Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

    Улуғликнинг бош белгиси она юртни севишдир.

                                                                  

    Абу Райҳон Беруний

     

    Қонимда мавж урар оловли ҳислар.

    Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр,

    Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр,

    Идроким тарихдан бир хилқат излар!

    Олтин сатрларга олмос ҳарф билан

    Битилган донгдор ном ёритди тунни.

    Юрагимда титроқ, томиримда шаън –

    Ўқидим, фахр этдим, топдим мен уни!

    Беруний! биз эшитган, етмаган сарҳад,

    Даҳоси кўламин қамролмас шуур.

    Олдида уммонлар ўзин қилар рад,

    Кун ҳам сўнар балки, зако – сўнмас нур.

     

    Тарихни танимоқ – ўзни танимоқ,

    Бунга йўл бермади мустабид девор.

    Пайпасландик – сўник офтоб, қаро роҳ...

    Марсия ўқидик сенга номус, ор...

    Яллиғланиб борди муттасил яра,

    Емирмоқ қасдида миллат юрагин.

    Халқнинг гулларини истибдод тарам

    Чопди чопқиларда мағзин, сарагин.

    Лекин ҳақиқат бор, олам сарвари,

    Ҳақ бор-ку, ноҳақлик устидан ғолиб.

    Қутлуғ бир айёмда бошда гавҳари,

    Ҳумо учиб келди ҳурликни олиб.

    Асрларнинг занги ўтирган ғуллар

    Емрилди, узилди банди-бандидан.

    Миллат юрагида ниш урди гуллар,

    Тотлироқ нима бор ҳурлик қандидан?

     

    Шундан сўнг очилди тенгсиз имконлар,

    Халқни етаклади Доно Раҳнамо.

     

    Озодлик, ҳурликни истаган жонлар,

    Дедилар:” У Худо берган Чин Даҳо!”

     

    Бунёдкорлик бўлди миллат аъмоли,

    Сен ҳам жабҳаларда турдинг, замондош!

    Шу буюк даврда бўлолдинг ғолиб,

    Қучган марраларинг қуёшга ёндош!

    Не бахт, бунёд қилдинг, қурдинг, яратдинг,

    Ушалди боболар орзу, армони.

    “Ўзига бек” номинг мағрур таратдинг,

    Ўзингсан давримиз чўнг қаҳрамони!

     

    Мен ҳам шу замоннинг бир бахтли қизи,

    Ютуқларга улуш қўшмоқ истайман.

    Қаламимни ўтли сатрлар тизиб,

    Хизматда турмоққа шайлаб, қистайман.

    Тарихни ахтариб, излаб, варақлаб

    Топган хазинамни илинай сенга.

    Агар қалбинг ногоҳ кетса чарақлаб,

    Бундан ортиқ бахт ва толе йўқ менга!

     

     

    Бахтга эришиш мақсадида бирлашган кишилар жамоаси фазилатли жамоадир. Бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган халқ фазилатли халқдир.

                                                                        Форобий

     

    Бир хабар таралди – хабарки, ранж, дард,

    Қалб ва вужудларни увиштиргувчи...

    Уни кўтаргувчи борми бирор мард,

    Борми қаршисида адл тургувчи?

    Даҳо зот, дунёга илм таратган,

    Зиёси ёритган бутун Ер шарин,

    Юзлаб фан асосин қурган, яратган,

    Беруний марқади ётармиш ғариб1...

    Ётармиш хароба, афтода ва хор...

    Коинот ўз сирин ишонган бир зот.

    Бўлганмикан Қуёш бундан хабардор?!

    Юлдузлар бу ҳолга кўнганлар, наҳот?!

    Ахир унинг дўсти эди коинот,

    Ишончли маҳрами турфа оламлар.

    Учқур заковати нурларга қанот,

    Мажлиси юлдузлар – раққос санамлар.

    Бу хабар таралди телеэфирдан,

    Беруний2 элининг қаддини букиб.                                                                

    Суяк чатнаб, олов чиқди томирдан,

    Юртнинг тоғлари ҳам қолгандек чўкиб...

     

    Лекин юракда қон қўярми шундай,

    Аждодлар эккан жон турарми чидаб?

    Уч юз олтмиш томир ичра яшиндай

    Портлади бир туйғу аралаш чўнг дард.

    Султон суягини хўрламас дерлар,

    Бобомиз хокининг эгасимиз биз,

    Дея қўзғолдилар мардона эрлар –

    Тупроқни титратди минг йиллик илдиз!

     

    Барча ўтинчлари, фикрларини

    Халқ тумордек битиб тўкди тафтини.

    Юртбошимиз эл дард, зикрларини

    Тинглади. Ўқиди ўтинч хатини.

     

     

    Ният улуғ бўлсин, шунга яраша меҳнат ҳам.

                                   Абу Райҳон Беруний                                              

     

    1997йил 18 декабрь

     

    Йил бир минг тўққиз юз тўқсон еттинчи,

    Сана ўн саккизу, декабрь ойи.

    Ҳаққа етиб борди халқнинг ўтинчи,

    Дийдор-ла ёришди кўнгил саройи.

    Қалбларда долғалар, юракларда қўр,

    Ҳаяжон, ифтихор ҳар бир заррада.

    Ҳурлик қўшиғига қалблар бўлди жўр,

     Битди диллардаги қонли яра-да.

    Аллома элига келганди кириб,3

    Минг йил керак бўлди юртга қайтмоққа.

    Мангулик қаддини ростлади туриб,                                                            

    Ўткинчи замонга ҳукмин айтмоққа.

    Даҳони улғайтган кўчаларда халқ

    Дарёдек қўзғолди, денгиздек балқди.

    Қудратли тўлқиннинг елкасида нақ

    Муқаддас хок олтин кемадек қалқди.

    Етмиш ёш оталар кумуш соқолин

    Ювди қадр топган меҳр олмоси.

    Ўктам йигитларнинг кўксида ёлин,4

    Кўзида ифтихор, қалбда ихлоси.

    Халқ билан юртини тавоф қилди у,

    Минг йиллик сафардан қайтган мард фарзанд.

    Ватанин шаънини шарафга мангу,

    Номин боқийликка буркаган абад.

    Қалъалар уйғонди,манзиллар бедор,

    Ҳар тошда жонланиш, қўпди ҳаяжон.

    Йигитчалар ўсган, ори тик минор,

    Қизчалар ғурури кўз етмас осмон.

    Ватан ҳиссин туйди мурғак юраклар,

    Фарзандлик имкони мўйсафидларда –

    “Бобо!” деб талпинди жажжи чечаклар,

    “Ота” сўзи таскин асрий тутларда.

     

    Шу кун сел қўзғолди шан кўчаларда,

    Жайҳуннинг долғаси мисоли сурур,

    Уммон янглиғ тўлқин отди зафарда

    Ҳар бир Берунийлик қалбида ғурур.

    Табаррук тобутни бир бор тутмоқлик,

    Мангулик эшигин тутмоқлик эди.

    Тикланган миллатнинг шаънин байроқдек

    Авлодлар кўксига тикмоқлик эди.

     

    Халқ уммон, уммонки, йўқдир сарҳади,

    Тўлқинлар ошади тобут нақ ялов.

    Кимнинг дасти етди, кимдир етмади,

    Одамлар ичига қамалди олов.

    Шу дам бир ўт фиғон – Ерданми, Кўкдан,

    Тилди юракларни, най нолишими?

    Нидо қайдан келар?! Нафаслар чўғдан –

    Чирқиллаб чарх урган ё дил қушими?

    Сўнг кўриб қолдилар – йиғлар бир бола,

    Жажжи қўлчаларин чўзиб тобутга...

    Унинг талпиниши, ундаги нола

    Шиддаткор даврани кўмди сукутга.

    Болакай йиғларди “Бобо!” деб, “жон!” деб,

    Жажжи юрагида асов ҳаяжон.

    Қандай куч қалбига, руҳига бирдек

    Митти вужудига сололган исён?

    Бу не сир, куртакдек жимит инсонни

    Шу қадар ўтларда, оловда ёққан?

    Қай ҳис капалакдек беқайғу жоннинг

    Кўксида ғам-алам довулин қоққан?

    Катталар тушунар, билар Даҳони,

    Унинг кимлигию, буюк ишларин.

    Бу мурғак вужуднинг барг янглиғ жони,

    Билмас-ку айрилиқ, фурқат қишларин?

    Қай қудрат данакдек юракчасига

    Қуёлган воқеа моҳиятини?

    Қай ҳикмат куч бериб кўнгил сасига,

    Англатган халқининг ўй-ниятини?

    Ҳодиса мағзини чақмайди ҳали,

    Унинг маҳобатин англамас митти.

    Фақат томирига ҳаёт тизгали,

    Қонида нелардир қўзғолиб кетди.

    Халқда буни дерлар “Тортди томири”,

    Минг йиллик томиринг тортдими урён?

    Бу Қодир Эгамнинг буюк бир сири,

    Митти юракчангни айлаган гирён.

    Кимдир сергак тортиб деди шу онлар:

    “Бу кимнинг боласи, кўзин қораси?”

    Эй азиз, эй жоним ҳазрат инсонлар,

    Ахир Берунийнинг у набираси!!

     

    Одамлар чарх урар хок атрофида,

    Қўллари етмасдан йиғлар кимлардир...

    Шунда уламолар уйғун сафида

    Бир сирли машварат бўлди-ку содир.

    Улар эсладилар қадим удумни –

    Халқни ниятига етказмоқ тилак.

    Сўнг эълон қилдилар ноёб ҳукмни:

    Тобутга ип тақмоқ, боғламоқ керак.

    Икки тарафдан ҳам йигирма метр,

    Боғланди деярли қирқ қулоч арқон.

    Шу арқонни ушлаб изиллар кимдир,

    Кимдир шу риштага боғлагудек жон...

    Уловлар тўхтади борки йўлларда,

    Шу кун бутун шаҳар пойи-пиёда

    Ташлаб тирикчилик ташвишларини

    Бобо билан кезди мангу дунёда!

     

    Аллома Ватани бағрида! Даҳо

    Курра билан кўкда мағрур урар чарх.

    Бирор халқ кўксида бу қадар сафо

    Кўрмаганди чархи даврон бўлиб чарх!

     

    Мустақиллик сабаб бундай давронлар,

    Эрк ва ҳурлик боис бундай толе, тахт.

    Мустақил Ватанда қолмас армонлар,

    Миллат манглайида ҳурлик – порлоқ бахт.

     

    Ғазнада мусофир юрганда бобом,

    Орзу қилган эди ушбу кунларни

    Зўрлик ва зулмнинг бўлишин тамом

    Истаб таратганди мунгли унларни:

    “Кундадаёқ қуш талаган эт каби

    Кун кўраман, Ғазна эрур маконим.

    Ўхшаши йўқ бир даврага йўлиқдим,

    Бу даврадан сақла элни, Раҳмоним”...5

     

    Қўлма-қўл айланди муқаддас бу хок,

    Туққан юрт бағрида сайрона бўлиб.

    Тарих ишларига гувоҳ Ер, Афлок,

    Тақдир ишларига ҳайрона тўлиб,

    Кўрди : бу ўзбекнинг ғалабасидир,

    Мустақиллик берган ҳур нафасидир!

    Ўйласам, мени ҳам чулғар ифтихор –

    Яна қайси халқда шундай даҳо бор!

     

     

    Қадимий тарихларнинг энг аввлгиси ва энг    машҳури башариятнинг бошланишидир               

                                                                        Абу Райҳон Беруний

     

    Ватаним тарихи олисдан-олис,

    Шукур,унга томон юриш бошланди.

    Бу тарихни тўсган, яширган изсиз

    Қизил, зил деворлар олиб ташланди.

    Қадим маънавият, юксак тафаккур,

    Маънавий меросу олий тамаддун

    Ворисилигимиз тутилганди сир,

    Мустақиллик боис парчаланди тун.

     

    Кун чиқди бугунни, келажакни ҳам

    Ёруғ нурга белаб ҳатто ўтмишни.

    Ҳурлик қуёшидан баҳраманд ўлкам,

    Бахтлидир шарафлаб илму юмушни.

    Бизлар кўп ўқидик – истадик илм,

    Дарсликлардан ҳақни излаб неча қур.

    Барча соҳаларда: бу санъат, билим,

    Бу тарих, шеърият, зеҳн, тафаккур

    Борки йўналишда бизлар – “ёввойи”,

    Ёт эллар – тамаддун таваллуд жойи.

    Ишондик бу “илмий ҳақиқатларга”,

    Миллатлар, авлодлар фожеси шудир:

    Сиғиндик кўксимиз ситган зотларга,

    Яшадик безабон, беишқ, беқадр.

    Яшадик ўтмишсиз, тарихсиз, беном,

    Отаси исмини билмаган касдек.

    Эмган сути таъмин туймаган ноком,

    Оққан дарёсини унутган хасдек.

     

    Мустақиллик чиқди юрт осмонига,

    Қуёшда ҳам йўқдир бундайин ёниш.

    Ўт солди ҳар юрак қатра қонига,

    Бошланди қалбларда БУЮК УЙҒОНИШ!

     

     

    Улуғ ҳодисалар ҳар вақт юз беравермайди; агар бир даврда юз берса, ундан кейинги кишиларга асрлар ва узоқ замон ўтгач, тарихлар ва бу тарихларнинг бир-бирига уланиши билан етиб келади.

                                                Абу Райҳон Беруний

     

    Қадимги аждодлар ноёб мероси

    “Авесто”6 муқаддас, энг тоза булоқ.

    Фалсафаю тарих, илм дунёси

    Аро бундай манба ягона порлоқ.

    “Авесто” – орийлар ўлмас битиги,

    Машҳур аждодлардан буюк обида.

    Унда билимларнинг мағзи, илиги,

    Коинот ва Ерга тенгсиз қасида.

    Башар тарихида илк ёзма китоб,

    Юзлаб фан асосин тамал тошидир.

    Аристотель, Геродот, Плутарх, Цицерон

    Даҳоси сув ичган булоқ бошидир.

    Дурдона бу битик Қуёш ва Олам,

    Туғилиш ва ўлим, борлиқ, коинот,

    Самовий ёритгич, зарра ва одам,

    Ўсимлик ва олов ҳақида баёт.

     

    Осмон жисмлари, Ер шамойили,

    Улар ҳаракати ҳамда таъсирин

    Ўрганиб, ҳисоблаб куну, ой, йилин

    Бенуқсон тақвимнинг7 топдилар сирин.

    Аждодлар даҳоси таърифига лол

    Бўлиб қолар ожиз, нўноқ бу тилим.

    Юнон, Ҳинд, Европа уйғонмай аввал

    Улар яратганлар бемисл билим.

    Уч минг йиллар аввал расадхонада8

    Тафаккур тоғида чекиб риёзат,

    Мураккаб ҳисоблар, формула ишқин

    Қалбига жо айлаб, қилган ибодат

    Забардаст олимлар бўлгани ҳақ-рост,

    Кимларга малолдир ҳақ сўзлар бироз.

    Ҳақиқат эса шу: нодир “Авесто”

    Дунёвий тамаддун илк, бош асоси.

    Удир ҳатто юнонларга чин устоз,

    Тафаккур бешиги, олам зиёси!

     

    Бу ўлмас таълимот гавҳар-мардуми –

    Орийлар9 бизларнинг бобокалонлар.

    Фозиллик Фарҳоди, илм Мажнуни,

    Дурлари бебаҳо илмий уммонлар.

    Қуйи Амударё, Жайҳун ўнг соҳил,

    Қадимги Хоразм 10  уларга ватан.

    Рубъи маскун аро беназир оқил,

    Дунё тамаддунин отаси, зотан,

    Ушбу нурли манзил, муқаддас юртда

    Кейинги минг йиллар, асрларда ҳам,

    Забардаст олиму фозиллар ўтди,

    Барча соҳаларда бўлиб пешқадам.

    Илк ўрта асрлар илм-фанида

    Дунёвий тамаддун марказидир Кот.

    Шу макон бағрида, унинг ёнида

    Даҳосига таҳсин айтган коинот

    Беруний туғилди, тасодифмас бу,

    Онага муносиб ўғлон эди У!

     

    Дунда бежиз содир эмас ҳеч нарса,

    Ҳар бир ҳодисанинг ўз сабаби бор.

    Аниқ жараёнлар маҳсули майса,

    Қуёшлар, юлдузлар фалакда пойдор

    Бўлганлар муайян ҳисоб-китобда,

    Боиси бор нурнинг ҳатто Офтобда!

     

     

    Бизнинг замонимизда мавжуд бўлган барча илм, ўша тасвирланган даврлардагина бўлган қадимги замон билимларининг қолдиқлари ва оқаваларидир.

     

                                             Абу Райҳон Беруний

     

     

    Эй онам, ватаним, кўп сенда ғоят

    Ноёб истеъдоду, кўп комил зот-да.

    Лекин бундай буюк, тенгсиз заковат

    Дунёга бир келди муборак Котда!

    Кот!  Хоразм шоҳлари қудрати рамзи,

    Ҳурлик қўрғонидир аждодлар қурган.

    Узоқ етти юз йил Қанғ зулмин эгиб,

    Мустақиллик бахти, сафосин сурган.

    Уч юз бешинчи йил эркка етиб шод,

    Башар тарихига изин сололган.

    Маърифат нури-ла оламни обод

    Айлаб илм қасрида мангу қололган.

    Кўркам шаҳар эди Шарқда дурдона,

    Фаровон ва обод, гўзал, файзиёб.

    Унга ҳайрат қилар эди замона,

    Бетакрор кўшклари бор эди ноёб.

    Гавжум бозорларни турфа эллардан

    Келган савдогарлар обод қилар боз.

    Моллар бир ён, бир ён турфа тилларда

    Битилган китоблар савдоси хўп соз.

     

    Маърифат излаган кўп қалблар даво,

    Топарди улардан ҳаётбахш наво.

     

    Шарқий Европа-ю Булғор юртлари,

    Эрону Бухоро, Самарқанд, нари –

    Ҳиндистону Хитой савдо йўллари

    Кесишган чорраҳа Қадимий Котдир,

    Илм, маданият у-ла ободдир.

    Шу юртда туғилган бу закий ўғлон

    Даҳоси олдида бош эгди жаҳон!

     

    Бунда замонасин забардастлари

    Олимлар сузганлар илм уммонида.

    Изланиш ва меҳнат чин улфатлари,

    Олам тадқиқотдир ғаладонида.

    Котда “Уламолар мажлиси” пойдор,11

    Африғий ҳукмдор ундан баҳраманд.

    Фанда не тугун бор, қандайин асрор,

    Барчасин ечдилар улар бандма-банд.

    Ушбу чаманзорнинг энг нодир гули

    Абу Наср Мансур ибн Ироқдир.

    Африғшоҳ авлодин закий вакили,                                       

    Илм саройида гўё чироқдир.12

     

    Шу замин муҳити куч бериб, илло

    Бежиз етилмади бемисл даҳо!

     

    Дунёларни   уйғотган    даҳо (достон) 1-бўлим

     

    Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.

     


    Bilim All » Gu'rrin'ler bo'limi | 29-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 1755 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!
    +3





 English Time


Login:
Parol:
«    Noyabr 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.