Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 5-бўлим

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 5-бўлим

    Сен уни қўймасанг ҳам, у сени албатта қўяди, сен унга тўймасанг ҳам, у сенга албатта тўяди.

                                       

                                                                       Юсуф Хос Ҳожиб

                                            

                        1030 йил

     

    Искандар илгидан қолди замона,

    Дунёни қўлида тутар бир Эгам.

    Мен омонат, сен менга омонат,

    Нечун бу озорлар, ғавғолар нега?

     

    Йил бир мингу ўттиз, авжи баҳорда,

    Юртгиру, довонгир Ғазнавий Маҳмуд,

    Гўё эригандек дунёда қорлар,

    Қолмади, чарх уни айлади унут.

     

    Инсоннинг қудрати... мисоли сароб,

    Ҳайбат-ла кўзингнинг ёвин олади.

    Аслида у йўқдир, бир ҳовуч туроб,

    Ё яхши, ё ёмон номинг қолади.

    Ҳатто салтанатлар қулайди, йитар,

    Ҳаттоки қитъалар чўкиб кетарлар.

    Бу дунё барчадан баробар ўтар,

    Тоғлар, қумурсқалар бир кун битарлар.

    Авлоддан авлодга ўтади билим,

    Фақат илмгина қолур барҳаёт.

    Мана минг йил оша заковат гули

    Бизга етиб келди уфуриб нажот!

     

    Талотўп, ур-сурлар қўпди саройда,

    Фожеали савдо – тахт учун кураш.

    Тожу-тахт, ҳокимият кўндаланг жойда

    Қондошлик, жигарлик гўё сув тараш

    Биёбон тўрига қадаб ёш ниҳол,

    Унга оби ҳаёт етмоғи маҳол.

     

    Ворислик мақоми билан Муҳаммад

    Тахтга ўтирди шод ва бўлиб хуррам.

    Оламу коинот наздида ҳиммат

    Булоғини очиб қилганди карам.

    Лек шаҳзода Масъуд топди-ю хабар,

    Укаси устига қўшин тортиб, дафъ

    Айлаб Муҳаммаднинг ҳолин зер-забар,

    Султонлик рутбасин қилди ўз тараф.

     

    Қутлар эди гўё зўр ҳумоюнлик,

    Лек дунёнинг ўзи, дўст, неча кунлик?

     

     

    Қамишли юрт менинг тувғон элимди,

    Билинг, ғурбатга келтурган билимди.

    Келуб бўлдум саройда шеър фидойи,

    Саройнинг шоири, элнинг гадойи.

                                                   

                                               Сайфи Саройи

     

    1031-1032 йиллар

     

    Қўл ушлашиб мана, етдик шу жойга,

    Эй нияти улуғ, эй сабри тилло.

    Содиқ йўлдош билан етмоқлик Ойга,

    Ҳатто Қуёшга ҳам мумкиндир, илло,

     

     

    Эй дўсти ҳабибим сенга офарин,

    Сен учун ёзайин шонли дафтарим.

     

    Бу талотўпларда, фитна, гирдобда

    Бобомиз ечмади фидолик тўнин.

    Илмга бахшида умри симобда

    Қолгандек титраниб турса-да, кунин

    Сарфлади илмга – ҳайратда жаҳон –

    Шундай кез битилган эди “Ҳиндистон”.

     

    Султон Масъуд унга кўргазиб меҳр,

    Кўнглида оқибат шаъмини ёқди.

    Навозиш, эътибор кучидан сеҳр

    Туйиб, қалби азим дарёдай оқди.

    Даҳо сўзларига мухлисдир Султон,

    Олим яна жадал юрди илм томон.

     

    Кўплаб рисолалар, нодир китоблар

    Иншо айлаб қалби бўлди сарафроз.

    Уларнинг номлари худди хитоблар

    Янглиғ бизга етиб келганлар холос.

    Бу нодир инжулар ўзлари қайда,

    Фанга номаълумдир, ўкинчим шундан.

    Балки йўқолганлар, балки қай жойда

    Тўсилиб ётгандир Ой билан Кундан.

    Биз муяссар тушган ганжу битиклар

    Олам меҳварига тамал бўлгулик.

    Ҳар ҳарфи самога синч, устун тиклар,

    Фалак равоғида Ҳамал бўлгулик.

     

    Кўролмаганимиз юздан кўп китоб,

    Қатида қандайин оламлар ётар?..

    Балки бир бетидан чиқади офтоб,

    Балки бир сатрида Қуёшлар ботар...

    Балки уммонларни қўзғаб сар-сари,

    Уларнинг тубига довул соларди.

    Инжуларни қўзғаб, элаб гавҳарин

    Бағридан дурларин териб оларди...

     

    Афсус, насиб эмас бизга комронлиғ,

    Шу қайғудан юзим ранги сомонлиғ...

     

     

    Майли, фиғонимдан чиқармайин дуд,

    Нодир ҳикоямда қилайин давом.

    Эзгулик ҳеч қачон бўлмагай унут,

    У азим битиклар топгай ҳали ком.

     

    Шу тирик умидим бағишлар ҳаёт,

    Ватаним, юртимга бахш этиб нажот.

     

    Султон Масъуд даҳо олдида шогирд,

    Гарчи шоҳ, мухлислик мақомин олди.

    Ишларига ривож, равнақ бериб қут,

    Кўнгил кўзгусини фалакка солди.

     

    Бир кун Хоразмга қилмоққа сафар

    Отланди, ҳимматдан боғлабон камар

    Устоз Берунийни айлабон ҳамроҳ,

    Писанд унга на вақт, писанддур на роҳ.

    Ахир уни кутар буюк бир дийдор,

    Юрт васлидан ўзга не тилаги бор?

     

    Бургут мисол ёзди қанотин кериб,

    Ўмровига соғинч чўнг бир куч бериб,

    Ватанга қуш янглиғ учиб келди у,

    Кулди ва йиғлади, яна кулди у...

    Юрагида қўпди буюк ҳаяжон,

    Ахир Ватанини кўрди мунис жон

    Бўлса ҳам бир фурсат, бир қисқа нафас,

    Она юртдан нари дунёдир қафас.

    Руҳин озод қўйди Ватани узра,

    Эл мангулик баёт, удир шоҳ мисра.

    Томирида қони куйлади достон,

    Бўлиб ҳар бир сўзи ботир, қаҳрамон.

    Улуғлаб Ватанин, улуғлаб Котни,

    Ҳар майса, ҳар гиёҳ, ҳар азиз зотни.

     

    Ўн тўрт йил... осонми юртдан ташқари,

    Ғариб ва мусофир юрмоқ сар-сари.

    Ўн тўрт йил... Энг улуғ шоҳларни кўрди,

    Улар суҳбатида хос, азиз турди.

    Кўрди не юртларнинг зўр саройларин,

    Беҳишту боғларин, инжа жойларин.

     

     

    Ҳеч бири қалбига бўлмади дори,

    Уни хаста айлаб юртнинг хумори.

     

    Табаррук гўшани кезиб чиқди у,

    Болалик, ёшликни қайта уқди у –

    Мана шу қишлоқда кўзи нур кўрди,

    Мана, атак-чечак шу йўлда турди.

    Инсоният она қўшиғин – алла,

    Шу ерда тинглади илк гўдак палла.

    Бу қизил тилидан илк бор қора сўз

    Шу маконда ўзин айлади кўз-кўз.

    Йигитлик даврига дуч келди бунда,

    Юрагида ғайрат, куч ўйнаб танда.

    Кўксида қўзғолди мангу бир баҳор,

    Муҳаббат дардига бўлди гирифтор.

    Муҳаббати ёлғиз илмга бўлди,

    Илмки, нуридан оламлар тўлди.

     

    Қадрдон Африғий саройи мана,

    Ҳамон адл турар айлаб тантана.

    Оҳ, Котнинг кўллари, қиру-қиёси,

    Бормикан дунёда улар қиёси!

    Жайҳун ҳам бошқача оқади юртда,

    Ахир бу ОНА ЮРТ, бу ОНА ЮРТ-да!

     

    “Тошу қумоғига жоним шай турсин,

    Танам ҳар торида ишқи югурсин.

    Қайда бўлмай Ватан, сенинг ўғлингман,

    Сен қўрсан, мен эса қатра чўғингман!

    Қайга бормай сенинг сўзинг элтаман,

    Шонингни дунёга ёйиб кетаман!

    Мендек дарбадаринг, ўғлинг айла ёд,

    Сенинг номинг мангу – мен ҳам барҳаёт!

     

    Эй чархи кажрафтор, эй чархи даввор,

    Қисмат ҳам бўлурми бунчалик ғаддор?

    Беруний, Беруний – “юртдан ташқари,

    Ватандан хорижда, элидан нари” –

    Устози бу номин бермаган бекор,

    Қисмат ёзиғига бу ёвуз иқрор...”

     

    Милдираб турибди кўзида ёши,

    Ҳайҳот, деганлар бош – Оллонинг тоши.

    У яна отилди Ғазнага томон,

    Юрт қолди: “Эй болам, бўлгин-деб,- омон,

    Сен менинг илдизим беҳишт боғидан,

    Бу дунёга келдинг Аршнинг тоқидан.

    Жаннат пайғомисан, замин шонисан,

    Эгамнинг чечаги, гул,Райҳонисан!

    Менинг заминимда урган эдинг барқ,

    Жаҳолат алафин таназзулга ғарқ

    Айламаклик учун нозил бўлган нур,

    Сен менга ифтихор, абадий ғурур!

    Узилган жойингда қолган ул чандиқ,

    Азобидан сен ҳам, мен ҳам ўртандик...

    Бир нафас бўлса ҳам бағримга босдим,

    Бу кўҳна оламда қолмади қасдим,

     

    Бахтим шу – айнан мен сенинг онангман,

    Оламга илк назар солган хонангман.

    Бағримдан узилган дилпорам хайр,

    Энди учраштирмас бизни бу дайр...”

     

    Улар бир-бирига айлади нидо:

    Хуш бўл эй меҳробим, энди алвидо!..

     

     

    Одамнинг кўнгли чуқур денгиз кабидир, билим эса инжу каби унинг тубида беркинган бўлади. Инжуни одам денгиздан чиқариб олмаса, бундай инжу сой тоши билан тенг ва

    қимматсиздир. Бўз ер қаъридаги олтин тош ҳисобидадир, агар уни қазиб чиқарилса, беклар бошига безак бўлади.

     

                                                Юсуф Хос Ҳожиб

     

                        1032 – 1037 йиллар

     

    Бир нафас бўлса ҳам айлабон дийдор,

    Аллома Ғазнага қайрилиб кетди.

    Ёшлари кўксини қилди лолазор,

    Райҳон ўз боғидан айрилиб кетди.

    Лек она юрт васли кўнглини кўкда

    Камалак чиққандек ёндирди ранг-ранг,

    Юракда на бир доғ, қолмади юк-да,

    Умрига соз каби таратди жаранг.

    Шундай шижоатга тўлиб қайтди у,

    Тафаккур, онгида зўр қудрат сезиб.

    Фанда энг мукаммал сўзни айтди у,

    Чўнг асарда олтин ҳикмат еткизиб.

     

    “Қонуни Масъудий” – фалак қомуси,

    Дунё илм-фанига бебаҳо туҳфа.

    Унда жилоланар борлиқнинг туси,

    Даржида жамулжам Еру Кўк, Зуҳра.

     

    Асар моҳиятин ўн битта китоб

    Иншо, баёни-ла айлади тафсир.

    Маъноларнинг мағзин очибон шитоб,

    Ўқиган ҳар дилни айлади асир:

     

    “Олам манзараси” – биринчи маҳзан,

    Иккинчи хазина – “Хронология”.

    “Юзавий тригонометрия” аъзам,

    Тўртинчи – “Шарсимон астрономия”.

    Бешинчи жавоҳир “Жуғрофия”дир,

    “Қуёш ҳаракати” – олтинчи асар.

    Еттинчи мақолот  “Ой ҳаракати”,

    “Ер, Қуёш ва Ойнинг ўзаро (сафар) –

    Ҳаракати; жойи – ҳар бир сифати,

    Тутилиши” акси саккизинчи боб.

    “Қўзғалмас юлдузлар” – сокин, боодоб,

    Тўққизинчи қисм шакл, мазмуни,

    Матласи,41  кўзингни олар фусуни.

    “Сайёралар сайри42 - ўнинчи бобда

    Тортилган батафсил, аниқ таҳлилга.

    Ундан-да гўзалроқ сўнгги китобда

    Юлдуз, сайёралар ўзаро сулҳга

    Қандай келадилар, қандай жойланур,

    Шу савол устига ташлар зиё, нур.

    Санаб бўлгунимча асар матлаъйи

    Мазмунин, етмасдан қолди нафасим.

    Ноёб нури ошар вақт ўтган сайин,

    Даҳо муаллифга олқиш ва таъзим!

     

    Бу маҳзан мазмунин, азиз ўқувчим

    Ифодалаш учун умрим етарми?

    “Олам манзарасин” англамоқ учун

    Бизга авж тафаккур, тўзим битарми?

     

    “Олам манзараси”... Қандай манзара,

    Самолар ўзаро қандай жойлашган?

    Қуёшлар тизими, юлдузлар зарра

    Каби осон сиғар бу олтин бошга?

     

    Бугун менинг сакта қаламим базўр

    Чизади кўнглимнинг манзарасини.

    Ҳали ҳам ўқувчим, мен жуда ҳам ғўр,

    Топмадим сўзимнинг энг сарасини.

     

    “Қонуни Масъудий” – Шарқнинг қомуси,

    Фалакшуносликнинг етук қаймоғи.

    Зим-зиё гўшанинг чароғ, фонуси,

    Билимлар чўққиси, тафаккур тоғи.

     

    Бу асарнинг олтин саҳифалари,

    Қадим Бобил Набу Носир подшоҳи

    Давридан шу замон халифалари,

    Ғарб юртлар қироллик олий боргоҳи

    Олиму фозиллар билимлари жам,

    Таҳрирга тортилган, урилган қалам.

     

    Бобомда бор эди буюк фазилат:

    Ҳар қандай қонунлар, қоидаларни

    Тарозига солар, посонги – ҳикмат,

    Тоши ҳақиқатдур, нуқта – моҳият.

     

    У олис даврда айтар эди фан:

    Олам маркази Ер; Арз43 ҳаракатсиз,

    Унинг атрофида Қуёш, жисм ҳам

    Айланар коинот, юлдузлар шаксиз.44

    Юнон олимлари берган бу ғоя,

    Гўёки дарз кетмас мустаҳкам қоя.

     

    “Қонуни Масъудий” унга солди дарз,

    Бу сўз хатолигин исботлади мард:

    Айланиши аниқ; марказлиги Арз

    Шубҳага чулғанган дея айтди шарт.

     

    Курранинг айланиш тезлигин ҳатто45

    Ҳисоблаб, шаштидан шошди ўзи ҳам.

    Бу ишни қилолар не чоғли даҳо –

    Коинот комрони – бу қандай одам?!

     

         Ундан беш аср сўнг поляк ўғлони

    Николай Коперник Ер турғун эмас,

    Айланади, деб лол қилди жаҳонни,

    Жордано Бруно ҳам берди шундай сас.

     

    Улар силжитдилар фанни олдинга,

    Буюк қаҳрамонлик, закийликдир бу.

    Оддий тош йўлакдан кирди олтинга

    Дунё илми, соҳир зеҳнидан мангу.

    Улар таълимотин ўрганди жаҳон,

    Бу нодир ҳикматлар арзийди шунга.

    Дарсликларда сўнмас қуёшларсимон

    Турдилар, сўзидан ақллар инган.

     

         Албатта, бу зотлар улуғ, мукаррам,

    Уларни ардоқлар бутун Ер куррам.

     

    Лекин 500 йиллик довон-чи, фурсат,

    Балки тарих учун у ярим қадам.

    Аммо чўнг лаҳзалар – беш аср ҳасрат

    Чекиб не авлодлар алмашар бу дам.

     

    Улардан беш аср олдинроқ бобом,

    Шу нодир сўзларни айтмаганмиди?

    Нечун Шарқ халқлари қолдилар ноком,

    Шарқдан чиққан Қуёш қайтмаганмиди?

    Эҳ, донғин ҳайқириб ёймас Диёрим,

    Улуғ, теран дарё, соймас – Диёрим...

    Кекса донишманддек сокин ўлтирар,

    Улки, олам бир кун арз айтиб турар.

     

    Чунки бор ҳикматлар калити унда,

    У калитдан нусха йўқдир ҳеч кимда!

     

    Бу янглиғ залворли қадамлар билан

    Фанлар оламини забт эта борди.

    Абу Райҳон деса тарқалди туман,

    Довруқ осмонида тонглар оқарди.

     

    Бу орада унинг пири, устози,

    Отадек мўътабар, мунис ҳамрози,

    Устоз Ибн Ироқ қайғуга қўйди,

    Дорилбақо сари қадамин қўйди...

     

    Бу оғир жудолик бағрини тешиб,

    Юракда қонига солди лахталар:

    “Биз ахир диёрдан келмовдик кечиб,

    Наҳотки ғурбатда жонимни олар,

    Нақадар бешафқат бу кўҳна ажал,

    Юртим кўролмадим бир бор, сўнгги гал...

    Абу Райҳон, жуда оғир ишимиз,

    Биз бунда бегона, ёт бир кишимиз...

    Ватанда мангуга ётмоқ олий бахт,

    Биз бунда қуриймиз – бизлар ёт дарахт.

    Йўл топсанг, Ватанга қайтиб бор, ўғлим,

    Менинг саломимни айтиб бор, ўғлим...

    Мен сендан розиман икки дунёда,

    Шогирд, фарзанд  йўқдир сендан зиёда.”

     

    Шивирлади устоз беҳол, бемажол,

    Шогирдига тикиб сўнг бор кўзини.

    У учун Беруний Ватанга тимсол,

    Унга боқиб айтди сўнгги сўзини...

     

    Даҳо тамом ёлғиз... кимсасиз, дилхун,

    Бағридан ситилиб чиқди-ку бир ун:

     

    “Тўхтанг, устоз, қилманг кетмоққа азм,

    Ахир бизни кутар Ватан, Хоразм.

    Мени бу жойларда қолдирманг ёлғиз,

    Эй умри армоним, эй жони азиз.

    Орзу қилардик-ку, этмангиз барбод,

    Нима дейман ахир сизни сўрса Кот?

    Ёлғиз кириб борсам ночор, нотавон,

    Ватан деса, қани кетган у арслон?

     

    Э фалак, бу қадар усулларинг кўп,

    Мени нағма билан нимталадинг хўп...

    Шу кунни ҳам кўрди бу шўрлик бошим,

    Ёт элларда қолиб кетгайми лошим?

    На бир фарзандим бор, на бир дилбандим,

    Ватандан олисда бир умр ёндим.

    Фақат унинг ёди билан тирикман,

    Анорнинг сочилган дони бирикмас...

    Охир бунда қолиб кетгумми, ҳайҳот,

    Онам, онажоним, кечир мени Кот!”

     

         Кўзидан ёшлари дона, думалар,

    Бу думалоқ бошдан кечди нималар...

     

         Даҳо билмасдики, унинг фарзанди

    Ёзган асарлари, ўлмас китоблар.

    Номин мангуликка қиларлар банди,

    Исмин ҳар ҳарфида ёнар офтоблар.

     

    Мусибатни букиб, тиклаб қаддини,

    Олмос қаламини олди қўлига.

    Меҳнат-ла аритди қалбдан дардини,

    Фаришталар қўнди ўнгу сўлига.

    “Қонун...” давоми чун чекди риёзат,

    Шайлаб фикри-зикри, бутун жисмини.

    Анча чўкиб қолган эди бу фурсат

    Айрилиқ доғини, Ватан ҳиссини

    Яна-да ортиқроқ, теранроқ сезди,

    Дунё ишларидан батамом безди.

    Илм, фан, эътиқод олди ҳушини,

    Фақат шу жалб қилди кўнгил қушини.

     

     

        Барча китобларим менинг фарзандларимдир.

     

                                                 Абу Райҳон Беруний

     

                                 1036 йил

     

     

    Ерни айлантириб бир урчуқ мисол

    Замонни юргизар Қодир Қудрат, Куч.

    Бу кўҳна айвонга излабон тимсол

    Даҳо йиллар кечди – роса олтмиш уч.

    Бу рангин оламнинг рангларин илғаб,

    Улар жилосидан яратди илм.

    Етти фалак, Қаърни ҳам олди чулғаб,

    Тафаккур тиғидан жаҳолат тилим.

    Ибтидо давридан буён миллиардлаб

    Йилларни заргардек тизди қаторга.

    Халқлар тарихлари, фанларни элаб

    Топган инжулари тарам ҳар торга –

    Бебаҳо дурлари – ноёб китоблар

    Тарқалган бу олам кунгурасига.

    Шарафли умридан шавкатли боблар,

    Ҳар бири тенг само сайёрасига.

     

    Сайёралар барҳақ Қуёши билан –

    Марказ атрофида айланар олам.

    Девкор соликларни зикрга улаб

    Мангу сафар ҳаққи қилган жамулжам

    Лозимдур ҳаётдек ўлмас обида

    Минглаб йиллар ўтиб кетганида ҳам

    Башарият ёдлаб мисли қоида

    Зарур билимларни тополсин беғам.

    Йўқолмасин ушбу зарҳал битиклар,

    Ҳар бири машаққат, зафар шонаси.

    Уларда одамзот етган ютуқлар,

    Марралар, забт этган инсон боласи.

    Башарнинг минг йиллик истеъдоди жам

    Бўлган эди Бобом илҳом бонгида.

    Илоҳий мўъжиза каромати ҳам

    Уни танлаганди илм тонгида.

     

    Оламга армуғон асарларини

    Мангулик қалбига битмоқ чун абад.

    Муаззам машаққат асалларини

    Боқийлик хумига қуйди айлаб жаҳд.

     

    Бу мангулик идиш ҳаёт қўрғони

    Бўлди 113 китоб номига.

    Шу ерда асралди уларнинг жони

    Май суниб дунёнинг тенгсиз жомига.

    63 ёшида буюк аллома

    Тузди асарлари улуғ рўйхатин.

    Бу даҳодан бизга муҳташам нома,

    Тирикликка ёзган бетакрор хати.

     

    Асар аталади “ал-Фиҳрист” дея,

    Олим Ар-Розийга бахшида китоб.

    113 қайта айтар фахрия

    Даҳонинг номига фанлар бобма-боб.

     

    Вақт ўтиб Баҳрда ястанса чўллар,

    Қитъалар устида ўйнаса уммон,

    Заковат нурини миллиардлаб йиллар

    Синдира олмагай ҳатто минг замон.

     

    Билдикки, кўчади материк ҳатто,

    Илмнинг тамали кўчмагай ҳеч вақт.

    Бу қитъа боқийдир қитъалараро,

    Чунки бунда Абу Райҳон сурар тахт.

     

    Бўлиб бу диёрда музаффар, комрон,

    Яна 37 китобни битди.

    150 шаҳар мулкида омон,

    Энг буюк давлатни қўлида тутди.

     

    Бир юз эллик китоб... дунё илмининг

    Муҳташам асоси, музайян кўрки.

    Гар у каби бир юз эллик фил мининг,

    Сизга бўлмасмиди осмоннинг бўрки.

     

    Афсус, бунча филни тутиб, тушовлаб

    Олмоқлик келмайди кимса қўлидан.

    Ўзга кас ул азим бўркни ҳам довлаб

    Киёлмас – пашшага сарупо қилдан.

     

    Бизга етиб келди шундан бор йўғи

    Йигирма еттита бетимсол жаҳон.

    Лек уларда мавжуд онгнинг ютуғи,

    Руҳ етмоғи мумкин бўлган бор имкон.

     

    Шу чоғли билимлар унда мужассам

    Топмоқлик  сирига бормикан изоҳ?

    Балки Даҳо оддий эмас, хос одам,

    Балки Наби, Вали деб ўйлайман гоҳ.

     

    Шунинг каби ўйлар қилар мени ғарқ,

    Замондош, қотдингми сен ҳам ҳайратда?

     

    Яна ундек пешво берармикан чарх,

    Бўлармикан ундек ИНСОН  ҳаётда?

     

    Дунёларни  уйғотган  даҳо (достон) 5-бўлим

     

    Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.


    Bilim All » Gu'rrin'ler bo'limi | 29-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 1685 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 3-бўлим

    Она юрт! Ҳавоси тамом бошқача, Ҳаттоки қумларин сургулик кўзга! Бунда меҳрлидир чағир тошгача, Таърифин сиғдириб бўлмагай сўзга. Устоз хонадони, қадрдон гўша... Уни...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

    Тарих тасбеҳининг дурлари мисол Сочилган қалъалар минглаб мўъжиза. Қумларга кўмилган қуёшга тимсол, Ё тоғлар бағрида ётган феруза. Сирларингиз бир-бир оламан уқиб, Кўзимда иштиёқ,...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

      Қонимда мавж урар оловли ҳислар. Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр, Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр, Идроким тарихдан бир хилқат излар! Олтин сатрларга олмос ҳарф билан...

    “Aydın” intellektual turnirinin’ II reyting oyınlarının ...

    “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı baslang’ısh sho’lkemi janında du’zilgen “Ziyalı jaslar” intellektual klubı ta’repinen sho’lkemlestirilgen...











 English Time


Login:
Parol:
«    Aprel 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.