Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

    Абу Райҳон Беруний илк ўрта асрлар олимларининг буюгидир. Қадимги Шарқнинг энг порлоқ маданиятидан бири бўлган Хоразм маданиятининг минг йиллик тарихи унда мужассамлашган.

     

                                 С.П.Толстов

     

    Тарих тасбеҳининг дурлари мисол

    Сочилган қалъалар минглаб мўъжиза.

    Қумларга кўмилган қуёшга тимсол,

    Ё тоғлар бағрида ётган феруза.

    Сирларингиз бир-бир оламан уқиб,

    Кўзимда иштиёқ, ихлос – заррабин.

    Истиқлол туфайли олмоққа ўқиб

    Имконлар очилди коинот каби.

     

    Бу қадим Хоразм – ҳар бир қадамда,

    Пирлару валилар хоклари ётган.

    Элликмас, юз эмас, минглаб қалъамда

    Тамаддун, тафаккур тонглари отган.

     

    Уйғониш даврининг сўнмас қуёши,

    Шу юрт кўп илмлар илк тамал тоши.

     

    Эй мангу қалъалар, қиламан тавоф,

    Эзгу ниятимга беринг куч, илҳом.

    Биламан, сизларда энг тўғри жавоб,

    Сиру-синоатлар ётибди ниҳон!

    Сен ҳам замондошим, тутгин қўлимдан,

    Эзгу сафаримда бўлгин йўлдошим.

    Балки кўп машаққат чиқар йўлимдан,

    Енгмоққа сен билан етар бардошим.

    Беруний бобомни улғайтган Жайҳун,

    Менинг ҳам кўксимга солмоқда жунун.

    Дер: Бобонг таърифин айт мендай тўлиб,

    Мендай жўшқин бахши, мард оқин бўлиб!

     

     

    Ғарбда “Ал-Барон” деб ном олган Шарқнинг буюк мутафаккир олими Абу Райҳон Берунийнинг инсоният олдида қилган хизматлари шу қадар буюкки, унинг ёнига бошқа биронта миллатнинг вакилини қўйиб бўлмайди. У фаннинг барча соҳаларида биринчи эди. Жаҳон илм-фан тарихини Абу Райҳон Берунийнинг илмий ишларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

     

                             Франсуа Миттеран.

    20 аср. Франциянинг собиқ Президенти.

     

                               973 йил 4 сентябрь

     

    Исми Муҳаммаддир, отаси Аҳмад,

    Онасин яширар тарих кўнгли тор.

    Кунъяси – Беруний, “шаҳардан бир ҳад

    Берида туғилган” маъноси асрор.13

    Биз исмин билмаган шарафли она,

    Номи ким бўлмасин, энг буюк инсон.

    Жисмидан ундириб, бўлиб парвона,

    Дунёга беролди бетимсол жаҳон!

     

    Тўртинчи сентябрь – саодатли кун, 14

    Бахтли йил тўққиз юз етмиш учинчи.

    Улар мангуликка муҳрланди чин,

    Шу дамдан бузилди жаҳолат тинчи.

    Ёшликдан билимга ташна ўсди у,

    Зеҳну заковатда ортиқ, зиёда.

    Жажжи қалби бўлди илмга кўзгу,

    Бундай тийрак бола йўқди дунёда.

     

    Гоҳ-гоҳ ўйинқароқ, гоҳида шўхчан,

    Ҳайрат-ла кузатар эди оламни.

    Кўпинча юрарди сокин ва ўйчан,

    Назардан қочирмай зарра, шабнамни.

    Гулу-гиёҳларни севарди жуда,

    Уларнинг тилини билмоқ истарди.

    Ўт-ўланга дили эди бахшида,

    Текканди дунёни билмоқлик дарди.

     

    “Майсалар, дарахтлар унар тупроқдан,

    Демакки майса ҳам, тупроқ ҳам тирик.

    Бахт борми уларнинг сирин билмоқдан,

    Синоат бормикан ҳаётдан буюк?

    Қайда яшаяпмиз? – Ерда. У нима?

    Қаерда турибди, қандай жойлашган?

    Уни ким яратган?.. Бўлсайди зина

    Юксакка чиқардим ҳатто Қуёшдан.

    Билиб олар эдим юлдузни, Ойни

    Ушлаб кўрар эдим осмон гумбазин.

    Тортиб кўрар эдим ҳилолни – ёйни,

    Юксакдан солардим оламга разм.

    Мана, ерда туриб бўлса-да, боқсам –

    Осмон гумбаз каби, уфқ – улкан ёй.

    Қуёш –дум-думалоқ, қанийди уқсам

    Нега гоҳ думалоқ, гоҳи ярим Ой?

    Барчаси думалоқ!.. Демак, олам ҳам?..

    Нималар деяпман, теп-текис-ку ер!

    Балки у текисмас гўёки гилам?

    Олам, сиринг гўзал! Уни менга бер!”

     

     

    Яшарди бола не, кўп катталарнинг

    Миясига келмас хаёллар билан.

    Ўсиб борар эди кун-кечаларнинг

    Чархида туғилган саволлар билан.

    Бушканз15  қирларида туриб дунёни

    Истарди бус-бутун қилмоқни идрок.

    Шу митти вужудда ёнар зиёни

    Олам кутаётир – билмасди бироқ!

     

    Закий болакайнинг бой тафаккури

    Ҳаяжонга солар эди барчани.

    Бўлиб қолди Бушканз фахри-ғурури,

    Бир сўзи очарди минг битта маъни.

    Ҳатто овозаси етиб шаҳарга

    Ғойибона меҳр уйғотди шоҳда.

    У туғилган қишлоқ, туғилган ерга

    Одам юбормоқни буюрган чоғда,

    Устоз Ибн Ироқ деди: “Мен борай,

    Тушимдаги бола бўлса у зора.

    Шоҳим, бугун тонгда мен кўрдим бир туш,

    Ҳамон шундан буён хушман, бир беҳуш!”

     

     

    Асли улуғ одамларнинг барчаси билим туфайли сара ва афзал бўладилар.

     

                                                Юсуф Хос Ҳожиб

     

    Ибн Ироқ замон илмин яктоси,

    Жавоҳирлар қўшган дунё фанига.

    Ал-жабр, ҳандаса тараққиётин

    Яшнатди, маънолар қўшиб маънига.

    Шу кун Муҳаммаднинг қишлоғида у,

    Осмон жисмларин қиларди тадқиқ.

    Парвона зиёга мубтало мангу

    Бўлгандек бир бола келди, қалб – ақиқ,

    Кўз – гавҳар, гавҳарки, ёнар илм деб,

    Фан йўли – ҳақ йўли, менинг йўлим деб.

    Юзидан таралар заковат нури,

    Одобу-икромдан юрак сурури.

     

    Ибн Ироқ уни кузатди зимдан,

    Осмонда юлдузни кузатган мисол.

    Қалбига бир нолиш етди-ку Кундан:

    “Ушбу болани сен ўз бағрингга ол!

    Ҳали У мени ҳам қилади талқин,

    Ҳали У коинот шарҳин битади.

    У бешак дунёга танитар халқин,

    Ҳали Ер шаклини қўлда тутади.

    Ишон, У бўлади бемисл даҳо!”

    - “Орзуларим рўёб топади наҳот?!

    Наҳот мен кутган зот қаршимда турар?!

    Ундан Ҳақ нафаси, бўйи уфурар!” –

    Олимни чулғади орзулар сеҳри,

    Закий болакайга тушди чўнг меҳри.

     

    Бушканз тепалиги севимли ошён

    Бўлиб қолди кўнгил торларин чертган.

    Муҳаммад Устознинг олдида бир он

    Бўлса руҳи гўё муродга етган

    Каби учар эди зангор равоққа,

    Завқу шавқ бағишлаб ибн Ироққа.

     

    “Ниҳолдек вужудда азим заковат –

    Элга овозаси кетганича бор!

    Ноёб истеъдоди топса тарбият,

    Бу ниҳол бўлғуси азамат чинор!

    Ватан шарафини бутун оламга

    Таратгувчи буюк даҳо бўлажак.

    Ҳали таҳсин ўқир “Кот” деган номга,

    Бугун не, эрта не, олис келажак!

     

    Муҳаммадни албат мен олиб кетгум,

    У билан илмнинг тоқига етгум!”,

    Дея қарор қилди ибн Ироқ устоз,

    Илм хизматида содиқ бир сарбоз.

     

    Муҳаммадникига келди аҳд билан,

    Етаклашиб сўнгсиз, қутлуғ бахт билан.

    Хонадон оддий, лек гардсиз, саришта –

    Ҳовлида чарақлаб яшнар гул, райҳон,

    Бу оила аҳлин диди ҳар ишда

    Гўзаллиги шундоқ барқ урар аён.

     

    Хушчеҳра отаси, хушрўй онаси,

    Меҳмондўст, очиқ юз, хўп ширинзабон,

    Устознинг сўзларин тинглаб: “Ё насиб!

    Қани эди болам юрса илм томон,

    Ўқиса эгаллаб барча фанларни,

    Олиму уламо бўлса баркамол,

    Катта бобосининг йўлин танларди,

    Қанийди, манглайин ўпса шу иқбол!

    Афсус, ўқитмоққа етмайди қурбим,

    Бу калта қўлларим ҳар ишга урдим –

    Фақат ҳалол емоқ-ичмоққа етар,

    Топган қора чақам қозонга кетар...

    Мана, кўряпсиз-ки, жўжабир жонман,

    Фарзандларим дея фақат омонман.

    Маъзур тутинг устоз, мендек ночорни,

    Кўзлай олмагайман бу юксак дорни...

    Толибликка бермоқ учун йўқ имкон,

    Чора топсам ўзим етказгум шу он,

    Муҳаммадни олиб боргайман Котга,

    Босган изингизга бўлайин садқа!

    Бизни деб бузибсиз кўнглингиз тинчин,

    Пойингизга гулу чечаклар унсин!”,

    Деб айланди ота кўзида ёши,

    Эгилди ўкинчдан, қайғудан боши...

     

    Устоз эса деди: “ Аё, биродар,

    Ҳали бу дунёда меҳр-мурувват,

    Адолат бор ҳали шонга баробар,

    Менга Муҳаммадни берингиз фақат!

    Дунёлардан ортиқ эрур бу фарзанд,

    У сизнинг ва Котнинг нодир дилбанди.

    Менга на-да дунё, на зар, на бол-қанд

    Даркордур, мен ёлғиз илмга банди.

    Муҳаммад туғилган фақат илм учун,

    Илм олмоқлиги, ўқимоғи шарт.

    Ундаги улуғвор тафаккур кучин,

    Мен кўряпман аён, тиниқ ва бегард.

    Биродар, болангиз бўлур бетимсол

    Аллома, оламни қилгуси ишғол.

    Уни бу гўшага танғиб боғламанг,

    Нодир закосини дудда доғламанг.

    Фотиҳа берингиз – ёйсин қанотин,

    Жаҳонга танитсин Ватаннинг отин.

    У ҳали бўлажак буюк бир Даҳо,

    Она юрт шонини кўтарган дунё!

    Кўзимнинг қораси мисол сақлайин,

    Қутлуғ ишончингиз шундай оқлайин!”

     

    Отанинг кўзида порлади ёғду,

    Қўлларин дуога шодон очди у!

     

     

     “...агар фанга асосланиб бўлмаса, ундан воз кечиш                          лозим бўлар эди”.           

                                                                Абу Райҳон Беруний

     

     

    Отадан фотиҳа – рухсатин олиб,

    Устоз билан шогирд тушдилар йўлга.

    Уларда бир истак, бир тилак ғолиб:

    Илм номли энг улуғ, ёруғ манзилга

    Етмоқ истардилар ҳар недан кечиб,

    Машаққат оғусин бўлса-да ичиб.                                                                    

    Кот шаҳри илмлар нурли маскани,

    “Мажлиси Уламо” ишлар саройда.

    Олимлар қалбида зиё маҳзани,

    Бундай дорилфунун бошқа ҳеч жойда

    Бормиди оламга нурини сочган,

    Буюк Уйғонишнинг кўзини очган.

     

    Муҳаммад мадраса тупроғин ялаб,

    Ёд олди муқаддас, буюк Қуръонни.

    Қалбига илмнинг оловин қалаб,

    Ёритмоқ истади жумла жаҳонни.

    Устознинг уйида бой кутубхона,

    Бўлди Муҳаммадга интиқ, мунтазир.

    Навқирон олим ҳам бундай дурдона

    Битикларга тушди мубтало, асир.

    Устознинг табаррук хонадонида

    Котиблар турарди завқли хизматда.

    Навниҳол Муҳаммад улар ёнида

    Бўларди иш пайти ҳамроҳ албатта.

    Ҳисобу фалсафа, кўк тилсимига

    Оид рисолалар нусха қилинар.

    Ўқиб, билим қўшиб инжа илмига,

    Шогирд закосида чечаклар унар.

    Уларни ичди сув ичгандек олим,

    Таҳлилга тортмоқни ҳам олди билиб.

    Асл тадқиқотнинг тотди таъм, болин,

    Завқли риёзатдан яйради кулиб.

    Дунёдаги неки нодир китоблар,

    Устоз ғазнасида эди жамулжам.

    Раҳнамо қалбида балқиб офтоблар,

    Дарс берарди закий шогирдга хуррам.

     

    Ибн Ироқ бир кун қул бозоридан,

    Келтирди  кексайган билимдон қулни.

    Юнонча лафзию сўз, иқроридан,

    Муҳаммад ўрганиб олди шу тилни.

    Юнон олим эди беҳад нуктадон,

    Йигитча кетолмай қолди ёнидан.

    Сабоқдан чиқибоқ шошар у томон,

    Нондек лазиз сўзи илм донидан.

    Юнондан кўп билим, орттирди зиё,

    Кўплаб соҳаларда айлаб суҳбатлар,

    Ўсимликлар ўзи унга бир дунё,

    Бир Коинот янглиғ очди сифатлар.

    Уларнинг юнонча номларин ёзиб,

    Ёд олди назмнинг гўзал байтидек.

    Бўз ердан маъданни чиқарди қазиб,

    Бошга безак қилса арзигайдир бек.

     

    Илм олмоқликка қайда бор имкон –

    Шул маъво унинг чун муқаддас макон!

    Гўдакликдан туйиб илм дардини,

    Кўздек азиз, қиммат тутди гардини!

     

    Араб тилини ҳам устоз Ибн Ироқ,

    Ўргатди шогирдга етук, мукаммал.

    Толибда туғилса ҳар қандай савол,

    Жавоб айтди комил, бенуқсон, тугал.

     

    Шундай илмгоҳда, нурли муҳитда,

    Камолу тарбия топди ёш олим.

    Унда эзгу мақсад ягона, битта –

    Ишқи, муҳаббати, каъбаси – Илм!                                                                  

     

     

    “Илмлар кўпдир, замон бахт-иқболли бўлса, турли фикр-мулоҳазалар, раъйлар бир-бирига қўшилиб борса, илм-маърифат кўпаяди. Одамларнинг илмга рағбат этишлари, илм аҳлини ҳурматлаши ва уларга яхши кўз билан қараши ўша бахт-иқболнинг белгисидир. Айниқса, ҳукмрон кишиларнинг илм аҳлини ҳурмат қилиши турли илмларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Уларнинг шундай қилишлари билан дунёда кундалик “зарур” ишлар билан овора бўлиб қолган қалбларини илмлар билан шуғулланиш учун бўшатиб қўяди.”                  

     

                                                          Абу Райҳон Беруний

     

    Кутубхона унга – ибодатхона,

    Муқаддас эҳромдек эди табаррук.

    Барча тиллардаги ноёб дурдона

    Асарлардан олди барҳаёт ҳур руҳ.

    (Шуни ҳам айтайин фахр-ла андак,

    Истеъдод эди у тил борасида.

    Мазмунин чақарди писта чаққандак,

    Бор тилнинг Осмону Ер орасида.

    Қадимги Хоразм, форс лисони-ла

    Кундалик турмушин айларди обод.

    Битган асарлари юрак қони-ла,

    Араб – фан тилида бўлди барҳаёт.                                                                 

    Суғдийу сурёний, санскрит, юнон

    Тиллари у учун нақ она тилдек.

     

    “Сайдана”да эса ўттиз бир лисон,

    Лаҳжада сайради худди булбулдек).

     

    Устоз Ибн Ироқ хазинасида

    Кўплаб тиллардаги китоблар бисёр.

    Бу нодир асарлар силсиласида

    Қанча изламасин кўрмади бир бор

    Она юрт Хоразм тарихин ҳарчанд,

    Бу ҳол юрагига солди оғир банд.

    Сўради устоздан бу ҳақда савол,

    “Араблар босқини даврида, ўғлон,

    Хоразмий битикка етишди завол,

    Маданият, ёзув, тил қўпди қирон,

    Ва етук олимлар коҳинлар қирғин

    Қилинди, йўқолди кўп фанлар сири”,

    Дея жавоб айтди эзилиб устоз,

    Жавоб Муҳаммадга оғир ботди боз.

     

    Моний ёзган китоб “Шопуркан” бир кун,

    Китоблар ичидан кўрсатди жамол!

    Қадимий аждодлар эътиқод нурин

    Ёғдуси, зиёси уни қилди лол!

    (Лек устоз қайғуриб шогирд иқболин,

    Китобни яширди кўздан йироққа.

    У хоҳларди фақат йигит камолин,

    Истарди: Муҳаммад етсин узоққа).

    Ўзигача бўлган таълимотларни ,

    Ўқиди Птолемей, Арастуни ҳам.

    Борки китоблардан маълумотларни

    Хотира, дилида асради маҳкам.

    Лек буюк олимлар сўзларини у

    Кимлардек кўрларча қилмади қабул.

    Улуғликка элтар ҳақиқатлар-ку,

    Ҳар недан унинг чун ҳақ – илм мақбул.

     

    Фанда у замонда мутлақ қоида –

    Арасту, Пифагор айтган жумлалар.

    Буларни Муҳаммад ноҳақ жойида

    Инкорлаб, хатога қилди ҳамлалар.

    Тўғри йўналишга бурилди фанлар,

    Башар ҳам албатта ҳақ йўлни танлар!

                              

     

    “Замона илм ва ақлда унга тенг келадиган бошқа одамни кўрмади”.

                                                        Ёқут  Ҳамавий. 13 аср.

     

                        985 – 994 йиллар

     

    Ўн икки ёшгача устоз Ибн Ироқ

    Математик ечим сир-синоатин

    Ёритди мисоли бўлиб бир чироқ,

    Сарф қилиб бор кучи, йил, ой, соатин.

    Ҳисоб, ҳандасада етди қиёмга,

    Замона яктоси бўлолди тугал.

    Кишилик тарихи энг машҳур номга

    Бойиди, мисра-ла битилди зарҳал.

    Ўн олти ёшида илк бор мустақил,

    Осмон жисмларин кузатди ўзи.

    Қуёш тутилишин қилганда таҳлил

    Андак хиралашди йигитча кўзи.16

    Бўлса шунча бўлар фанга фидолик,

    Садқа айлаб ҳатто гавҳар кўзини.

    Қалб гавҳари ёнди ёғдулар солиб,

    Сайқаллаб руҳини, ўзи, сўзини.

    Географик кенглик эклиптикасин 17

    Экваторга оғиш бурчаги қандай?

    Кот шаҳри учун-чи? Билмоққа жазм,

    Аҳд қилди ечмоққа тугун ҳар қандай.

     

    Аниқлай олди у кеча ва кундуз

    Баробар пайтдаги Шамс баландлигин.

    Ўн олти ёшида у порлоқ юлдуз,

    Олдида ожиздир ҳар қандай тугун.

    Кузатишлар учун бор асбобларни

    Ўзи ясар эди йигитча – олим,

    Унинг ҳаётида шонли бобларни

    Битмоқ чун давотин тўлдирар толе.

     

    Йигит кучга тўлди –  йигирма икки

    Ёшида фикрати бўлди бепоён.

     

     

    Энди қишлоғи не, шаҳри не, Кўкни,

    Ерни, куррамизни кўрарди аён.

    Кўпларни ҳайратга, кўпни даҳшатга

    Солиб Ер шарини қўлда тутди У.

    Она шаҳрин буркаб шону-шавкатга,

    Тарих китобига мангу битди У.

     

    Ер шакли, чеҳрасин аниқ тасаввур

    Қилиб, ясамоқлик унинг ўхшашин...

    Билими қудратли, тафаккури ҳур,

    Чақиб юборди-ку дунёга яшин!

    Ҳа, ҳа, глобусни ясай олди, ҳа,18

    Худди биз лой копток ясагандек зум.

    Лекин... копток нима, Ер шари нима,

    Шундан англайверинг, Беруний бу – Ким!

    Ўйланг, у замонда, минг йил олдин-а!

    Биз ҳозир ўзимиз англай олмаймиз...

    Қўлбола асбоб не, компьютер, мобил

    Билан дилимизни ўнглай олмаймиз.

    Кўнглимиз шаклини қилмай тасаввур,

    Ўксиймиз – ўтяпти бу олам фоний.

    Боқий бўлар экан сўнгсиз тафаккур,

    Даҳолар абадий, дунёлар оний!

     

     

    Ботир жангда, доно мажлисда синалади.

                                                             Маҳмуд Қошғарий

                      

      995-996 йиллар

     

    Устоз ёш олимни сарой аҳлига,

    “Илм мажлисига” танитди масрур.

    Ахир етук шогирд комил зеҳнидан

    Ҳар қандай устоз ҳам туяди ғурур.

    Мажлисда яна ҳам борди чархланиб,

    Беруний закосин ўткир қиличи.

    Олди ҳақиқатни яна-да таниб,

    Ўсди тафаккурин қудрати, кучи.

    Лекин фалокатнинг келмоғи осон,

    Маъмун – Гурганж мири ёвлик бошлади.

    Беруний юртини айлади талон,

    Кот шаҳри бошига кулфат ташлади.

    Африғий шоҳлари номдор авлоди,

    Бирма-бир қиличдан ўтказилди, оҳ...

    Фалакни ўртади халқнинг фарёди,

    Ҳеч бир нажот йўқдир келгувчи ногоҳ.

    Устоз хонадони, кутубхона ҳам,

    Ҳатто расадхона қолди гулханда.

    Олим қалби ҳам ўт, боши эса хам,

    Фалокат, қабоҳат изғир ҳар ёнда.

    Оҳ... нодир китоблар... улар бўлди кул,

    Даҳшат! Глобус ҳам қолмади омон.

    Қанча-қанча меҳнат, қанча-қанча йил

    Оқиб кетди мисли селдаги сомон.

    Кейин... муҳожирлик ва мусофирлик –

    Ёш олим тарк қилди она юртини.

    Ундаги матонат, қалби соҳирлик

    Ўчирмади асло юрак ўтини.

    Нишопур орқали етди у Райга,

    Лек қалбин ўртади ватан соғинчи.

    Тақдир итқитмасин қайси бир жойга,

    Фақат ватан бўлди ёлғиз ўтинчи.

    Тўпланганди Райда олим, фозиллар,

    Шоирлар, адиблар, кўп аҳли илм.

    Замон машҳурлари, ақли асллар,

    Устоз Хўжандийдек соҳиби билим.

                                                                                                                  

     Вазир Ибн Аббод уларгадир бош,

    Дер эди – “Маърифат энг ёруғ қуёш.”

     

    Маҳмуд Хўжандий-ла дуч қилди умри,

    Бундан Хўжандий ҳам шодланди беҳад.

    Астурлоб19 ясашда замона пири,

    Ягонаси эди илми беадад.

    У билан ишламоқ мароқли мактаб

    Эди Берунийга бергувчи таскин.

    Яна-да борарди зеҳнини тоблаб,

    Фақат қалбда соғинч тўкарди ашкин.

    Рай кутубхонаси устоз туфайли

    Очилди аллома Беруний учун.

    Китоблар ўғирлар эди дил майлин,

    Яна ҳам ошириб фикрати кучин.

    Лекин мусофирлик – мусофирлик-да...

    Беруний ёшликдан тотди таъмини.

    Ватанга интизор, яшаб зорликда

    Оқлади “Беруний”20 деган номини.

    Фақирлик нелигин билди у аниқ,

    Қўл калталикнинг ҳам тортди заҳмин.

    Илмий қарашлари яна-да ёниқ,

    Тиниқ тортиб борди, чекинди тахмин.

    Ватанга ишқидан ола билди куч,

    Юрагин тингласа дерди: “Юртга уч!”

     

    Бир кун Ибн Ироқ устоздан ногоҳ

    Келиб қолди нома, олий хушхабар!

    Яхши муждалардан айлаб у огоҳ –

    “Юрт омон, ўтди у ўлимкор хатар,

    Ватанга қайт,  -дерди,-  аллома ўғлон,

    Етар юрганлигинг бесару сомон!”

     

    Устоз Хўжандий-ла қилиб хайр-хўш,

    Йўлга чиқди юрт деб, дили уриб жўш!

     

    Дунёларни   уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

     

    Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.

     


    Bilim All » Gu'rrin'ler bo'limi | 29-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 1865 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

      Қонимда мавж урар оловли ҳислар. Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр, Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр, Идроким тарихдан бир хилқат излар! Олтин сатрларга олмос ҳарф билан...

    “Aydın” intellektual turnirinin’ II reyting oyınlarının ...

    “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı baslang’ısh sho’lkemi janında du’zilgen “Ziyalı jaslar” intellektual klubı ta’repinen sho’lkemlestirilgen...











 English Time


Login:
Parol:
«    Aprel 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.