Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 3-бўлим

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 3-бўлим

    Мева берса дарахт битта бутоғдан,

    Шу дарахт яхши минг мевасиз боғдан.

                     Хусрав Деҳлавий

     

                                997 йил

     

    Она юрт! Ҳавоси тамом бошқача,

    Ҳаттоки қумларин сургулик кўзга!

    Бунда меҳрлидир чағир тошгача,

    Таърифин сиғдириб бўлмагай сўзга.

    Устоз хонадони, қадрдон гўша...

    Уни улғайтирган ҳовлининг саҳни...

    Шу топда – болакай у ўша-ўша,

    Полапон қуласа келгувчи раҳми.

    Ота-она, Ватан, устоз қадрдон,

    Уларнинг қадрини билди у чандон!

     

    Котда ҳаёт изга тушибди анча,

    Ойда икки марта илм мажлиси.

    Бунда тўпланибди олим бир қанча,

    Халқ бошидан кетгач уруш қайғуси.

     

    Машҳур Бузжонийдан етишди мактуб,

    Чўнг ишда тутиниб шогирду устод,

    Бузжоний Бағдодда, Беруний Котда

    Ойнинг тутилишин кузатдилар шод.

    Ҳайратомуз аниқ бўлди натижа:

    Шаҳарлар вақтининг фарқи – бир соат.

    Умрбод ёдида қолди бу кеча

    Ёш олим қалбига бериб саодат.

     

    Ишқи, муҳаббати Илм – ҳақиқат,

    Юраги тафтини у босар фақат.

     

    Даҳолар тарих безагидир.

                       А.И.Герцен

     

    Законинг навқирон, авж палласида

    Оламни билмоққа қасд қилди ёниб.

    Борки таълимотлар силсиласида

    Топмади бир булоқ ичгали қониб.

    Инсон табиати, олам чеҳраси,

    Ер, Сув, Қуёш, Юлдуз асрори чексиз.

    Бу ҳақдаги ўктам юнонлар сасин

    Қабул қилолмади Беруний шаксиз.

    Улар таълимоти Даҳога ичи

    Пуч ёнғоқдек мағзсиз туюлар енгил.

    Аллома закосин шиддатли кучи

    Истарди тенг қудрат, баробар кўнгил.

    Унинг доҳиёна фикрларини

    Англаёлмас бўлди атроф, теварак,

    Ундаги тафаккур зикрларини

    Уқмоққа солиҳ бир буюк қалб керак.

    Устозлар қолдилар олдида ожиз,

    Унга қувват бера олмаслар энди.

    Улуғ мураббийлар илми ҳам сўзсиз

    Улуғ, лек Даҳонинг тизича келди.

     

    Навқирон Синонинг довруғи шул дам

    Котнинг осмонин ҳам айлади ишғол.

    Кулиб боққан каби ёришди олам,

    Даҳога бағишлаб севинчли хуш ҳол.

    Беруний қувонди: “Ушбу йигитча

    Балки фикрларим англар безавол.

    Балки ўкинчларим қолмас чигитча,

    Тафаккури бегард, балки баркамол.

    Шояд менинг кўнглим туйиб, тушуниб,

    Фикратим туғёнин ҳис қила олса,

    Бир дарёда оқса, бир ўтда ёниб,

    Дунёга мен билан тенг назар солса!

    Бу каби ҳабибга ташнадир дилим,

    У мендан, мен ундан олсам кўп билим!

    Илм эҳромига топармидик йўл,

    Олам қопқасига чўзсак бирга қўл.

    У ҳақда овоза рост бўлса агар,

    Берган саволларим тугунин ечур.

    Зар қадрини билар ҳақиқий заргар,

    Ҳақиқат йўлида ҳар недан кечур.”

     

    Олим илм деб мағрур бошини эгди –

    Синога саволин мактубга чекди.

    Ўтоларми Ҳаким бу имтиҳондан,

    Синовли мактубга жавоб имкондан

    Бўлармикан ёш ва донгдор ҳозиқ чун?

    Билмоқ истар Райҳон Синонинг кучин.

     

    Беназир диёр бу фозиллар юрти,

    Беқиёс даҳолар унган сарзамин.

    Кафтдек тупроқ, метин тошини туртиб

    Истеъдодлар чиқар эзгулик намин

    Шимиб ҳатто чўлнинг зарра қумидан

    Томчи шабнамидан, саҳро зимнидан.

    Тоғлардан-да ошар улар довруғи,

    Уммонлар кемаси, Ой, Қуёш туғи.

     

    Абу Райҳон билган энг фозил йигит,21

    Замондоши, дўсти, тиббиёт шоҳи,

    Ибн Сино олмос, гар осмон барқут,

    Агар илм дарахт, улкан, авж шохи.

    Дунёни кузатинг бўлурсиз шоҳид,

    Энг баланд Тоғ ила энг улуғ Дарё,

    Энг кабир Саҳро-ла энг ўтли Вақт,

    Топишар албатта Кун билан Зиё.

     

    Беқиёс истеъдод бу икки даҳо,

    Бир-бирига кўзгу, қўш азим дарё.

    Икки олмос қилич чархлаб бир-бирин,

    Улар икки Фарҳод, Тафаккур – Ширин.

    Беруний даҳоси жаҳон фанини

    Бойитди, юксалтди, йўқдир иштибоҳ.

    Зако ханжарининг тиғи, дамини

    Урди жаҳолатга, қазди унга чоҳ.

     

    Дарё мисол теран ижоди жўшқин

    Барча замонларда олимлар учун

    Бўлолди мисоли бир йўлчи юлдуз,

    Гул очган бўстонга ҳаётбахш илдиз.

    Сино тафаккури ривожига ҳам

    Тириклик сувидек беролди қувват.

    Яна-да ёрқинроқ ёнган бу гулхан

    Қудратига завол бўлолмади вақт.

     

    Билим уммонининг поён, сарҳади,

    Коинот сингари бўлса-да мавҳум,

    Икки дўст у томон суздилар дадил,

    Жаҳлни кул айлаб, жаҳолатни қум.

    Мунозара айлаб фанлар бобида,

    Бўлдилар мактублар орқали ҳабиб.

    Илмга муҳаббат ҳар жавобида,

    Саволи шамширдек олим ва табиб.

     

     

    Физика! Табиат, борлиқ ҳақида

    Қонунлар лавҳлари нақшдур тоқида.

    Бу кўшк гумбазига етганлар камдир,

    Бутун борлиқ сири у ичра жамдир.

    Тиббиёт бобида Ибн Сино шоҳ,

    Физикага борди унда иштибоҳ.

    Беруний шаҳд этди, тарқалди туман,

    Ҳакимга юз очди беқиёс чаман.

    Бўлди буюк табиб, олимга устоз,

    Бир-бирига қўйди иккиси ихлос.

    Зерикмасанг агар, ўқувчим, тинглаб

    Далиллар айтмоғим мумкиндир минглаб.

    Сўзларнинг гавҳари, асли қисқа сўз,

    Ортиқча каломни йиллар қилгай тўз.

    Шу боис улуғлар мунозарасин

    Мағзини айтмоққа қилдим мен жазм.

    Сен ҳам менга бўлгил, дўстим, ҳамсуҳбат,

    Вақтимиз беҳуда ўтмагай албат.

    Аллома ва ҳаким мажлисининг хуш

    Ўзаро таъсирин айлайлик тафтиш.

    Даҳолар 18 савол-жавоби

    Қамраб олган эди илм кўп бобин.

     

    Сўровлар Беруний томондан бўлди,

    Кўнгли гоҳ қонмади, гоҳида тўлди.

    Нотўғри жавобдан баъзида ранжиб,

    Эътирозлар битди хатони янчиб.

    Олам ва коинот, инсон, моддалар,

    Зарра ва чексизлик, Ой билан Қуёш,

    Олов билан гиёҳ, тоғларга қадар,

    Тортишув мавзуси бўлди ҳатто тош.

    Таянарди Сино антик қарашга,

    Арасту муқаддас эди унинг чун.

    Беруний тайёрди ҳатто курашга

    Ҳар қандай қонун-ла, топмаса мазмун.

     

    Не чоғ залворли-ю гўзал баҳслашув!

    Ёш, олов, етилган ақллар баҳси –

    Худди янги ўзан очган дарё, сув,

    Гўё ҳикмат нурин тантана, рақси.

    Ёшликнинг бетакрор кунлари кулди,

    Қудрат ва эҳтирос илмга фидо.

    Шарқдан икки Қуёш чиққандек бўлди,

    Ҳамон сўнган эмас бу нур, бу нидо!

    Кейинги ижод ҳам этди қудрат касб,

    Шу мажлис руҳидан қалбларида қўр.

    Бутун дунё илми кўрди унда жазб,

    Издошлар тўлқини кўтарилди жўр.

     

    Нафақат бир-бирин чархлаб, бойитиб,

    Олам тафаккурин тутди қўлидан.

    Гўё жаҳон фанин қўйди улғайтиб,

    Нур балқди сўзлари, кўзи, йўлидан.

    Европа шу нурни ичди, уйғонди,

    Улуғлик касб этиб офтобдек ёнди.

    Икки даҳо сўзи зўр хамиртуруш

    Бўлди буюк кашфлар учун қанот-қуш.

    Ҳаттоки нисбийлик назарияси 22

    Пойдеворин улар қўйиб кетишган.

    Кириб бораверар Қуёш зиёси,

    Чунки Офтоб мудом безавол тушган

    Уни тан оласан, ёки олмайсан,

    Нурини сочади, сўник тош эмас.

    У бўлмаса бир кун, бир зум кулмайсан,

    Сену менга эса у муҳтож эмас.

     

    Европа! Шубҳасиз, шаксиз улуғсан,

    Қалбимда ҳайратлар аталган сенга.

    Жадаллик, азмкор шаҳдга тўлуғсан,

    Ўзинг бир оламсан, дунёсан менга.

    Асрлар оралаб руҳинг уйғотган,

    Шарқнинг тафаккурин атадинг куюк.

    Не тонг, қуёш мудом бу ёқдан отган,

    Бу – илм бешиги Шарқ – буюк, буюк!

     

     

    Ҳақиқатни билмоқчи бўлсанг, менга эргашасан.

                   Абу Райҳон Беруний

     

                              998 – 999 йиллар

     

    Кўксида безовта ёнар бир олов,

    Қалбида бедордир ҳамиша бир дард.

    Тафаккури мудом бу ўтга қалов,

    Оламни билмоққа ундар шаҳду жаҳд.

    Коинот бепоён, борлиқ ноаён,

    Юлдузлар сонсиз, Ой – хилқат нотаниш.

    Қуёш қандай маъво – маъданми, ошён,

    Унда бу нур қайдан, қайдан бу ёниш?

    Ер-чи? Мунисгина, азиз она Ер,

    Қаерда жойлашган, айланар қандай?                                                

    Бир сиқим тупроқда қанча-қанча сир,

    Ундан майса унар тирик бир жондай.

    Баҳайбат тоғ баъзан солади даҳшат,

    Қандай пайдо бўлган, чиққанми ўсиб?

    Уммонлар қутуриб қўпганда ваҳшат,

    Ҳаттоки Қуёшни қўяди тўсиб.

    Нақадар қудрат бу, қандайин санъат –

    Чумоли иш қилар, Сайёра рақсда.

    Юлдузлар қуламас осмонда тунаб,

    Кун-тун алмашинар янглишмай баҳсда.

    Яна қанча-қанча саволлар пойдор,

    Безовта ақлнинг тинмас дарёси.

    Бу юрак жонсарак, ошиқ ва бедор,

    Уни мажнун қилган илм зиёси.

    Қаранг, тараққиёт авж бир замонда

    Буларни билмоқлик кўп оғир юмуш.

    Ўша қадим давр, эс-эс туманда

    Оламни фаҳм этган инсонга олқиш!

     

    Олам деса бизлар гоҳида одам,

    Гоҳида кўнгиллар нуқсин ўйлаймиз.

    Нари борса, юртлар, эллар, гоҳи дам

    Куррамизни “олам” дея сўйлаймиз.

    Олим-чи? О, аллома, даҳо олами!..

    Бепоён тафаккур дунёси қандай?

    Беруний олами – қуёш чамани,

    Гулзорда гуллар ҳам улардан камдай.

    Борлиқ чинор бўлса, сайёралар барг,

    Ҳадсиз ва саноқсиз барқ уриб турган,

    Бундай дарахтларнинг хиёбонини

    Кўзининг учида бехато кўрган.

    Олим оламининг тангадек жойи

    Миллиард юлдузларга безавол ошён.

    Шунга монанд чексиз Қамари – Ойи,

    Шундай маҳобатни кўрди у аён.

    Яхлит эди булар бари, коинот

    Унинг кўз олдида ётар ястаниб.

    Тафаккур кучига етишиб имдод,

    Буларда оламни олди у таниб.

    Илм-фан муқаддас, гўзал маъбуда,

    Унинг хаёлини буткул қилган банд.

    Малакка етмоқлик иштиёқида,

    Аллома нафсига ташлади каманд.                                                   

    Ўқийди, уқади чекиб риёзат,

    Умрнинг лаззати шу унинг учун.

    Уйқу ва овқатга чегаралаб вақт,

    Тажриба, билмоққа сарфлар зеҳн кучин.

    Буюк мақсадларга лозим чўнг қанот,

    Ахир манзил узоқ, балки кўп хатар.

    Қудратли кишилар бошида сабот,

    Қувват бермоқликнинг шарафи ётар.

    Хоразмшоҳ Маъмун юртга қайтмоққа

    Рухсат берди, бу ҳол олқишга лойиқ.

    Улуғ мақсадда ҳақ сўзни айтмоққа

    Йирик тажриба ва тадқиқот тўлиқ

    Лозимдир, бу учун асбоб-ускуна,

    Ўз-ўзидан ақча кўп керак яна.

     

    Аллома шуларга эди интизор,

    Шу боис тортарди машаққат, озор.

    Бермади Маъмун бу ишларга рўйхуш,

    Илмсиз ҳам вақтим ўта берар хуш,

    Деган чўлтоқ хаёл олди бошини;

    Юртдан олиб кетди тилло бошини

    Аллома Журжонга илм йўлида

    Юрагида Оллоҳ, қалам қўлида.

     

     

                                                    

      Ким учса саъй-жаҳд қилмай шуҳратга,

      Карам либосига кўзи бўлса оч,

      Ғафлат соясида шод бўлур аммо,

      Шараф кийимисиз қолар яланғоч.

                                                       

                                                        Абу Райҳон Беруний

     

                         1000 – 1004 йиллар

     

    Бунда амир Қобус ибн Вашмгир

    Ҳукмронлик қилиб сўрар эди тахт.

    Олимни кўрмоққа қилмай кўп сабр,

    Чорлади саройга ўтказмай ҳеч вақт.

     

    Навқирон олимга берди уй, ғулом,

    Маош тайинлади мунажжим дея.

    Бу вақтга келиб қозонганди ном,

    Беруний – фан аро порлоқ бир зиё.

                                                                                                     

    Илмий ишга шўнғиб кетди ёш олим,

    Янги дўстлар топди, умр файзиёб.

    Доим бўлганидек қибласи илм,

    Тириклик булоғи, удир чашми об.

    Йирик лашкарбоши эди ибн Рустам,

    Юксалтди беқиёс дўстлик уларни.

    Дўстларда бор эди ягона истак:

    Мазмунли ўтказмоқ қайтмас кунларни.

    Монийлик ҳақида Марзубон ибн

    Рустам Берунийга сунди маълумот.

    Сомонийлар даврин қолдирмай тугун

    Баён қилиб берди ойдин, бежумбоқ.

    Ёш олим дўстининг фалакиёту

    Табииёт бўйича сўроқларига

    Жавоб айтди айлаб сабоқдан ортиқ,

    Олтин зирак қилиб қулоқларига.

     

    Унга нисор қилди сўнгра бир асар,

    Ичига зикр этиб ошно исмини.

    “Астрономия калити” гўё олтин,зар,

    Кўз-кўз қилди фалак фанин ҳуснини.

    Китоб машҳур бўлиб кетди бир зумда,

    Зўр асар яралди илми нужумда.

    Амир Қобус учун илмий қўлланма –

    Устурлоб ҳақида асарин ёзди.

    Яратди лойиҳа, янги қурилма –

    Бу фан оламида ўктам овоздир.

    Кун-кун ўсаверди салоҳияти,

    Дам сайин юксалиб борди нияти.

     

    Ниятга яраша буюк бир китоб –

    “Ал-асар ал боқия”23 келди дунёга,

    “Ёдгорликлар” бўлди тамом янги боб

    Чек қўйди тарихда кўплаб рўёга.

    Дунё яратилган замондан тортиб,

    Ўзи турган давр таҳлили тугал.

    Тақвим, солномалар, ҳисобу-тартиб,

    Буюк тадқиқотда қилинди сайқал.

     

    Бу тўнғич, энг йирик, ҳамда шоҳ асар,

    Унга тенг келгувчи бирон бир китоб

    Битилмади фанда шу кунга қадар,24

    У дурдона қомус, китобмас, офтоб!

    Офтоб, сонсиз халқлар тарихин ёруғ

    Айлаб машҳур қилди бутун дунёга.

    Европа ҳам билим олди кўп улуғ

    Минглаб олимларин бошлаб зиёга.

    Уни ўргандилар – мағзи нақ олтин,

    Олмосларни териб хушдирлар чандон.

    Йиғиб олганларин яшириб олдин,

    У ғазналар ғариб, дедилар хандон.

    Кейинчалик қалби уйғоқ авлодлар,

    Тан олдилар, не чоғ буюк бу даҳо!

    Ҳатто қуёш юзин тўсган булутлар

    Тарқалмас эканлар минг йиллаб гоҳо...

    Шу кунда, айни шу замонда эса,

    Бу асар салмоғи аён баралла,

    Дунёдаги барча ҳикмат тортилса,

    Тоши бир паллада, удир бир палла!

    Журжон даҳо учун қутлуғ, хуш макон

    Бўлди зафарларга тўла ошиён.

    Шунда битди яна ўн беш чўнг асар,

    Илм маъбадига зийнат қўшган зар.

     

    Фалак вафосиздир, ишлари чигал,

    Олчи турмагандек ошиқ ҳар доим.

    Қобус талаб қилди: Беруний тугал

    Ҳар куни саройда турмоғи қоим

    Йиғиштириб қўйиб илму-фанини...

    Ундан кўра афзал олса жонини,

    Дея аллома кўп чекди қайғулар,

    Энди нима қилар, қайга бош урар?

     

    Менга вазир бўл, деб қилар қисталанг,25

    Олимнинг аҳволи жуда, жуда танг.

    “Илмга хиёнат қилмоқ?.. Мумкинмас!

    Алишмасман уни ҳеч бир нарсага,

    Ҳатто тожу-тахтга. Мол-дунё чинмас,

    Ҳақиқат – илмда, илмга эга

    Бўлмоқ ҳар нарсадан олий саодат,

    Фақат ҳақиқатга қилгум ибодат!”

     

    Ғазаб отин минди ибн Вашмгир,

    Подшоҳларга қарши борми ҳеч тадбир?..

     

    Шу қалтис паллада нажот юлдузи

    Устоз ибн Ироқ мактуби, сўзи,

    Мактубда дебдики, кутмоқда сени

    Хоразмшоҳ Али ибн Муҳаммад,

    Саргардонлик етар! Тинглагил мени,

    Ўғлим, юртимизга, бағримизга қайт!

     

                                                                                                                             

    Ҳакимлар ва олимлар ахлоқидан таълим олиш яхши хулқни тиргизади, ёмон хулқни ўлдиради.

                      Абу Райҳон Беруний

     

                      1004 – 1017 йиллар

     

     

    Айни комилликнинг хуш палласида,

    Навқирон етуклик авжи нуқтаси

    Ўттиз бир ёшида юртга қасида

    Куйлаб турган юрак шавкатли саси

    Янгради Хоразм қайноқ тўшида,

    Юрак дукурлаши, соғинч жўшида.

    Бу ёруғ дунёда аллома учун

    Жуфт хилқат муқаддас: илм ва Ватан.

    Унутмади ҳеч вақт фарзандлик бурчин,

    Юрти ва илмига жаҳон берди тан.

    Риёзатлар чекиб илм йўлида,

    Юртин улуғлади мудом дилида.

    Заковат боғининг бўлди боғбони,

    Шу билан таратди юртининг шонин.

    Беруний Гурганжга кириб келди шод,

    Ватан дийдоридан кўнгли қуш бўлиб,

    Устоз ибн Ироқ дили ҳам обод,

    Мусофирлик гўё қолди туш бўлиб.

     

    Хоразмшоҳ кутиб олди хуш, хуррам,

    Беҳад илтифотлар айлаб олимга,

    Гурганжга тўпланмиш алломалар жам,

    Илмий изланишлар тўхтамас зумга.

    Бунда пойидордир етук машварат,

    “Мажлиси уламо” – закийлар кони.

    Фанда жаҳоншумул топди-ку шараф –

    “Маъмун академияси” – мақоми.

    Дўсти ибн Сино ёруғ дийдори

    Шу дорилфунунда бўлди муяссар.

    Икки даҳо, қўша илм шунқори,

    Бири олмос бўлса, бириси гавҳар.

    Тарихда кам учрар бундайин ҳолат:

    Жаҳоннинг энг буюк икки даҳоси

    Бир вақтда бир жойда бўлмоғи йиллаб!

    Бирга юксалтириб дунё закосин!

    Ҳа, бу улар учун тенгсиз иноят,

    Тақдирнинг беназир мурувватидир,

    Забти бир бўронлар тенгдирлар фақат,

    Улар бир-бирига жон қувватидир.

    Бу мажлисда яна кўплаб етуклар:

    Абу Саҳл Масиҳий, Устоз ибн Ироқ,

    Ибн Хаммор, Абу Маҳмуд Хўжандий,

    Исмоил ас-Саолибий каби нур, чироқ,

    Ёруғ юлдузлари порларди шоён,

    Билим бўстонини ёритиб аён.

    Уларга бош эди Беруний – Қуёш,26

    Жаҳлу-жаҳолатнинг зулмин айлаб фош.

     

    Саодатли кунлар топдими барҳам,

    Якуни бўлгандек ҳар нарсанинг ҳам...

    Элчилар жўнатмиш Ғазна султони,

    Бўлмоғи лозиммиш Ғазна макони

    Олим-уламою шонли мажлиснинг:

    “Ихтиёринг бир-ла берақол изнинг,

    Йўқса, “Мажлис”ингни олиб кетурман,

    Гурганжга, албатта, ўзим етурман!”

     

    Хоразмшоҳ қолди оғир қайғуда,

    Султон сўзин сочмас ҳеч вақт беҳуда...

     

    Ҳаким Ибн Сино барчадан ғамнок,

    Келажакни ўйлаб юраги чок-чок.

    Чунки эди шиа унинг мазҳаби,

    Маҳмуд аямасди ундайларни ҳеч,

    Агар қондирилса унинг талаби,

    Ҳозиқ учун қазо қилинмайди кеч...

    Шўрлик ибн Сино кетди Журжонга –

    Балки қолар жони соғда, омонда.

     

    Масиҳий устоз ҳам бирга у билан

    Йўлга чиққан эди, ҳайҳот, берди жон –

    Кекса вужуд жабр, зулм ила ҳамдам,

    Улфат бўлолмади, тутолмади жом...

     

    Гурганжда “Мажлиси уламо” учун,

    Ибн Сино машҳур “Тиб қонунлари”

    Ва бошқа дурдона битиклар даржин

    Ўлмас қилиб ўйган шонли кунлари,

    Дунё фанларига бўлолди  иқбол,

    Унда ечим топди миллионлаб савол.

     

    Берунийга атаб устоз Масиҳий

    Ёзганди ўн икки нодир рисола.

    Фанларни янгратди мисоли бир куй,

    У эди авж билан оққан шалола.

     

    Бу мажлис довруғи дунёга кетди,

    Сарҳадлардан ошди, кўкларга етди.

    Аллома Беруний юксалди баравж,

    “Илм уммонида ягона қоя.”

    Жаҳон саройининг пештоқида ганж,

    Жило сайқалидан чекинди соя.

    Тафаккур кучи-ла ўлчади... – Курра

    Айлана узунин, бу не каромат!

    Хатти нисбий наҳор27 бир даражаси

    Узунлигин топиб қалби ушбу вақт

    Тафтини босгандай бўлди бирмунча –

    Ечилди дилида кичик тугунча.

    Йирик муаммолар ечар у ҳали,

    Зеҳнида бу учун қувват етарли.

     

    Шоҳ Маъмун фозилу одил ва хушфеъл,

    Илм аҳлига ғамхўр, меҳрибон беҳад.

    Эзгу хизматларга маҳкам боғлаб бел,

    Хоразм шонига қўшди кўп шавкат.

    Машҳур бўлди атроф, томонга тўртта,

    Академия номи борган ҳар юртда.

     

    Шонли академия қолмади ноком,

    Унга янги ҳаёт берди Юртбошим,

    Тарихда сақланиб қолди ушбу ном,

    Маъмун номи янграр юз йиллар ошиб.

     

    Эзгулик вақт оша топади сайқал,

    Яхшиларга қўяр мангулик ҳайкал!

     

     

    Тенглик ҳукм сурган жойда сотқинлик, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.

                                          Абу Райҳон Беруний

     

     

    Сенга бир ҳикоя сўзлай, замондош,

    Қутлуғ йўлдошлигинг, тоқатинг ҳаққи.

    Таҳсинга лойиқдур сендаги бардош,

    Дерлар-ку, олтиндур сабрнинг ҳақи.

     

    Бир кун Абул Аббос, Хоразм шоҳи,28

    Ўзи келди даҳо остонасига.

    Аллома шоҳ учун илм илоҳи

    Каби улуғ бир зот. Замонасига,

    Юртига у янглиғ шараф сочган йўқ,

    Кўксида яхшилик оташидан чўғ.

     

    Олим ҳаяллади, улуғ ҳукмдор

    Юз буриб кетмасдан тарк қилиб мангу,

    Отдан тушмоқ бўлди айлай деб изҳор

    Инжа суҳбатини қилганин орзу.

    Шу вақт Абу Райҳон чиқди шошилиб,

    Не кўз-ла кўрсин: шоҳ энмоқда ерга!

     

    Тупроқ ўпиб даҳо, қалбини тилиб,

    Худо ҳақи, бундай қилмангиз, дея

    Кўзларида зоҳир буюк илтижо,

    Юзларидан ёғар мафтункор зиё.

     

    “Эга бўлмоқ мумкин  нарсалар аро

    Илмдир энг улуғ, энг шарафлиси.

    Илмсиз бу олам, кенг жаҳон қаро,

    Шоҳман, лекин унинг ғариб мухлиси.

    Барча унга қараб боради, аммо,

    У келмайди ўзи излаб кимнидир.

    Сени истаб келдим шу сабаб Даҳо,

    Хоҳла қабул айла, хоҳла бўйсундир –

    Дилим ҳикматингга эгади бўйин,

    Фақат илм боқий, дунё бир ўйин!..”

     

    Ҳа, азиз юртдошим, шаҳар ёнида

    Ғариб қишлоқдаги оддий отанинг

    Илм булоқлари ўйнаб қонида

    Улғайган боласи дунё гулшани,

    Олам чаманида ўзи бир бўстон –

    Жаннатдан Худойим кўчирган Райҳон!

     

    Дунёларни  уйғотган  даҳо (достон) 3-бўлим

     

    Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.


    Bilim All » Gu'rrin'ler bo'limi | 29-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 1896 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

    Тарих тасбеҳининг дурлари мисол Сочилган қалъалар минглаб мўъжиза. Қумларга кўмилган қуёшга тимсол, Ё тоғлар бағрида ётган феруза. Сирларингиз бир-бир оламан уқиб, Кўзимда иштиёқ,...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

      Қонимда мавж урар оловли ҳислар. Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр, Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр, Идроким тарихдан бир хилқат излар! Олтин сатрларга олмос ҳарф билан...

    “Aydın” intellektual turnirinin’ II reyting oyınlarının ...

    “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı baslang’ısh sho’lkemi janında du’zilgen “Ziyalı jaslar” intellektual klubı ta’repinen sho’lkemlestirilgen...











 English Time


Login:
Parol:
«    Dekabr 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.