этардим, яхши ном баҳонаси

    Мени ҳам ёдга олса, ғайри эл, шуҳратпеша.

     

    Халқим, тенгсиз фарзандлар бергансану дунёга,

    Зар қоғозга ишқибоз мурғдай устин ёпгансан.

    Сўнг юз йиллаб фаромуш кўзинг тикиб самога,

    Дафинаи ганжингни эслатишса топгансан.

     

                                                         Абдулла Орипов

     

    Азизим, ҳабибим, юрагим бироз

    Тўкиб сенга топдим зарра осойиш.

    Айтмоқчи сўзимдан бу учқун холос,

    Аммо кўп сўзламоқ эмас оройиш.

    Ушбу андишани тез-тез айлаб ёд,

    Тафсилот, тавсифдан ўзим тияман.

    Ҳамду саноларга муҳтожмас ул зот,

    Хизмат либосини фақат кияман.

    Беруний ҳақида гаплашдик, гарчи,

    Бу машқим ҳали хом, ҳали жуда ғўр.

    Сатрлар жуда кам ишларин даржи

    Алломага лойиқ ўтли қалам зўр.

    Мен-чи, хом толибу ҳаваскор мухлис,

    Бобом закосининг кичик шайдоси.

    Ватаним , Юртимга муҳаббат боис,

    Қўлга қалам олган шеърнинг гадоси.

     

    Ўзим ҳақда гапни қўяй-да суриб,

    Мавзуга қайтайин, азиз сирдошим.

    “Беруний” деганда томирим уриб,

    Кўзимдан сочилар инжудай ёшим.

    Сабаби: Бобомдан ғурурим мени

    Кўкларга учирар боғлабон қанот.

    Уни яратган ҳалқ яратган мени –

    Аждодлардан фахр, зеро, бахт, нажот!

     

     

    Унинг буюклиги шунчаки, ҳатто,

    Ўзга халқлар қилар ворислик ҳавас.54

    Лекин она битта, ҳақиқат танҳо –

    Ўзининг отасин унутар қай кас?

    Даҳонинг қалами сатрлар аро

    Югурган шундай деб: “Мен Кот Фарзанди”.

    Гавҳарга даъвогар дунё можаро,

    Ғавғолар қилмоққа уста нотанти.

    Ўзининг сўзидан, лафзидан ўзга

    Ишончлироқ бўлур яна қай калом?

    Аждодимизлигин айтмоқ чун бизга,

    Ёзган шу сўзларни таниқли Бобом.

     

    Ҳали яна қанча минг йиллар оша

    Ундан фахрланар болаларимиз.

    Авлодлар ўзлигин билсин ҳамиша,

    Шажарасин дея бу теран илдиз,

    Бизга – авлодларга қилган мурожаат:

    “Менинг, сизнинг Ватан шу ўлка фақат!”

     

    Бундай Даҳо ила эй Ўзбекистон,

    Арзигай фахр этсанг борки бу жаҳон!

     

    Эй, сиз нотантилар, гар чўнтак тешик,

    Сизда дур бўлганин қилолмас исбот.

    Кимдир хуржунини амаллаб тешиб,

    Дер балки, меники бу кўҳна работ?

    Оламни чўнтакка солиб юрган зўр

    Домонгирлар кўпдир ушбу жаҳонда.

    Ҳамёндамас, ахир куч адолатда,

    Эътиқодим ҳақда, миллатим – қонда.

    Биз энди таниймиз ўзлигимизни,

    Боболарни билмоқ имондан дарак.

    Қанчалик чечан гап-сўзлигимизни

    Навоийдан англаб олди тўгарак.

    Тўгарак оламда яшаб юриб ҳам

    “Ҳўкизнинг шохида ер” кўрган зотлар,

    “Думалоқ нарсада юрарми одам,

    Учиб кетмасми?” деб кулган бедодлар,

    Олам манзараси, Ернинг шаклини

    Боболарим зако нуридан билди.

    Бармоқ санаб пешлаб юрган ақлини

    “Ал-жабр”га тиши ўтмай тўкилди.

    Олам мусаввири “Ал-Барон” бобом55

    Ернинг “портретин” яратган чоғда

    Қалам берсанг таёқ деб ўйлаб ноком

    Илдиз ковлаганлар қай бир пучмоқда,

    Кимни насаб бермас бугун ўзига,

    Чин ворислар “авом” унинг кўзига.

     

    “Ал-Фир” қалъасининг устухонлари

    Турибди-ку ҳали ёруғ жаҳонда.

    Бунда юрт сўраган Африғ шоҳлари

    Даҳо болакайни тутганлар жонда.

    Тилсиз гувоҳ тилга кирса, учарлар

    Қайси ривоятни тўқиб-бичарлар?

    Бу ҳол чўнг дарёни кўмиб қочгандай,

    Қуёшнинг юзига тупроқ сочгандай

    Бесамар ҳаракат, асоссиз ғоя –

    Ҳаво пуфагидан битгайми қоя??

     

    Қалъалар устига пахса урганнинг,

    Қалбаки ва сохта тарих қурганнинг

    Устига қулайди ўзининг бир кун,

    Зил девор остида бўлур чилпарчин!

     

    Мангу Жайҳун оша тикилиб олис

    Диёрлар кўркини кўзгуга солган.

    Уммон оша қўйиб ғойиб қадам, из –

    Янги бир Дунёнинг56 хабарин олган

    Инсонни ким дея алқай, атайин,

    “Бобом” десам асло кулманг: “Атайин

    Мақтанмоқ дардида экан шунча сўз!”.

    Кўнгил буюрганин айтмай нетайин!

     

     

    Ўзини қурбон қилиш – қурбонликнинг энг охирги чегарасидир.

     

     

    Бир киши бир умр давоми, бўйи

    Мумкин қанча ишлар қила олмоғи?

    Мумкин битта ишни бекам, бор бўйи

    Эгарлаб, жиловлаб йўлга солмоғи.

    Ёки икки, ошса уч ҳунар билар,

    Бундай фазилатлар соҳиби гар зўр.

    Бундайин зотларнинг толеи кулар,

    Тўртинчиси оғир келар зўр-базўр.

     

    Риёзиётчилар дерлар даҳони:

    “Буюк математик”, бунда йўқ хато.

    Ҳисобу амаллар билан жаҳоннинг,

    Ер ўлчамин бекўст айлаган адо.

    Мингдан ортиқ юлдуз ҳисоб-китоби,

    Айланиш тезлиги Курраи Арзнинг,

    Қуёш ўлчамлари, уммон таноби... –

    Айтмоққа тилимиз қовушмас бизнинг.

    Сонлару рақамлар пири, пешвоси,

    Барча замонларнинг улуғ сиймоси.

     

     

    Астрономлар уни дер фалакшунос,

    Энг буюк астроном, само сарвари.

    Бунда ҳеч хато йўқ, бу ҳақиқат, рост,

    Ундадир юлдузлар илмин гавҳари.

    Коинот китобин сарлавҳасини

    Олтин сиёҳ билан бошлаган ўша.

    Чекиб юлдузларнинг зар лавҳасини

    Само саркотиби ўзи ҳамиша.

    Барча замонларнинг фалакшуноси,

    Коинот кашшофи, илм зуҳроси.

     

    Дерлар даҳо физик, йўқ бунда хато,

    Мумкинмас бўлмоғи қилчалик гумон –

    Энг митти заррадан Борлиққача то,

    Бўйсунар у очган қонунга ҳамон.

    Физика фанининг йўргагин ечиб,

    Комиллик либосин ёпди сарупо.

    Бу теран Дарёдан сув, ҳаёт ичиб

    Закосини айлаб энг учқур тулпор,

    Даҳосидан қанот боғлаб Кўк қучди,

    У билан физика музаффар учди.

    Барча замонларнинг буюк физиги,

    Даврлар қўлида тилло узуги.

     

    Геодезистлар дер: асосчимиз у,

    Она Ер дардини биринчи уққан.

    Бунда ҳеч хато йўқ, Ер табиби у,

    Янглиш илмларнинг устунин йиққан.

    Ернинг қатламлари, улар “юриши”,

    “Нафас олиши”ни илғаган ҳатто.

    Зилзила, офатлар қандай “туришин”,

    “Ухлаши”ни қай вақт айтган бехато.

    Барча замонларнинг шоҳ “ершуноси”,

    Тарҳин унга очар олам биноси.

     

    Географлар айтар: буюк географ,

    Беруний бу фанни кўтарди юксак.

    Бу гапда хато йўқ, унга йўқ тараф –

    Ато қилди фанга глобус – юрак.

    Географик кашфлар шоҳона гултож

    Дунё ганжинаси аро шоҳ жавҳар.

    Илмий каромати берди зўр ривож,

    Жуғрофия кўзи ичра у – гавҳар.

    Ҳамма даврларнинг у географи,

    Фанда ҳамон пешво кашфлари сафи.

     

    Геологлар дерлар: буюк геолог,

    Бу фаннинг меҳвари, тамали ўзи.

    Бу сўзда хато йўқ, аллома улуғ

    Фикри-ла бу фаннинг бўлолди юзи,

    Геологи барча вақт, замонларнинг,

    Бебаҳо олмоси ноёб конларнинг.

     

    “Минералогия” унинг лафзида

    Илк бора сўз айтиб очди тилини.

    “Жавҳарлар султони” десак йўқ хато,

    Яратди шу фанни олмос билими.

    Барча замонларнинг жавҳаршуноси,

    Тоғларга кифоя битта имоси.

     

    “Сайдана”да сайраб гуллар, гиёҳлар,

    Бўлолди хасталар дардига дори.

    Буюк доришунос ҳатто шу чоғлар,

    Бундан сўнг ҳам ўзи илм илғори.

    Барча замонларнинг доришуноси,

    Малҳамшуноси-ю, фаннинг фидоси.

     

    Тарихчилар учун у тарихшунос,

    Геродотдан илми бойроқ зиёга.

    Бир-икки халқ ва юрт кечмишин эмас,

    Башар тарихини берган дунёга.

    Барча даврларнинг буюк дониши,

    Тарих машъалининг нури, ёниши.

     

    Асарларин деймиз: илмий ва теран,

    Тўғри, илмий, тўғри авждир мантиқда.

    Бу илмий асарлар шундай безанган,

    Садоси нафис куй, гўзал қўшиқдай.

    Бу фанний битиклар бадиий асар,

    Оҳанрабо шеърдек кўрсатар асар.

    Шеърлари тўқ ҳикмат маънолар билан,

    Таржима, таҳлиллар ўктам, забардаст.

    Бир сўз-ла ижоди энг гўзал гилам,

    Унинг жилосига камалак ҳавас.

     

    “Адабиётшунос” дейди фозиллар,

    “Етук шоир” десак асло йўқ хато,

    Сўзлари бўстонда очилган гуллар.

    Бу гўзал хислати Оллодан ато!

     

    Қирраларин айтар бўлсам суҳбатдош,

    Бу даҳо осмонни, Ерни, юлдузни,

    Уммонни, Қуёшни... бўлмайди одош

    Санаганим билан териб бор сўзни –

    Оламни жамулжам айлаган ҚОМУС,

    Ҳатто камалакда йўқ ундаги тус.

    Бир сўз билан айтсам у шундай ДАҲО,

    Дўстим, энди ўзинг беравер баҳо!

     

    Олим асарлари комил намуна,

    Ҳар бири шоҳона санъат асари.

    Фақат тарихдан бор озгина гинам:

    Бизга етиб келган маълум нафари.

     

    Бешдан бир бўлаги келган соғ-омон,

    Замонларнинг қирғин, қишлари оша.

    Балки улоқтирган қудратли Камон,

    Балки олиб кетган Дарёлар тоша.

    Балки қайлардадир борми деб нажот,

    Дунёга чиқолмай бизни кутарлар.

    Улар бизга насиб бўлмасми, ҳайҳот,

    Наҳотки зулматда қолиб битарлар?

     

    Уларда ёзилган балки минг йиллар

    Кейин очилгувчи сиру кашфиёт.

    Балки акс этгандир самовий йўллар –

    Ўзга оламларга элтгувчи нажот!

    Балки топиб олсак у битикларни,

    Носоз бу ақлимиз бовар ҳам қилмас.

    Мавжудларидаги илмий “юкларни”

    Базўр кўтарганмиз, бу ҳеч сир эмас:

     

    Инсоният минг йил кейин англади,

    Сўзлари маъноси, фикри, мағзини:

    “Нисбийлик!” дегунча минг бор ранглади

    Йиллар бошин қорга, қонга оғзини.

    Кашф этилди алҳол шу назария,

    Сесканди, гувранди милод – қария!

     

    Не-не илмларнинг не пешволари

    Неча асрдан сўнг қолдилар илғаб:

    Битикларидаги илтижоларин

    Билгач, олди чархни бир титроқ чулғаб:

    “Ўзаро тортилар олам ва зарра,

    Борлиққа ўтказар буюк куч таъсир”,

    Бобом такрорлаган уни юз карра,

    Биз-чи, тушунмадик кўп  неча аср.

    Бу “Бутун оламнинг тортиш қонуни”,

    Ниҳоят англади авлодлар уни!

     

    “Инерция” тақдири ҳам худди шундай,

    Америка бизни кутди асрлар,

    Қуёш доғи, тожин ҳамон тушунмай,

    Қийналамиз бот-бот: “бунча кўп сирлар?”

     

    Африка гирдида туташ уммонлар,

    Ҳамон таъна қилиб турар инсонга:

    “Сиз мени йўқ дея айтиб нодонлар,

    Солмоқчи эдингиз қай ғаладонга?”

     

    Ҳали булар Курра – Ер манзараси,

    “Олам манзарасин” ҳам айтган бобом.

    Ўзга олам... мушкул... гапнинг сираси

    Бизга бўй берарми кўкдаги у том?

     

    Бу маълум асарлар, китоблардаги

    Ҳикмат гулханининг учқуни холос,

    Уларда акс этган фан келажаги,

    Дейман: бундай зако фақат унга хос!

    Ажабо, сўзлари башар тонгида,

    Буюк қонунларнинг барига тамал.

    Ҳали минг йил ҳам сўнг унинг бонгидан

    Дунё уйғонади, ёнади ҳамал!

     

    Буларнинг барчаси оғир меҳнатлар,

    Машаққат, риёзат гўзал меваси.

    Илмни ардоқлаб, тортиб заҳматлар

    Манзилга етказган карвон теваси.

     

    Бу ёруғ оламнинг жилоларидан

    Кетиб, китобларга тикиб кўзини.

    Инсоният учун кечиб боридан

    Қурбонлик келтирди ДАҲО ЎЗИНИ!

     

    Ўзбегим, фахрия битибман шундай,

    Буюк ўғлонингга, бир фарзандингга.

    Барчаси ўзингга аён-ку кундай,

    Болаларинг сенинг тортганлар кимга!

     

    Сендадир Беруний, Хоразмий, Сино,

    Сендадир Навоий, Бобур, Темурбек.

     

    Санасам, сафлари бўлмагай адо,

    Тоғ каби кўксингга тизилган дурдек.

     

    Дерлар оққан дарё оқмай қолмагай,

    Муаззам дарёсан сен ўзинг халқим!

    Улуғ боғлар бунёд этиб толмагай

    Мағрур тўлқинларинг шошқиниб, балқиб!

     

    Озодлик уфқига чиқдинг бонг уриб,

    Муаззам йўлингда нурлар шонаси.

    Айтаман, пойингга бошимни уриб

    Ўзинг даҳоларнинг буюк онаси!

     

    Бағрингда баркамол авлод бахтиёр,

    Умид ниҳолларинг чўзмоқдалар бўй.

    Буюк марраларни забт этган қатор

    Полвонларинг чорлаб дунё берар тўй!

    Фанлар бобида ҳам ёвқур ўғлонлар

    Чиқмоқда олимпнинг шоҳсупасига.

    Шонингга шон қўшган олий нишонлар

    Етказар чўнг тоғлар энг тепасига.

    Кўксингдан таралар кўҳна бир наво

    Иситмада ёнган чўғ дунё сари.

    Мумтоз соф нафасинг уфурган ҳаво

    Нағмасига куйлар дунё меҳвари.

    Санъатинг таратиб навқирон авлод

    Буюк саҳналарни қилмоқда ишғол.

    “Ўзбекистон” деса дунёда ҳар зот

    Кимлигингни бугун айтар бемалол –

     

    Ўзбек – машинасоз, ўзбек – бунёдкор,

    Ўзбек – етук меъмор, ўзбек – чўнг олим.

    Ўзбек – сиёсатдон, ўзбек – тадбиркор,

    Оламни лол қилган буюк муаллим.

     

    Довонлардан ошиб бугун мардона,

    Юртим, оламга юз тутиб турибсан.

    Маъвога айландинг Шарқда дурдона,

    Дунё назарини бунга бурибсан.

     

    Бу гўзал давронда, ёруғ замонда

    Хандонман, бу бахтдан ял-ял ёнганим.

     

    Узоқ ўтмишингни ёздим достонда,

    Бугунингга жоним ёзай, ВАТАНИМ!

     

    Дунёларни  уйғотган  даҳо (достон) 7-бўлим

     

    Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.


    Bilim All » Gu'rrin'ler bo'limi | 29-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 1784 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 5-бўлим

    Искандар илгидан қолди замона, Дунёни қўлида тутар бир Эгам. Мен омонат, сен менга омонат, Нечун бу озорлар, ғавғолар нега?   Йил бир мингу ўттиз, авжи баҳорда, Юртгиру, довонгир Ғазнавий...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 3-бўлим

    Она юрт! Ҳавоси тамом бошқача, Ҳаттоки қумларин сургулик кўзга! Бунда меҳрлидир чағир тошгача, Таърифин сиғдириб бўлмагай сўзга. Устоз хонадони, қадрдон гўша... Уни...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

    Тарих тасбеҳининг дурлари мисол Сочилган қалъалар минглаб мўъжиза. Қумларга кўмилган қуёшга тимсол, Ё тоғлар бағрида ётган феруза. Сирларингиз бир-бир оламан уқиб, Кўзимда иштиёқ,...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

      Қонимда мавж урар оловли ҳислар. Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр, Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр, Идроким тарихдан бир хилқат излар! Олтин сатрларга олмос ҳарф билан...

    “Aydın” intellektual turnirinin’ II reyting oyınlarının ...

    “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı baslang’ısh sho’lkemi janında du’zilgen “Ziyalı jaslar” intellektual klubı ta’repinen sho’lkemlestirilgen...











 English Time


Login:
Parol:
«    Noyabr 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.