Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Дунёларни уйғотган даҳо (достон) охирги 8-бўлим

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) охирги 8-бўлим

    Билимсизнинг ўрни тўрда бўлса ҳам, унинг учун бу тўр пойгадир, доно ўлтирган пойга эса тўр ҳисобланади.

     

                                    Юсуф Хос Ҳожиб

     

    Ҳар инсон ўтади яшаб ўзини,

    Даҳолар Дунёни яшаб ўтади.

    Кимлардир босади кимнинг изини,

    Даҳо зот бетакрор, бир бор битади

    Бу ёруғ оламнинг кунгурасига,

    Бир тушар ҳаётнинг гал, қуръасига.

     

    Беруний бобом ҳам бетакрор Даҳо,

    Оламга беқиёс нурин таратган.

    Йўқдир у қўлини урмаган соҳа,

    Бор фанлар устунин ўзи яратган.

    Лекин барчасида бўлган бетакрор,

    Ҳеч бир таълимотни айламай такрор

    Яратган бенуқсон қонун, ечимлар,

    Қайта “кашф қилдилар” уларни кимлар,

    Бўлдилар бу билан машҳури жаҳон,

    Довруғига танг, тор келиб Ер, Осмон.

     

    Тарихий ҳақиқат топсин ўрнини,

    Адолатнинг олий кошонасида.

    Кўтариб юрганлар кўпдир бурнини

    Илму-фан қасрининг илк зинасида.

    Бу шонли зинани  пешқадам бўлиб

    Тўлиқ, энг юқорин айлаган ишғол,

    Қоронғу кечада ой каби тўлиб

    Ёритган Бобомдир, ҳамон безавол

    Турибди шарафнинг юксак тоқида

    Зулматни ўлдириб тонглар оқида.

     

    У юрган тупроққа изларим солиб,

    Оёқяланг чопиб ўсдим беармон.

    Балки этагидан учган гард қолиб

    Зуваламда менинг турибди омон.

    Жайҳуннинг у ичган лойли сувини

    Ичиб, оби ҳаёт дея ютганман.

    Азим соҳилларнинг босиб қумини,

    У кутган тўлқинни мен ҳам кутганман.

    Балки донгдор Бобом байтин учқуни,

    Менинг сатримда ҳам кўрсатгай жамол.

    Балки шу сабабли мен сўз тутқуни,

    Балки шу туфайли менда ушбу ҳол!

     

    Бахтлиман, шу Тупроқ, жўшқин Дарёнинг

    Мен бир оддий, содда Мунаввар қизи.

    Бахтлиман, барҳаёт мангу Даҳонинг

    Табаррук авлоди – давоми, изи!

    Ҳа, фахрим бор менинг жуда ҳам улкан,

    Балки бу камтарлик одобиданмас.

    Не тонг, шундай туғди мени бу ўлкам –

    Зуваламнинг лойи ўзидан тонмас.

    Фахрим бор – ҳар кимда йўқ бундай Бобо,

    Кимлар айтса айтсин мени мақтанчоқ.

    Фахрим бор, Жайҳундек барҳаёт Даҳо

    Юртимнинг олмоси, мен бир тошмунчоқ

    Бўлсам-да мансубмиз битта Заминга,

    Ахир қатра нур ҳам мансуб-ку Кунга!

     

    Шу шарафни туйиб ҳар бир юртдошим,

    Шавкатли ишларга ўзин чоғлади.

    Бир гапни айтайин азиз сирдошим,

    Бизга юртнинг шони қанот боғлади.

    Юрт қадри, Ватаннинг ўлмас шуҳратин

    Авлодлар қалбига байроқ қилмоқ чун,

    Барҳаёт Даҳонинг юксак ҳурматин,

    Эъзозин муқаддас эҳром қилдик чин.

     

    Шундай эзгуликлар рўёби учун

    Яшаб келаётир азамат ўлкам.

    Ўзбекистон – улкан чаманзорда чин

    Саҳро чечагидек безавол, кўркам.

     

    Жонидан жон суниб, жигаридан тан

    Туққан эй онажон, Ўзбекистоним,

    Бобомни ҳам шундай туққансан, Ватан,

    Кўксида Даҳолар унган Бўстоним!

     

    Кичик бир гўшангни айладим таъриф,

    Куйлаб ўтгум умр қилса вафолар,

    Ҳеч вақт истеъдоддан камбағал, ғариб

    Бўлмаган бу юртда минглаб даҳолар

    Ўтганлар, не бахтки, яна унажак –

    Туғилётир бунда БУЮК КЕЛАЖАК!

     

     

     

     

     

                                            ИЗОҲЛАР:

     

     

    1 1995 йилда  Берунийнинг қабри Афғонистоннинг Ғазна шаҳрида қаровсиз ва хароба аҳволда ётганлиги тўғрисида Ўзбекистон телевидениесидан кўрсатув берилди. Бу аянчли ҳолат ҳақида “Фан ва турмуш” журналида таниқли олим,геология-минералогия фанлари номзоди Умматали Усмоновнинг “Беруний қаерга дафн қилинган” мақоласи эълон қилинди.

     

    2 Беруний тумани кўзда тутилмоқда                                                   

     

    3 1997 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти, “Бобур” номидаги халқаро жамғарма раиси Зокиржон Машрабов, “Беруний авлодлари” халқаро жамғармаси, Беруний тумани ҳокимлиги саъйи-ҳаракатлари билан бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг хоки Афғонистоннинг Ғазна вилоятидан олиб келинди. Шу куни бутун Беруний тумани халқи аллома тобутини шаҳар кўчалари бўйлаб елкаларида олиб юрдилар. 19 декабрь куни табаррук хок ўзи туғилиб ўсган юрт – Кот қалъаси ёнидаги рамзий қабрга дафн этилди.                    

     

    4 Ёлин – олов, ўт.                                                                                     

     

    5 Ёқут ал-Ҳамавий  “Муъжам ал-удабо” (“Адиблар қомуси”) асарида Берунийнинг араб тилида ёзилган ўттиз беш байт – етмиш сатр шеърини келтиради.

     

    6 ”20 аср охири – Ўзбекистонимиз мустақилликка эришгунига қадар қанча ўқиган ва ўрганган бўлсак ҳам европача цивилизациянинг устун эканини билишдан нарига ўтмас эдик. “Авесто” китоби – зардуштийлик динининг муқаддас китоби, яъни диний китоб эканлигини билардик холос. ...инсоният тарихида энг дастлабки ёзма китоб, аждодларимизнинг нафақат бизга, балки жаҳон халқларига қолдирган энг ноёб маънавий мероси – муқаддас “Авесто” китобидаги асосан илмий, фалсафий, тарихий маълумотлар биз учун ишончли манба, асосий қўлланма ҳисобланади. 10-бет.

    Кўп йиллар давомида олиб борган илмий тадқиқот ишларим маҳсули бўлган юқоридаги маълумотлар бизнинг муқаддас заминимизда маънавий-маданий тараққиёт – цивилизация қадимги Миср, Месопотамия, Хитой ва Ҳиндистон каби қадимий тараққий қилган мамлакатлардагидан кўп асрлар аввал ривожланганлигининг илмий ва амалий исботидир. Машҳур юнон олими Аристотель Искандар Зулқарнайн босқинчилиги даврида олиб кетилган муқаддас “Авесто” китоби ва бошқа илмий китобларни ўқиб турли фан соҳаларига доир ихтироларини яратганини ҳозирги юнонларнинг ўзлари тан олишмоқда”. Самандар Исмоилов. “Нурли Ўзбекистон – жаҳон цивилизацияси ватани”, “Янги нашр” нашриёти. Тошкент, 2011,68-бет.

    “Зардуштийлик динининг муқадас китоби “Авесто” таълимоти Европа цивилизацияси учун қадимдан шарқ донишмандлиги синоними, самовий ва дунёвий илмлар манбаи бўлиб келди. Бу таълимот ҳатто, бутун инсоният цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиётига катта таъсир ўтказган. Грецияга диний ва дунёвий илмлар тўлқини қаердан келди? Жавоб битта: - Шарқдан, Ўрта Осиёдан келди. Эллинлаштириш орқали бутун Европага ва бошқа юртларга ёйилди. Пифагоризмчилар (мил. авв. 7-4) ва Орфизмчилар – ҳозириги математика, геометрия, астрономия ва музиканинг асосларини “Авесто” таълимоти ва назарий билимларидан илҳомланиб яратганлар. Буюк философ Платон (мил. авв. 427-348 йиллар) диалектикасининг илдизлари  зардуштийликка бориб боғланган. Ҳозирги Европа цивилизацияси, Грек-Рим

    маданияти “Авесто” таълимотидан озиқ олган ва шу асосда тараққий қилмоқда”. “Самовий дин бўлган зардуштийликда одамзот руҳи самодан келиши ҳақидаги илмий таълимот Марказий Осиё орқали Ҳиндистон, Эрон, кейин Европага ёйилиши туфайли грек олимлари , философлари, шоирларини илҳомлантирган ва уларни тараққиёт сари янада руҳлантирган. Эллада халқлари орасида ёйилган бу қандай Шарқ ғояси? Европа, айниқса Греция цивилизациясига катта таъсир кўрсатган бу диний ва дунёвий билимларнинг қудратли тўлқини қаердан келган? Жавоб битта – Зардуштийлик давлат дини бўлган шумерлар, оссурияликлар, бобилликларнинг қадимги аждодлари орқали Марказий Осиёдан келган.” Павел Глоба, “Когда наступит день” (Мн. Астра, 2005г. 6-7стр.) Таниқли олим П.Глобанинг бу сўзлари Қадимги Хоразм, Ҳозирги Ўзбекистон илк дунёвий цивилизация асоси бўлганлигининг яна бир марта аниқ илмий асосли тасдиғидир.

    “Энциклопедик луғат”, (Т. 1988й., 55-бет), “Жаҳон тарихи” (6-синф, Т.2001й., 171-бет), “Всемирная история” (М. 2000г.627с.) ва бошқа манбаларда ҳиндистонлик олим Арийабхата биринчи бўлиб Ернинг шарсимон эканлигини ва Ернинг ўзига тортиш қонуни ва ўз ўқи атрофида айланишини айтган, деб кўрсатилган.Ваҳоланки, бу илмий маълумот ундан 1200йил аввал “Авесто” китобида кўрсатиб берилган. “Авесто” китоби Ҳиндистонга ҳам Искандар Зулқарнайн босқини даврида Балхда сақланаётган нусхаси ёндириб юборилгандан кейин унинг бошқа нусхаси, аниқроғи, Хоразмдаги қайта тўлдирилган икки нусхасини ва бошқа ноёб илмий китобларни бир гуруҳ илм-фан фидоийлари – олимлар Хоразм подшоси Фарасмон томонидан бириктирилган аскарлар ҳимоясида олиб кетганлар.  “Авесто”нинг бир қисми ҳозиргача Мумбай(Бомбей) шаҳрида Зардуштийларнинг маданий маркази Кома институтида, иккинчи нусхаси Калькутта Давлат кутубхонасида сақланмоқда. Ҳиндистон тарихини ўрганар эканмиз, бу мамлакатдаги илм-фан тараққиёти “Авесто” китоби ва бошқа илмий китоблар олиб борилгандан кейинги даврга тўғри келишини кўрамиз. Ҳиндистонда математика ва астрономия фанларининг асосчиси деб тилга олинадиган Арийабхата бизнинг юртимиздан борган орийлар қавмидан эканлиги унинг номидан маълум бўлиб

    турибди.Ҳиндистонда пайдо бўлган дастлабки тақвим Қадимги Хоразм цивилизацияси асосида ва таъсирида равнақ топганлигини бутун дунё олимлари эътироф этаётгани бежиз эмас” С.Исмоилов. “Нурли Ўзбекистон – жаҳон цивилизацияси ватани”, Т.2011.69-бет.

    7Академик лицейлар ва коллежлар учун “Астрономия” дарслигида (7-бет) Пифагор (мил. авв. 4 аср) Ернинг шарсимон шаклда эканлиги ҳақда фикр берди, Аристотель (мил. авв. 4 аср)эса оламнинг марказида ҳаракатсиз Ер жойлашган, деган гелиоцентрик системага асос солди, деб кўрсатилган. Бу ўринда Ернинг ҳаракатсиз деб кўрсатилгани нотўғри эканлиги кўриниб турибди. Ер ўз ўқи атрофида ва Қуёш атрофида доимий, аниқ ҳаракатда бўлишини қадимги аждодларимиз аниқлаб, шу асосда қадимги Хоразм тақви мини яратганлар.

    Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида хабар беришича, қадимги Хоразм календари мил. авв. 1292 йилда пайдо бўлган. Демак, қадимги Хоразм календари бундан 3300 йилдан ҳам кўпроқ илгари яратилган.

    Чуқурроқ ўйлаб кўрганимизда,инсониятнинг самовий қонуниятлар ва табиат қонуниятлари ўртасида ўзаро алоқа борлигини билиши, йил, ой, кеча ва кундуз, фасллар такрорланишининг аниқ илмий ҳисоб-китобини билишга интилиши астрономик кузатишлар, расадхона қурилиши, ниҳоят, Қуёш ва Ой календарлариниг яратилишига сабаб бўлганлигини тушуниб оламиз.

      Қадимги Хоразм календари Миср календари (мил. авв. 14 аср) билан ўхшаш бўлганлиги боис, улар деярли бир даврда яратилган ва улар ўртасида қандайдир боғлиқлик бўлган, десак жуда тўғри бўлади.” Самандар Исмоилов. “Нурли Ўзбекистон – жаҳон цивилизацияси ватани”82-бет.

     

    8 Қадимги Хоразм воҳасида кўплаб расадхоналар мавжуд бўлган.

    “Африғий Аскажамуғ топшириғи билан Катнинг шимол томонидаги Қишлиқ тепалигида расадхона ишлаб турган.(милодий 6-7 асрларда)” Пирмат Шермуҳамедов. “Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати” 26-бет.                                                                                       

    “Қўйқирилганқалъа. Эҳром-расадхона.Мил.авв. 4аср – мил. 4аср. Қўйқирилганқалъа диаметри 80 метр бўлиб, доира шаклида қурилган. Ўртада диаметри 44,4 метр бўлган икки қаватли иморат қад ростлаган. Тадқиқотлар шундан далолат берадики, марказдаги иморат астрономик кузатишлар юритиш учун қурилган. Тахминларга кўра, Фомальгаут юлдузи энг ёруғ юлдуз ва илоҳий юлдузлардан бири ҳисобланган ва Қўйқирилганқалъа айнан шу астрал символга бағишлаб қурилган.”Қорақалпоғистон” Китоб-альбом. Қорақалпоқ, ўзбек, рус ва инглиз тилларида. Т.”Маънавият”, 2011. 41-бет.

    “Қўйқирилганқалъа расадхонаси (асли номи Ҳадаркат) ҳозирги Тўрткўл тумани Калтаминор қишлоғида жойлашган бўлиб, нафақат Ўзбекистонлик, балки чет эллик машҳур тарихчиларни ҳам қизиқтириб келган. Қўйқирилганқалъа 1951-1957 йилларда Москвадаги Миклухо-маклай номидаги Этнография институти Хоразм экспедицияси раҳбари , Ўзбекистон фанлар Академияси раҳбари, Ўзбекистон фанлар Академиясининг фахрий академиги С. П. Толстов ва академик Яҳё Ғуломов, профессор Исо Жабборов ва бошқа археолог-тарихчи олимлар томонидан қазиб ўрганилган, улар тарих учун жуда муҳим маълумотлар берганлар. Қўйқирилган қалъа нафақат бизнинг воҳада, балки, жаҳонда аниқ лойиҳа бўйича архитектура асосида лой пахса ва хом ғиштдан қурилган энг қадимий қалъалардан биридир. Қалъа цилиндрсимон айлана шаклидаги уч қатор баланд девор билан ўраб олинган бўлиб, унинг марказий қисми икки қаватли ҳукмдор саройи ва расадхонадан иборат бўлган. Қалъада беморларни даволайдиган шифохона, айниқса талабаларга дарс бериш хоналари, лаборатория бўлганлиги алоҳида маънони билдиради. Археологлар бу хоналар деворларига математик, тригонометрик, геометрик формулалар, жумладан, косинуслар теоремаси формуласи ёзилганлигини аниқлаганлар.”59-60 бетлар.   “Қўйқирилганқалъа” китобининг муаллифларидан М.Г.Воробьёва ва М.М.Рожанскаялар оддий астрономик расадхона ускуналари, жумладан устурлоб мил.авв. 4 асргача, балки ундан ҳам аввал Шарқда, аниқроғи, Қадимги Хоразмда қўлланилганлигини маълум қиладилар.  Ундан Кичик Осиёга ўтган ва шу орқали юнон олимларига, жумладан, Евдоксга етиб борганлиги, Бобил астрономлари орқали бошқа жойларга ёйилганлиги ҳақида асосли фикр билдирганлар. Шунингдек, улар мил.авв. 4 асрдан ҳам аввал Қўйқирилганқалъа астроном олимлари Қуёшни, шунингдек, бошқа самовий ёритгичларни ҳам кузатганликларини кўрсатганлар. Демак, Европалик олимларнинг юқоридаги маълумотларига асосланиб, қадимги Қўйқирилганқалъада фаолият олиб борган астроном олимларнинг расадхона ускуналарини ясаш, расадхонани қуриш ва ишлатиш услублари, айниқса, астрономик кузатиш натижалари бобиллик олимларга, улар орқали юнон олимларига ва кейин жаҳоннинг бошқа жойларидаги олимларга маълум бўлган, деб ишонч билан айтсак бўлади.”

    С. Исмоилов. “Нурли Ўзбекистон – жаҳон цивилизацияси ватани” 59-60 бетлар.

     

    9 “Энг аввал мен одамлар учун илк муқаддас макон этиб Даитийя дарёси (Амударё ва Сирдарё ўрталиғидан Орол денгизига бориб қуйилган Ақчадарё ва Сувёрган ирмоғи) бўйида ўрин топган сўлим ва гўзал ўлка – Орийанам-ваэжўни яратдим” Авестонинг “Видевдот” китобидан. “

    Жаҳон олимларининг узоқ илмий изланишлари ва асосли хулосалари натижасида Орийанам-Ваэжў бу Қадимги Хоразм воҳаси эканлигини тўла эътироф этдилар. ( Қадимги Хоразм -Ҳозирги Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманлари жойлашган ҳудуд - Қ.М) Қадимги Хоразм тарихини дунёга танитган С.П. Толстов ўзининг “Орийлар ватани, қаерда у” мақоласида Орийлар ватани Хоразм, ҳозирги Ўзбекистон эканлигини археологик, этнографик, этимологик манбалар асосида исботлаб берди.Ҳатто орийларнинг Евроосиё бўйлаб қандай ёйилганини ҳам археологик топилмалар асосида кўрсатиб берган. Бу мақоласи учун у 1949 йили собиқ Иттифоқ Фанлар академияси йиғилишида Марказқўмнинг топшириғи бўйича “хоразмпарастлик”да айбланади. Уни партия

    сафидан ўчириш масаласини кўрадилар ҳамда бу мақолани чоп этишни таъқиқлаб қўядилар. Йиғилишда бир гуруҳ мансабдор олимлар С.П. Толстов мақоласидаги фикрларига қарши чиқсалар, кўпчилик олимлар унинг тўғрилигини ёқлаб сўзлаганлар. Натижада, бу йиғилишда Толстовга ҳеч қандай жазо бера олмаганлар. Демак, россиялик кўпчилик кучли олимлар шу даврдаёқ орийларинг қадимги ватани Хоразм воҳаси эканлигини ва славянларнинг ҳам қадимги аждодлари эканлигини эътироф этишган. Павел Глобанинг кўрсатишича, эронликлар, афғонлар, кавказликлар, славянлар, англ-сакслар ҳам орийларни ўзларининг қадимги аждодлари деб биладилар. Академик А.Асқаров “Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи” китобида орийлар муаммосига алоҳида тўхталиб, улар ҳақида қуйидаги маълумотларни берган: “”Орийлар яшаган юрт орийлар ватани яъни Ориёанам Ваэжа деб номланган. Ўрта Осиё сакслари (“Авестода Турлар, уларнинг аслзодалари – орийлар) буюк Турк чўлининг марказий ва шарқий Қозоғистон, Тоғли Олтой, Ўрол, Енисей ва Ўрхон дарёлари ҳавзаларигача кириб борганлар ва у жойларнинг ҳукмрон туркий тил муҳити таъсирида

    туркийлашганлар... Кир 2 ва Доро 1 қоятошларига битилган китобаларида ўзларини “ҳақиқий орийлар авлоди” эканликларини кўрсатганлар. Нафақат улар, ҳатто Кушон подшоларининг (масалан “Рабатак” битиги) асли зоти орий эканлигига ишора қилинади.” Демак, А.Асқаров орийлар туркийзабон халқларинг ҳам қадимги аждодлари деган хулосани билдирган.  Энди С.П.Толстов, А.Асқаров ва П.Глобаларнинг юқоридаги илмий хулосаларини жамлаганимизда орийлар мил.авв. икки минг йилликда Евроосиё бўйлаб ёйилган юқори маданиятли халқ бўлганлиги яна бир бор исботланди.

    Мил.авв. икки минг йилликда Амударёнинг қуйи қисми ўнг соҳилида, яъни бизнинг юртимизда минглаб қалъаларнинг бўлганлиги, бизга номаълум сабабларга кўра бу ҳудудда яшаган одамларнинг бошқа жойларга кўчиб кетгани боис бир замонлар гуллаб-яшнаб турган бу гўзал ва ҳашаматли қалъалар харобага айланиб қолган.Шундай бир даврда, аниқроғи мил.авв. икки минг йиллик ўрталарида орийларинг бутун Европага ёйилганлиги, шимолий Ҳиндистонга, жанубий Эронга бориб доимий яшаб қолганлиги, орийлар ватани қадимги Хоразм, ҳозирги Ўзбекистон эканлигини янада аниқроқ билиб олиш имконини беради. Орийларнинг келиб чиқиши, уларнинг кишини ҳайратлантирадиган даражадаги билимлари ва ихтиролари сабабларини илоҳий куч билан ҳамда самонинг энг ёрқин юлдузлари,жумладан Катта айиқ юлдузлари билан боғлиқлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор... Бу ҳақида аниқ фикр ёки хулоса билдириш учун ҳали кўп вақт керак.

    Демак, орийлар Евроосиё бўйлаб ёйилган халқларнинг қадимги аждодлари бўлганлиги ҳамда жаҳон цивилизациясининг илк асосчилари эканлиги кўриниб турибди.” С. Исмоилов. “Нурли Ўзбекистон – жаҳон цивилизацияси ватани” 79-80 бетлар.

    10 Хоразм – “Машриқда Хоразм (Кот шаҳри) деган шаҳар бор. У Жайҳун соҳилида жойлашган. Бу шаҳарни малоиклар чор-атрофдан ўраб турадилар ва бамисоли келинни пардозлаб, ясантириб, куёви уйига олиб боганлари каби улар Хорзм шаҳрини ясан-тусан қилиб жаннатга етаклайдилар. Оллоҳ-таоло Хоразмнинг битта қабристонидан юз минг шаҳидни тирилтирадики, улардан ҳар бир шаҳиднинг даражаси Бадр жангининг шаҳидлари мақомига баробардир...” Ҳасан ал-Басрий. П.Шермуҳамедов. “Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати”, Т. 2009 й. 25-бет.

    “Хоразмнинг қадимий пойтахти Кот Амударёнинг ўнг соҳилида, ҳозирда туман маркази бўлмиш Беруний шаҳри ўрнида бўлган. (Унинг аввалги номи – Шаббоз). Қадим замонларда шаҳарда пахсадан ўралган Фир номли баланд қалъа бўлган. Қалъанинг теварак атрофи уч қават девор билан ўралган”. П.Г.Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”. Тошкент, “Фан” нашриёти, 1973й. 7-бет.

                                                                                                                                11 Уламолар мажлиси – Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида ўзидан олдин яшаб ўтган Ал-Қусумий, Иброҳим ибн ас-Сарий, Абу Яхъё ибн Куноса, Абу Ханифа ад-Дийноварий, Ҳамза ибн Ҳасан, Муҳаммад ибн Мусо ибн Шокир, Ҳасан Хоразмий каби олимлар номларини ҳамда уларнинг кучли илмий фаолият олиб борганликларини ёзган. Котдаги “Уламолар мажлиси”  “Маъмун академияси учун пойдевор бўлган.

    12  ”Математика ва астрономия фанлари билан шуғулланадиган олимларнинг энг улуғи Абу Наср Ибн Ироқдир”. Умар Ҳайём.

    “Абу Наср ибн Ироқнинг яна бир катта хизмати ёш истеъдодли Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Берунийга ҳомийлик ва устозлик қилиб тарбиялаб, уни дунё илмининг буюк қомусий олими, буюк алломаси даражасига етишувига муносиб ҳисса қўшганлигидир”. .” С. Исмоилов. “Нурли Ўзбекистон – жаҳон цивилизацияси ватани” 136- бет.

    13 ”Муҳаммад ибн Аҳмад Абу-ар-Райҳон ал-Беруний ал-Хоразмий. Унинг Беруний деб нисбат берилишининг маъноси шуки, у киши шаҳар ташқарисидан бўлган. Чунки форсчада “берун” деган сўзнинг маъноси ташқари демакдир. ... хоразм аҳли ... бу билан унинг қишлоқи, яъни шаҳардан ташқари жойдан бўлганлигини айтишмоқчи бўлишса керак.”Ёқут ал-Ҳамавий. “Муъжам ул-удабо”

    “Беруний 362 ҳижрий йили зу-л-ҳижжа ойининг 2-сида (милодий 973 йилнинг 4 сентябрида) Хоразмнинг қадимий пойтахти Кот шаҳрига яқин жойда дунёга келган. Унинг исми Муҳаммад, отасининг исми эса Аҳмад бўлиб, Беруний унинг нисбаси, яъни келиб чиқиши ва насл-насабини билдирувчи номдир. “Беруний” форсча “берун” (“ташқари”) сўзидан олинган бўлиб “шаҳар ташқарисида туғилган” ёки “Ўша ерда яшовчи”, деган маънони билдиради. Абу Райҳон эса унинг куняси, яъни лақаби бўлиб, араб тилида “Райҳон отаси”, “Райҳонли киши” деган маъноларини англатади. Берунийга нима учун бундай куня берилганлиги ҳақида манбаларда аниқ маълумот берилмаган. Унинг ёшлик чоғларидаёқ ўсимликлар билан қизиққанлиги маълум, эҳтимол шу туфайли Абу Райҳон лақабини олган бўлса керак. Бундан ташқари “Райҳон” сўзи арабчада “раҳмат” ва “ризқ” маъноларини англатади, шу нуқтаи назардан қаралса, Абу Райҳон “марҳаматли”, “раҳмдил” деган маъноларни ҳам билдиради. И.У.Каримов. “Абу Райҳон Беруний” Т.”Фан” нашриёти, 1973. “Беруний туғилган кунининг 1000 йиллигига бағишланган тўплам”

    14 “Менинг туғилган вақтим Хоразм (у пайтда Кот шаҳри  “Хоразм” деб аталган. таъкид муаллифники) шаҳрида юз берган бўлиб, унинг кенгламаси шимол тарафда 41о   21/   ва Мадинатуссаломдан шарқ йўналишида узоқлиги тўлиқ бир текис соат, туғилишим ҳижрий 362 йилнинг учинчи зулҳижжаси – пайшанба кунига тўғри келган.”  Абу Райҳон Беруний

    15 Бушканз – Беруний туғилган қишлоқ.       

     

    16 “Ёшлик йилларида Беруний Қуёш тутилишини кузатиш билан шуғулланган. “Геодезия” асарида олим Қуёш тутилишини кузатиш натижасида кўзи андак хиралашганини хабар қилади.” П.Г.Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”. Т, 1973й.

     

    17 ” Абу Наср ибн Ироқнинг ёзишича, Беруний 16 ёшида эклиптика экваторининг қиялигини тўғри аниқлаган бўлса, 21 ёшида астрономия асбоблари ясаган ҳамда Шарқда биринчи бўлиб курраи арз (глобус)ни ясаган. Берунийни ёшлигида “Абу Райҳон” деб атаган ҳам ибн Ироқдир”. С. Исмоилов. “Нурли Ўзбекистон – жаҳон цивилизацияси ватани” 138- бет.

     

    18 “Сўнгги йилларга қадар Ер шариниг географик глобусини биринчи марта 1492 йили Мартин Бехайм деган олим тарафидан ихтиро қилинган деб юритилган.

      Берунийнинг “Геодезия”сидан географик глобус дастлаб Беруний томонидан ясалганлиги маълум бўлди. Улуғ олим китобида қуйидагиларни ёзади :”Бу мақсадга етиш йўлида кучни ҳам, пулни ҳам аямадим. Жой ва шаҳарларда узунлик, кенглик ва масофани аниқлаш учун диаметри 10 газли (5м) ярим кура (глобус) ясадим, чунки масофалар кўп бўлиб, уларни ҳисоблашда математика амалиётлари анча ва узун бўлганидан вақт етмади.

     Эришган натижаларни ёдда сақламай ҳаммасини ёзиб бордим; ўйладимки, бунда тинчлик бўлиб, хавф-хатар ва фалокат содир бўлмас деб. Лекин қўққисдан фалокат содир бўлиб, ҳамма ёзганларимни ва менинг бошқа ҳаракатларим натижаларини нобуд қилди.” П.Г.Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”. Т, 1973й.

     

    19 Астурлоб – астрономия асбоби.

     

    20 Беруний – ватандан ташқарида яшовчи, ватандан кетган маъноларини англатади.

     

    21 ”Ҳавонинг қизиши бобида мен билган фозил йигитАбу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино билан музокараларда шу даъвони баён қилдим”  Беруний, Танланган асарлар. 1 том, Тошкент, “Фан”

     

    22 ”Абу Райҳон Беруний билан Ибн Синонинг юнон файласуфлари, айниқса, Арасту асарлари муносабати билан оламнинг тузилиши, табиат ҳодисалари ҳақида айтган фикр-мулоҳазалари, қарашлари кўпгина буюк кашфиётларнинг асоси, “хамиртуруши”и бўлди.  Минг афсуски, узоқ йиллар давомида Оврўпо олимлари Абу Райҳон Беруний сингари буюк алломаларнинг илмий ютуқларини билибми, билмайми, тан олмай келишди. Ваҳоланки, жаҳон илм-фанида рўй берган кўпгина кашфиётларнинг, шу жумладан,нисбийлик назариясининг илк асосчилари Шарқ уйғониши даврининг алломалари томонидан ёритилган эди.”  П. Шермуҳамедов. “Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон беруний қисмати. Т.- 2009, 88-бет.

     

    23 “Ал-асар ал боқия ан ал қурун ал ҳолия” асари “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ёки “Ёдгорликлар” номи билан ҳам машҳур бўлган.

     

    24 ”Ҳозир ҳам Яқин Шарқнинг бутун илмий адабиётида бу китобга тенг келадиган асар йўқдир.”  Академик И.Ю.Крачковский.

    “Бу асар Яқин ва Ўрта шарқ халқларининг , биринчи навбатда Ўрта Осиё халқларининг хўжалик ҳаёти, урф-одатлари, маросимлари, эътиқодлари ҳақидаги ўзига хос қомусдир”.   С.П.Толстов.

     

      25  “Аммо подшоҳлар наздида унинг мартабаси баланд, қадри-қиммати зўр экан.Улар ҳузурида обрўси шундай улуғ эканки, менга етиб келган хабарларга қараганда, Шамс ул-Маолий Қобус ибн Вашмгир ўзига уни ҳамсуҳбат қилиб олмоқчи ва саройига келтириб, унга мамлакатдаги барча ишларда ҳамма сизнинг амр-фармонингизга бўйсунади, барча нарсага эгалик қиласиз, деган шарт билан уни ўз саройига боғламоқчи бўлган. Лекин Абу Райҳон буни истамаган ва унга бўйсунмаган.

     Абу Райҳоннинг шундай сифатдаги улуғ зоти хоразмшоҳга эшитилгач, уни ўз саройига олди ва ўзи билан бирга қасрига туширди.” Ёқут ал-Ҳамавий. “Муъжам ул-удабо”. 13- аср.

     

     26 “12 аср тарихчиси Низомий Арузийнинг гувоҳлик беришича, хоразмшоҳ хизматидаги барча олимлар “ҳар жиҳатдан етарли даражада тўлиқ таъминлангандилар”, Беруний бу ерда ҳисоб илми, минералогия, Хоразм табиати ва иқлими билан боғлиқ гидрология соҳалари устида ишлади. Ўзигача ёзилган антик ва мусулмон даври соҳа адабиётларини, жумладан, Архимед қаламига мансуб “Сузувчи жисмлар ҳақида” рисоласидаги гидростатик маълумотларни таҳлил қилди. У моддаларнинг хоссаларини ўрганиш жараёнида Мовароуннаҳр ва Хоразм тангаларининг қиймат ва сифат даражалари билан қизиқди. Уларнинг солиштирма оғирликларини ўлчаб, ҳақиқий ва қалбаки тангаларни ажратиш имконини яратиб берди. Натижада у “Металлар ва қимматбаҳо тошлар ўртасида ҳажмий муносабатлар тўғрисида” рисоласини ёзди.

    Хоразмшоҳ Маъмун ибн Маъмун даврида ҳам Хоразмдаги илмий муҳит сақланди. Бу даврда хоразмшоҳ саройидаги Хоразм Маъмун академияси фаолиятига Беруний билан биргаликда Ибн Сино ҳам раҳбарлик қилди.”А.Отахўжаев. “Абу Райҳон Беруний”, рисола. Тошкент, 2011 йил. 17-бет.

     

    27 хатти нисбий наҳор – меридиан                                                                          

     

    28 Бу воқеани Ёқут ал-Ҳамавий “Муъжам ул-удабо” асарида ҳикоя қилган.

     

    29 ”Султон Маҳмуд шоир ва олимларни шавқ ва рағбат юзасидан эмас, балки кўпроқ зўрлик билан саройига олиб келган эди”.  Э.Браун.Эрон адабиёти тарихи. Таржимон  Фатхулло Мужжтабний. Теҳрон, 1342 ҳижрий, 136-бет.

    “Ёқут Ҳамавийнинг ёзишича Беруний Ғазнага хавфли жиноятчи сифатида келтирилган.” А.Отахўжаев. “Абу Райҳон Беруний” рисоласи. Т, 2011. 18-бет.

    “Баъзи фозил кишиларнинг сўзлаб беришига қараганда, унинг Ғазнага келишига асл сабаб шуки, Султон Маҳмуд Хоразмни эгаллаб олгач, уни ва устоди Абдуссамад Аввал ибн Абдуссамад ал-Ҳакимни қўлга олишиб, устодини қарматий ва кофир деб айблаб, уни ўлдирган. Абу Райҳонни ҳам унга илаштирмоқчи бўлган. Шунда бир сабаб билан орзулар унга ёрдам қўлини чўзиб, ўлимдан қутқариб қолган. Ўшанда кимдир султонга: “Абу Райҳон юлдузшуносликда ўз замонининг пешвоси, подшоҳларнинг ундайларга эҳтиёжи зўр бўлади”, - деган. Шунинг учун Маҳмуд Абу Райҳонни ўзи билан бирга олиб кетган ва Ҳинд ўлкасига кирган, у ҳиндлар орасида яшаган, уларнинг тилини ўрганган, илмларидан фойдаланган. Кейин Ғазнада туриб қолган ва шу ерда вафот этган.” Ёқут ал-Ҳамавий. “Муъжам ал-удабо”. 13- аср.

     

    30 Гурвак – қовун навининг номи

     

    31 Бу ҳикоят Низомий Арузий Самарқандийнинг “Нодир ҳикоятлар” китобида келтирилган.

     

    32 ”Берунийнинг бой меросини ўрганувчи бир қанча ғарб ва шарқ олимлари унинг геодезия соҳасидаги илмий ишларини ўз номи билан атамай, балки математик география деб юритдилар ёки астрономияга қўшиб юзаки, умумий сўз билан тушунтириб келдилар. Яқин вақтларгача Берунийнинг буюк геодезия олими эканлиги ҳақида гап бўлмаган. Беруний бошқа фанлар қатори геодезия фанида ҳам катта ютуқларга эришган буюк олимдир. Унинг бир қанча йирик асарларида геодезияга доир боблар ажратилади. Беруний 63 ёшида ўзи тузган асарлари рўйхатида геодезия ва унга алоқадор масалаларга бағишлаб ёзган қирққа яқин асари кўрсатилган. Геодезия соҳасида бунчалик кўп асар ёзган олим ҳозирда ҳам кам учрайди. Демак, Беруний ўз даврининг буюк геодезия олими бўлиб, бундан минг йил илгари геодезиянинг бир қанча асосий масалаларини ечиш билан шуғулланибгина қолмай, балки илмий асарлар ёзиб бу фан ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Берунийнинг геодезияга доир асарлари мазмуни билан танишар эканмиз, унинг бу соҳадаги илмий ишларини қуйидаги беш асосий йўналиш бўйича олиб борганини кўрамиз:

    1. Ер шарининг ўлчамини аниқлаш.

    2. Географик координатлар бўйича тўғри ва тескари геодезик масалаларни ечиш. 3. Геодезия ва астрономия асбобларини яратиш ва такомиллаштириш.

    4. Инженерлик геодезиясига оид масалаларни ечиш.

    5. Картографик проекциялар ҳақида.  Қ. Норхўжаев. “Беруний ва геодезия фани”. Т. “Фан” нашриёти, 1973й.

     

    33 ”Берунийнинг 1018-1025 йиллардаги, яъни Ғазнадалик пайтида ёзилган “Геодезия” асари катта тарихий-илмий аҳамиятга эга бўлган фавқулодда буюк асардир. ... Беруний мазкур асарида Шарқда биринчи бўлиб геодезик астрономия ва геодезия фанининг асосий масалалари ягона комплексини келтиради. Бу қуйидагилардир: ёритгичларни кузатиш асосида географик координатларни аниқлаш; ... Беруний мазкур масалаларни ҳал қилишда бир қатор назарий ва амалий тавсияларни киритди, шунингдек, ўзи ясаган кўпгина асбоб-ускуналарни таклиф этди. Маълумки, юқорида қайд этилган масалаларни Ер куррасининг ўлчамларини билмай ҳал этиб бўлмасди.” П.Г.Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”, Т. “Фан” нашриёти, 1973 й. 29- бет.

    34 ”Геодезия” асари Ер ҳақидаги фанлар тараққиётида муҳим ҳисса бўлиб қўшилган бир қатор илғор концепцияларни кўрсатиб берди. Асардаги географик гипотезалар фан тарихи учун катта қизиқиш уйғотади. Беруний ҳамма жисмлар Ер марказига қараб интилади дейди. Шундан келиб чиқиб олим “чеккалардаги” оғирликларнинг мувозанати учун Ер ичида массалар ҳаракат қилиши ва кўчиб юриши лозим деб тахмин қилади. “Қуруқлик (материк. таъкид муаллифники) қисмлари бир жойдан бошқа жойга силжиганда, улар билан бирга уларнинг Ер чеккаларидаги турличага айланган оғирликлари ҳам силжиган”,  деб ёзади Беруний. “Араб географик адабиётларининг камчилиги,- деб кўрсатган эди И.Ю Крачковский,- илгариги илмий назарияларга кўр-кўрона эргашишдир деб ҳисоблаш мумкин. Улар греклардан ўрнак олиб, шимолий яримшарнинг тўртдан бир қисмидагина аҳоли бор деб ҳисоблашиб, иссиқ ҳамда ўта совуқ малакатларда яшаш мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрга ёпишиб олишди.” Беруний “геодезия” асарида антик географиядаги ана шу тезисга қарши чиқади. У Африка қирғоқларидаги Судан дашти билан параллель жойлашган ороллар ва Болтиқ денгизи соҳилларини одам яшайдиган жойлар деб ҳисоблайди. Птолемейнинг Африка қитъаси шакли ҳақидаги фикрига Беруний қатъий қарши чиқади. Птолемей Африка қитъсини  Ҳинд океанининг жанубий қирғоқларига ўхшаб шарққа томон чўзилган деб тасаввур этган. Шунингдек, Птолемей Ҳинд океанининг ҳамма томони берк бассейн деб ўйлаган. Беруний асарида Птолемейнинг Африка қитъаси ҳақидаги бу тасаввурлари нотўғрилигини ишонарли далиллар билан исботлаб беради.” П.Г.Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”, Т. “Фан”нашриёти, 31-бет.

     

    35 ”Аллома бу асари билан геодезия фанини мустақил фан даражасига кўтарди.

    Ер сатҳидаги жойларнинг ўринлари ва улар орасидаги масофаларни аниқлаш усулларини илмий жиҳатдан асослаб, баён қилди. Қуёш уфқининг пасайишини кузатиш орқали Ер куррасининг сатҳини ўлчади, денгизлар, океанларнинг жойлашиш ўринларини аниқлади. У жуғрофия тарихида биринчи бўлиб Африка қитъасининг жанубий томони океан билан туташ эканлигини кўрсатиб берди”. П. Шермуҳамедов. “Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати” Т. 2009й. 202-бет.

     

    36 ”Бу ҳолни Берунийнинг ўзи қуйидагича баён этади:”Мен ҳиндларинг астрономлари олдида турган шогирддек эдим, чунки улардаги нарсаларга ошно эмас эдим ва вазият-аҳволларини билмас эдим. Улар билан танишишга бир оз йўл тополгач, улар фанидаги қолоқликни ва бунинг учун браҳманларникидан баъзи далилларни кўрсатадиган бўлдим. Шунда улар менга қараб ажабланар ва мендан фойдаланишга интилар эдилар, улар қайси ҳинд олимлари билан учрашганимни, ҳатто бу илмларимни уларнинг қайси бирисидан ўрганганимни сўрар эдилар. Мен эса уларга ўз даражаларимни кўрсатар ва улардан жуда устун келар эдим. Ҳатто мени “сеҳргар” деб ва улуғ кишиларининг олдида эса илм денгизи ё сув деб мақтар эдилар. Бу ҳол эса, сув ачиб бузилса, уни тузатиш учун сирка зарур ва азиз бўлади деган мақолни эсга келтиради. Ҳиндистонда аҳволим мана шундай эди. Бу соҳага киравериш мени чарчатди. Шу билан бирга, ўша кунларда уларнинг китоблари бор деб гумон қилинган жойлардан тўплашга, ҳеч ким тенглашолмайдиган даражада қизиқардим, китобларни бекитиб қўйилган жойлардан топиб олишга йўл кўрсатувчи кишини олдимга чақириб, бахиллик қилмасдан, мумкин бўлганича, унга эҳсон қилар эдим. Шундай китоб вужудга келтириш иши мендан бошқа кимга муяссар бўлди! Лекин тангри муваффақият бериб, мен маҳрум бўлган ҳаракатларга қодир бўлган кишигагина муяссар бўлиши мумкин. Мен бу ҳаракатлар – буюриш ва қайтариш ишларида “Тут-қўй” деб ҳукмронлик қилишдан ожизлик қилардим. Аммо кифоя қиларли миқдорда ҳаракатга муваффақ бўлдим”. Абу Райҳон Беруний, танланган асарлар, 2 том, Т.Ўз ФА нашриёти, 1965, 36-бет.

     

    37 ”Э.Захаунинг фикрича, Беруний “Ҳиндистон” асарини 1030 йил 30 апрелдан то 1031 йил 19декабргача ўтган вақт ичида ёзган. Шундай қисқа вақт ичида, дейди у, бунчалик салмоқли, жумлалари ўта пишиқ, таҳқиқи зўр асар ёзганига таажжубда қоласан. ...Беруний ўз асарини жуда оғир бир даврда ёзди. Бу вақтда Эрон, Ўрта Осиёнинг ғарбини, Афғонистон ва Ҳиндистоннинг бир қисмини бирлаштирган Ғазнавийлар империясининг қулаш хавфи бор эди.      ...Бу асарнинг тўла номи “Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби” бўлиб, бу ном узун бўлгани учун уни қисқартириб “Ҳиндистон” деб аташган. Асарда ҳиндларнинг тангри ҳақидаги тушунчалари, уларнинг ақлий ҳиссий мавжуд нарсалар, жоннинг моддага алоқаси ҳақидаги фикрлари, руҳларнинг бир танадан иккинчисига ўтиши ҳақидаги қарашлари, мавжудотнинг жинс ва номлари, байрамлар, даъволар, мерос масалалари, қонун-қоидалар, жазолар, диний ҳукмлар, бут-санамларга ибодат қилишнинг бошланиши ва уларнинг йўсинлари, ҳиндлар грамматикаси, шеър ва бошқа соҳаларга оид китоблари, ҳинд ўлчовлари, хатлари, ҳисоблари каби масалалар жой олган.     ...дунёда одам яшайдиган ер қисмлари, муддат, вақт ҳақидаги тушунчалар, кеча ва кундуз, куннинг кичик бўлаклари, эралар, ой ва йилларнинг бўлаклари, ой манзиллари, етти қароқчи юлдузлар ҳақидаги фикрлари, ёритгичлар, уларнинг бир-биридан узоқлиги ва катталиги, денгиз сувларининг кўтарилиши ва пасайиши, Қуёш ва Ой тутилиши каби масалаларга тўхталган”.А.Ирисов, “Беруний Ҳиндистони”, “Беруний туғилган кунининг 1000 йиллигига бағишланган тўплам”, Т. “Фан” нашриёти, 1973, 131-бет.

     

    38 Ғазнада   Беруний Султон Маҳмуд элчилик девонининг амалдорларидан бири Абулфазл Байҳақий билан танишиб, яхши муносабатлар ўрнатди. Байҳақий кейинчалик машҳур тарихчи бўлиб етишди”. А.Отахўжаев. “Абу Райҳон Беруний” рисола. Т, 2011. 22-бет.                                 

     

    39 ”Бу асар 530 савол ва жавобдан иборат бўлиб, уни етти бобга бўлиш мумкин: 1. Геометрия; 2.Арифметика ва алгебра; 3.Астрономия; 4.География; 5.Хронология; 6.Астролябия; 7.Астрология ҳақида. Масалан, Геометрия боби 71, арифметика ва алгебра боби  48, астрономия ва математик география 204, астролябия боби 23, астрология боби эса 184 савол-жавобдан иборат.” А.Абдураҳмонов, Буюк Хоразмликнинг савол-жавоблари, “Гулистон”, 1969, 7-сон, 24-бет.

     

    40 ”Берунийнинг “ат-Тафҳим” китобидаги “Денгизларнинг чегаралари” бобида дунё харитаси илова қилинган. ...Бу хаританинг диаметри 12,5 см., айланаси ва қирғоқлари қизил сиёҳда қалин қилиб чизилган.” Ҳ. Ҳасанов, Ўрта Осиёлик географ ва сайёҳлар. 118-бет.

     

    41 матла – осмон жисмларининг чиқиш жойи

     

    42 ”Сайёралар ҳаракати”

     

    43 Арз – Ер курраси

     

    44 Беруний бошқа дунё ҳақида фикр юритар экан, у диннинг бошқа руҳий дунёсини назарда тутмай, балки бошқа моддий дунё тўғрисида, қайсиким эҳтимол бизнинг дунёимиз сингари табиий хусусиятларга эга бўлиб “ҳаракат йўналишлари эса бизнинг дунёимиздаги ҳаракат йўналишларидан фарқ қилади”, - дейди. А.Ж.Шарипов. “Беруний фалсафий қарашлари ва

    Аристотелнинг натурфилософияси”. Беруний туғилган куннинг 1000 йиллигига бағишланган тўплам, Т, 1973й. 77-бет.

     

     45 “Берунийнинг муҳим хизматларидан яна бири шуки, у Ер ҳаракати тўғрисидаги проблемасини дунёнинг геоцентрик ва  гелиоцентрик системаларининг геометрик нуқтаи назаридан тенглиги масаласини кўтариб чиқди. Беруний Ернинг айланиши масаласига геометрик ва физик нуқтаи назардан қараган. Агар Берунийнинг фикрича, геометрик нуқтаи назардан икки назария тенг ҳуқуқли бўлса, ундан ташқари Ер ҳаракатининг тан олиниши айрим қийинчиликларни ҳал этса, лекин физик нуқтаи назардан текширишда Беруний Ер ҳаракати таълимотидан келиб чиқувчи барча хулосаларни аниқлашда қатор тадқиқотлар олиб борди. Птолемей ва Аристотелларнинг агар Ер ҳаракат қиладиган бўлса, барча нарсалар ва ҳайвонлар бундан учиб кетиши мумкин деган эътирозларига қарши чиқиб, Ер билан жисмлар ўртасида ўзаро тортилиш кучларининг мавжудлигини эътироф этган. У шунингдек, Ернинг экватор бўйлаб ҳаракат тезлигини ҳисоблаб, ундан келиб чиқувчи тезликнинг ҳақиқий катта ҳажмларига ўзи ишонмай қолади. Лекин у кўрсатган Ернинг айланиш тезлиги умуман ҳозирги замонда ҳисоблаб чиқилган тезликдан деярли узоқ бўлмаган. Бу ўз замонаси ва айниқса, кейинги даврлар учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган” . А.Ж.Шарипов. “Беруний фалсафий қарашлари ва Аристотелнинг натурфилософияси”. Беруний туғилган куннинг 1000 йиллигига бағишланган тўплам, Т, 1973й. 76-77-78-бетлар                    

     

    46 1029 та юлдуз

     

    47 Берунийнинг бошқа дунёлар мавжудлиги тўғрисидаги тахмини унинг фалсафий ютуқларидан бири ҳисобланади.Аристотелнинг дунёнинг чекланганлиги тўғрисидаги системаси ҳукм сурган даврда Беруний бошқа дунёларнинг борлигини эътироф этди. ...  Ибн Сино Берунийнинг бошқа дунёлар ҳақидаги ғоялари беҳисоб дунёларнинг борлигини тасдиқловчи мантиқий хулосага олиб келади, бу эса сафсатадир деган бўлса, унга қарши Беруний “Агар софистлар деган ном уларга шу сабабдан берилса, унда мен ҳам бу номни олишдан бош тортмайман”, - дейди. Беруний фазовий жисмлар ва доирасимон ҳаракатнинг алоҳида хусусияти ҳақида Аристотелча таълимотни танқид қилиб, “Доирасимон ҳаракатга келсак, у табиатдан муҳитга (сферага) боғлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин”, - деб ёзади. Беруний илгари кетиб, ҳатто кейинги кашфиётларнинг олдини олиб фазовий жисмлар ва улар сфералари (муҳитларининг) эллипсоид шаклда бўлиш эҳтимоли ҳақида ўз фикрини баён қилган. . А.Ж.Шарипов. “Беруний фалсафий қарашлари ва Аристотелнинг натурфилософияси”. Беруний туғилган куннинг 1000 йиллигига бағишланган тўплам, Т, 1973й. 77-бет.

     

     

    48 “Ҳа, ростдан ҳам ўнинчи асрда “биз яшаб турган оламдан ташқарида ўзга олам ҳам бор” дейиш бориб турган шаккокликнинг худди ўзи эди. Бу фикрни айтиш учун буюк истеъдод, чуқур билим, илғор маърифат ва инсоний жасорат ҳам керак эди. Тўғри, Абу Райҳон Беруний ўзга оламнинг қонун-қоидаларини “ипидан-игнасига” қадар очиб, таҳлил қилиб бермаган бўлса ҳам унинг “Нотаниш олам “ ҳақида айтган ушбу фикри ўша давр учун чинакам маънодаги илмий ва инсоний жасорат эди. Бу ҳодисани ҳеч бир муболағасиз “Нисбийлик назариясининг хамиртурушларидан бири эди деб бемалол айтиш мумкин...    Тўғри,Абу Райҳон Беруний асарларининг ҳеч бирида “Нисбийлик назарияси” деган тушунча тилга олинмаган. Аммо унинг коинотнинг тузилиши, ернинг ҳаракати, жисмларнинг вақт ва фазо билан алоқаси, ёруғлик тезлиги, қуёш зарралари ҳақидаги кузатишлари, фикрлари ва қарашлари нисбийлик назариясининг тамал тошлари сифатида қимматлидир”.

    П.Шермуҳамедов. Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати. Т. “Ворис-нашриёт”, 2009йил, 303-бет.

     

    49 “Ўзининг ўткир зеҳни ила у барча элементлар, шунингдек оғирроқ элементларнинг бошқа элементлардан олдин марказга интилиши тўғрисида гапирган. “Ҳамма унсурлар марказга қараб интилади, лекин вазминроқлари бошқа унсурлардан ўзиб кетади”.Ташқи кўринишидан юқорига интилувчи олов ҳаракатини Беруний оғир элемент томонидан енгил элементнинг сиқиб чиқарилишидан иборат деб тушунтиради ва буни исботлайдиган экспериментини келтиради.Беруний “Ҳиндистон” асарида элементларнинг Ерга оддий интилиши тўғрисида эмас, балки барча оғирликларнинг Ер марказига тортилиши тўғрисида гапиради.Ундан ташқари Берунийнинг Ибн Синога эътирозларида фазовий муҳитнинг оғирлигини эътироф этиши, бу фазо жисмлари билан Ер ўртасида тортилиш кучлари борлигини тан оладиган фикрга яқинлашганлигини кўрсатади. (Бу ғоя “Бутун олам тортишиш қонуни”га асос бўлгани шубҳасиз. Муаллиф.) А.Ж.Шарипов. “Беруний фалсафий қарашлари ва Аристотелнинг натурфилософияси”. Беруний туғилган куннинг 1000 йиллигига бағишланган тўплам, Т, 1973й. 77-бет.

     

    50 ”Абу Райҳон Берунийнинг асарларида оламнинг тортишиш кучлари, ёруғлик тўлқинлари, ҳаракатнинг миқдори, таъсир ва акс таъсир ҳолатлари тилга олиниб, хулосалар чиқарилади. Масалан, унинг “Қонуни Масъудий” ва “Тафҳим” асарларида “Жисмларнинг ташқи куч таъсир қилмагунича ўзининг тинч ҳолатини сақлаб туриши” баён қилинган. Шу ўринда айтиб ўтиш зарурки, илм-фан тарихида инглиз олими Исаак Ньютоннинг “Инерция қонуни” (ҳар қандай жисмга ташқи куч таъсир қилмагунича у ўзининг тинч ҳолатини сақлаб туради) буюк кашфиёт сифатида кенг тарғиб қилинган. Ваҳоланки, инглиз олимидан олти юз йил аввал буюк

    бобомиз бу ҳақда илк бор фикр-мулоҳаза юритган эди”. П.Шермуҳамедов. Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати. Т. “Ворис-нашриёт”, 2009йил, 306-бет.

     

    51  Муҳаммад Ғазнавий

     

    52  Масъуд Ғазнавийнинг ўғли

     

    53 Бу воқеани қози Касир ибн Яқуб ал-Бағдодий ан-Наҳавий “Ас-Сутур” деган асарида фақиҳ Абу-л-Ҳасан Али ибн Исо ал-Валволижийдан эшитгани бўйича ёзиб қолдирган.

     

    54 “Беруний” деб қадимги Хоразмдаги аҳолининг шаҳар ташқарисига чиқиб яшаган ва у ерда бирон бир иш билан шуғулланган қисмига айтилган. Шу ўринда таъкидламоқ лозимки, “Хоразм” Орол жанубидаги машҳур шаҳар номидир. ...Берунийнинг ёшлик йиллари шу вилоятнинг икки туманида ўтган, яъни Оли Ироқ силсиласи шоҳларининг қароргоҳи Кот шаҳри, Оли Маъмун силсиласи шоҳларининг пойтахти Гурганжда ўтгандир.  ...Самъоний “Китобул ансоб” китобида ва бошқа муаллифлар ҳам ўз китобларида таъкидлаганларидек, Хоразм аҳолиси вилоят пойтахтидан чеккада яшовчи кишиларни  “Беруний” деб атардилар. Самъонийнинг фикрига қараганда, хоразмликлар шаҳар чеккасида яшовчиларни “Анбижак” деб ҳам атардилар. Хоразмликларнинг бу сўзи паҳлавий тилидаги “Авижак” яъни  “Нохолис” сўзига тўғри келади. “Беруний”   

    сўзи бўйича айтилган фикрларнинг энг тўғриси Самъоний фикридир. У шундай ёзади: “Ал Беруний – Хоразмнинг ташқарисига нисбат қилинган. Яъни кимки шаҳар ташқарисидан бўлиб, ичида яшамаса, унга фалончи Беруний дедилар, ўз луғатларида эса, “Анбижак” дердилар. Бу нисбат ила мунажжим Абу Райҳон Беруний машҳурдир”.  ...Яна бошқа бир нуқтаи назарларга қараганда (ибн Аби Усийбиъанинг “Уйунул унабо” китоби саҳифа – 549) Берунийни Ҳиндистоннинг “Берун” деган шаҳрига нисбат берилган. Бу Ҳиндистонда Мўлтон яқинида жойлашган бир шаҳарчанинг номидир. Лекин Абу Райҳонни бунга нисбат беришга ҳеч бир ишонарли далил йўқ, зеро Берунийнинг ўзи “Сайдана” китобининг муқаддимаси тўртинчи фаслида ўзининг хоразмлик эканлиги ва ўз тили хусусида аниқ ёзиб кетган. Ҳозирги Ҳайдаробод ўрнида бўлган Нийрун шаҳрини Берун деб адаштираёт ган бўлсалар керак. Охирги қараш шундайки, Берунийни Хуросон шимолида бўлган “Берун” қалъасига нисбат берадилар. Чунки у пайтларда бу қалъа Хоразм ҳудудига кирар эди. Булар мунажжим Абу Райҳоннинг  Беруний  номи билан аталиши юзасидан билдирилган турли қарашлардир. Уларнинг ичида энг ишончлироғи биз юқорида зикр қилган Самъоний фикридир.  ... Абу Райҳонни Хоразм вилоятидан бошқа ерга нисбат беришдан ҳеч қандай натижа чиқмаса керак...”    Эронлик олим доктор Забиҳулло. “Аҳволи ва осори Абу Райҳоний Беруний” – “Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва ижоди”, Теҳрон . “Беруний авлодлари” тўпламидаги таржимасидан .21-22 – бетлар. 1998 йил.

     

                             “Менинг туғилган вақтим Хоразм  шаҳрида юз берган бўлиб, унинг кенгламаси шимол тарафда 41о  21/  ва Мадинатуссаломдан шарқ йўналишида узоқлиги тўлиқ бир текис соат; туғилишим ҳижрий 362 йилнинг учинчи зулҳижжаси – пайшанба кунига тўғри келган”. П.Шермуҳамедов. Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати. Т. “Ворис-нашриёт”, 2009йил, 18-бет.

     Кот шаҳрининг энг аввалги номи “Хоразм” бўлган.Ҳатто юнон тарихчиси Ҳеродотдан олдин ўтган Ҳекатий ҳам Котни Хоразм (яъни “Орий замин”) шаҳри дея тилга олиб ўтади. Машҳур олим Ҳасан ал-Басрий, Саҳоба Абу Ҳурайра, Берунийнинг ўзи ва бошқа кўплаб манбаларда Кот (Кат) “Хоразм” деб ёзиб қолдирилган. Кот (Кат)  сўзи тепалик устига қурилган қалъа маъносини англатади.

     

    55  Беруний Ғарбда “Ал-Барон” номи билан машҳур бўлган.

     

    56 Океан ортида Америка қитъасининг борлигини бундан минг йил олдин Беруний айтганлиги барчага аён ҳақиқат.

    ”Бизнинг текширишимизча, ернинг шимолий(икки) чорагидан бири қуруқлик бўлганлигиидан, унинг ҳамқутр (диаметрал қарама-қаршисидаги) чорак қисми ҳам қуруқлик бўлишини тахмин қиламиз” А.Р. Беруний. “Фан ва турмуш” журнали, 1992й. 9-10 сон. Абдурасул Соатов. “Колумбда бор аламим маним”.

     

    Дунёларни  уйғотган  даҳо (достон) охирги 8-бўлим

     

    Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.


    Bilim All » Gu'rrin'ler bo'limi | 29-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 2822 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!
    +3


    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

    Тарих тасбеҳининг дурлари мисол Сочилган қалъалар минглаб мўъжиза. Қумларга кўмилган қуёшга тимсол, Ё тоғлар бағрида ётган феруза. Сирларингиз бир-бир оламан уқиб, Кўзимда иштиёқ,...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

      Қонимда мавж урар оловли ҳислар. Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр, Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр, Идроким тарихдан бир хилқат излар! Олтин сатрларга олмос ҳарф билан...

    “ТАМАДДУН НУРИ” журналида чоп қилиш учун мақолалар қабу ...

    Мақолалар Документ Miсrosoft Office Word 2003, 2007, 2010да, Тimes New Roman шрифтида, 14 кегелда, 1,5 интервалда 5 бетдан кам бўлмаслиги лозим. Мақоланинг биринчи бетида унинг номи, пастида муаллиф(лар)ининг И.Ш.Ф ва...

    “Aydın” intellektual turnirinin’ II reyting oyınlarının ...

    “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı baslang’ısh sho’lkemi janında du’zilgen “Ziyalı jaslar” intellektual klubı ta’repinen sho’lkemlestirilgen...

    “Aydın” intellektual turnirinin’ I reyting oyınları haqq ...

    2015-jıldın’ 16-yanvarınan 20-fevral aralıg’ında “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı...











 English Time


Login:
Parol:
«    Dekabr 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.