Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 6-бўлим

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 6-бўлим

    Барча эзгуликлар билим нафи туфайлидир. Билим билан ҳатто осмонга ҳам йўл топилади.

     Юсуф Хос Ҳожиб

               

                 1038 – 1040 йиллар

     

    Билим билан қулоч қўйиб осмонга,

    Юлдузлар сирига харидор тушди.

    Солди чархлаб зеҳнин тўртта томонга,

    Ўзга оламларнинг буржида учди.

     

    Мингдан ортиқ юлдуз сир-сифатини46

    Мукаммал жадвалда қилди намоён.

    Бу жадвал “энг аниқ” ёрлиқ, шартини

    Кўтариб юролди минг йил, бу аён

    Ҳар бир фалакшунос, илми толибга.

    Фанларни у солди тўғри қолипга.

     

    Бошқа оламларнинг борлигини у,47

    Маълум қилди фанга, ишончи собит.

    Ўша давр учун шаккокликдир бу,

    У илмга фидо, у бўлди обид.

    Бу йўриқда қилди Арастуни рад,

    Бу сўнгсиз заковат, буюк жасорат!

     

    У ёзди: “Вақт билан фазо ўзаро

    Алоқада бўлар. Лекин қай тарзда? –

    Жисм ҳаракати туфайли. Зеро

    Рўй берар мулоқот, айланар Арз-да.

     

    Жисм ҳаракати аниқланади

    Нисбатан ўзгаси ҳаракатига.

    Ҳодиса ўзгариб озиқланади,

    Олам мавжудлиги шу билан тугал.

    Дунёда ҳеч нарса ўзгармаса гар,

    Яъни борлиқ бўлса ботил ва турғун,

    Олам мавжудлиги шу заҳот тугар,

    На тонглар отади, на чиқади кун.

    Ҳолат ва ҳаракат, фазо билан вақт,

    Жисмлар, ёруғлик, нотаниш олам,

    Улар орасида қай мувозанат

    Ё қандай боғлиқлик борлигин одам

    Ўрганса очилар барча моҳият,

    Инсонга юз очар буюк синоат.

     

    Олам ҳаракатда, марказ кўп секин

    Ҳаракат қилади, туюлар гўё

    Ҳаракатсиз каби унинг асоси,

    Оламнинг маркази – сокин ибтидо.

    Ундан қанча йироқ – тезлик шунча шаҳд,

    Айланиш қамрови кенг, жаҳд серсамар.

    Олис сайёрада вақт шиддати нақ

    Ернинг бир йилида минг йил ўткарар.”

     

    Демак, вақтга мутлақ ўлчов йўқ бир хил,

    У нисбий тушунча, нисбий жараён.

    Бу ҳолга сабабдур жуда кўп омил,

    Уларни санадик, ўқувчим, аён.

     

    Қуёш нури, унда мавжуд ҳарорат,

    Фаслларга монанд Ернинг ҳолати –

    Фалакдаги тарзи, ўрни қай сифат

    Бўлганида қандай етиши нурнинг;

    Фалакнинг ҳавога ишқаланиши

    Ҳақдаги сўзидан лол қолар киши.

     

     

     

    Мана “Нисбийлик”нинг хамиртуруши!48

    Машҳур назария илдизи қайда!

    Кишининг бошидан учади ҳуши –

    Қуёшда яшайди, хоҳласа Ойда!

     

    Альберт Эйнштейн... машҳури жаҳон,

    Оламни ларзага сололган олим.

    Унинг қарашларин англаган ҳамон

    Жадаллик касб этди дунё ва илм.

     

    Ёруғлик тезлиги, вақт билан фазо,

    Улар алоқасин кўриниш тарзи,

    Жисм табиати, ҳаракат. Аё,

    Ахир бу Беруний изҳори, арзи!

    Олам манзараси, Коинот тарҳи

    У учун мисоли кафтдаги чизиқ!

    Бундай тафаккурнинг бормикан шарҳи,

    Закоси кўламин ким билар, қизиқ?!

    “Даҳо” тушунчаси бир мунча ғариб

    Ва камлик қилади Беруний учун.

    У илоҳий хилқат нурданми, таъриф

    Айламоққа сўзнинг етарми кучи?!

     

    Аллома сатрлар узра нақш этган

    Тортилиш кучлари бутун оламнинг,49

    Ёруғлик тўлқини ҳақида битган

    Китоблари мангу “илм” отли шамнинг

    Сўнмас зиёлари фанни нурафшон

    Айлаб йўл кўрсатар барчага ҳамон.

     

    Ҳаракат миқдори, таъсир, акс таъсир

    Ҳақда айтган олмос фикрлари бор.

    У айтар: “Ташқи куч қилмаса таъсир,

    Жисм тинч ҳолатда бўлар пойидор”.50

    Ахир бу Ньютон “кашф этган” қонун,

    “Инерция қонуни” дея аталур.

    Фарқи фақат вақтда, кўп аср олдин,

    Унга Абу Райҳон берган эди нур.

     

    Олти юз йил аввал айтилган бу сўз

    Буюк қонунларнинг шоҳона дури.

    Оламга бор бўйи юзланганча биз

    Деймиз “Бекор эмас ўзбек ғурури!”

    Бизда бунга сабаб етарли, не тонг,

    Ҳақиқат Қуёшдир, бир кун урар бонг!”

     

     

    Мушк-анбар ва билим бир-бирига ўхшаш нарсалардир, уларни ўзидан бўлаклардан яшириб сақлаб бўлмайди.

                                                             

                                                   Юсуф Хос Ҳожиб

                      

     Толиқиб қолдингми, дўстим, азизим,

    Ҳикоям чўзилди, айбим йўқ бунда.

    Даҳо қилган ишлар шу қадар азим,

    Таърифлаб бўлмас бир асар, бир кунда.

     

    Сўзларимни кимлар дерлар “маддоҳлик”,

    Кимнингдир чимрилиб қотар энсаси.

    Дардмандни тушунар юраги доғлик,

    Жоҳилга бир тийин дунё қиссаси.

    Кимлар балки дерлар: “Бу не даъволар?

    Ўзга олимларни камситиш-ку бу!

    Ньютон, Эйнштейн, бошқа даҳолар

    Илм меҳварини хомситиш-ку бу?

     

    Албатта, албатта, юрагим ютиб

    Айтган сўзларимдан қайтмайман асло.

    Ҳар қандай дамда ҳам кўксимни тутиб

    Дейман: “Абу Райҳон бемисл даҳо!”

     

    Лекин бу кимгадир лаънат ёғдириб,

    Иддао камарин боғламоқ эмас.

    Фақат бу кун мағрур, мардона туриб

    Асрий ғуруримни тикламоқ ҳавас!

     

    У тенгсиз олимлар заковатига

    Олам бош эгади, мен ҳам шу сафда.

    Сиёҳ қуйилганди зар давотига

    Минг йил бурун. Улар эгилган дафтар

    Ёзилиб бошланган бобом хатида,

    Шу битик дунёни тутди забтида!

     

    Унинг асарлари кўҳна Оврупо

    Дорилфунунларин айлади ишғол.

    Бор илмлар топди руҳидан сафо,

    Лек тан олинмади, ажабки, бу ҳол...

     

    Фахрим бор, юртимнинг сор ўғлонлари

    Тўлқин солди дунё чўнг уммонига.

    Европа-ю Ғарбнинг фидо жонлари

    Сўз олди кўз ташлаб Шарқ баёнига!

     

     

    Кичик билиб душманини писанд қилмас,

    Менсимаган ёви келиб элни олар.

                                                   

                                            Маҳмуд Кошғарий

     

                    1041 йил

     

    Масъуд илмпарвар, нозиктаъб султон,

    Илму-адабиёт шонли мухлиси.

    Давлат ишларида сакта ва сайрон,

    Маишат, майхўрлик унинг улуси.

    Насиҳат, маслаҳат қилмас унга кор,

    Менсимас ёвларни, ғанимларни ҳам.

    Баъзида дориса сезимлар, ҳушёр

    Тортиб салтанат чун чекар унсиз ғам.

     

    Муҳаммад51 ғимирлаб қолди жон иниб,

    Унга қарши янги куч бўлди пайдо –

    Салжуқийлар нусрат отига миниб,

    Унинг давлатига солди хавф, бало.

    Хатарнинг олдини олай деб Султон

    Олди қорахоний  маликани ҳам.

    Кимнингдир қутқуси билан у осон

    Маликани қувди беўй, бекарам.

    Жанг қўпти... Аламли мағлублик тотин

    Ютди у, начора, пиширган оши.

    Данданакон жанги топтади отин,

    Жуда қаттиқ, ўнгсиз ёрилди боши.

    Охир ўлдирилди, Панжоб, Марикал

    Қалъаси у учун бўлди кушхона.

    Дунё калаваси ўқсиз ва чигал,

    Баъзан шамлар ўчар тугамай ёна...

     

    Муҳаммад салтанат тахтига минди,

    Мавдуд52  унга қарши лек кўтарди бош.

    Мамлакатда тинчлик, осойиш синди,

    Салжуқийлар кун-кун топдилар ривож.

     

    Не бир замонларни кўрди аллома,

    Хавф-хатар, қутқулар, ўкинч, аламлар.

    Ватан соғинчидан куч олди ёна,

    Суянчиғи бўлди дафтар, қаламлар.

    Илм байроғини кўтариб шахдам

    Собит бораверди сафлар бошида.

    Инсоният учун энг йирик қадам

    Бўлди асарлари, тамал тоши-да

    Дунёни титратган кашфиётларга,

    “Устоз” мақоми бор улуғ зотларга!

     

     

    Ўзинг мангу эмассан, отинг мангудир, отинг мангу бўлдими, ўзинг мангудирсан.

                                                  Юсуф Хос Ҳожиб

     

      1042-1047йиллар

     

    Умр дарахтига тегдими хазон,

    Япроқлар узилиб бир-бир учарлар.

    Толе тоқидаги юлдузлар ларзон

    Тобора тўкилиб, унсиз ўчарлар.

    Кексалик суяниб ёғоч ҳассага

    Жисмининг қувватин емириб борар.

    Қилдек юк ҳам оғир пардек жуссага,

    Қулоқ – тош, кўз – коса, мавж қуриб борар.

    Белдан қувват кетди, жисмидан қудрат,

    Лек қўллари қалам тута олади.

    Гарчи оёғида мадор йўқ, шиддат,

    Уммондан ҳатламай ўта олади.

    Энди осмонни ҳам қўйди кузатмай,

    Гўзал чеҳрасига боқмаёқ қўйди.

    Юлдузларга қўлин қўйди узатмай,

    Э воҳ, шамчироғин, гавҳарин йўйди.

    Лекин кўксида бор ҳали бир қудрат,

    Қуёш боши тунни ёра олади.

    Заковати ёвқур, билими бе ҳад –

    “Ҳайт!” деса Зуҳрога бора олади.

     

    Замон талотўпи, сиҳат ташвишин

    Писанд қилмас бу жон, фидойи хилқат.

    Янги асар ишқи олмишдир ҳушин,

    Уни чорлайверар буюк бир ҳикмат.

     

    “Пирларим! Қўллангиз! Онам Қиётим,

    Сени шарафлайман умрим борича,

    Сенга бахшидадир умрим, ҳаётим,

    Майли, тиконингнинг бўлсам торича!

    Сени улуғлайман элим, элатим,

    Шарафим номингга бўлсин, шавкатим!”

     

    “Минералогия” – жавоҳир асар,

    Етмиш ёш етганда эшигин қоқди.

    Қалбида қайғудан қолмади асар,

    Шу фанда мангулик машъала ёқди.

     

    Икки қисм: бири минерал ҳақда,

    Иккинчиси металл ҳақда айтар сўз.

    Илмга бахшида ҳаёт, жон, аҳд-да,

    Фидолик олтин зеб, зако – олмос кўз.

     Ёқут, олмос, гранит, лаъл ва марварид,

    Олмос, зумрад, ҳақиқ, фируза, биллур,

    Аметист, ложувард, маржон, малахит,

    Нефрит, гагат, қаҳрабо, мўмиё ва дур.

    Каркидон шохи-ю магнитли тошлар,

    “Эчкитош”, “илонтош”, “ёмғир тортар тош”.

    Саноқда дош келмас тоғдаги тошлар,

    Ҳаттоки кун оғиб, қораяди қош.

     

    Мукаммал маълумот улар ҳақида,

    Қизиқарли қайдлар, нодир фикрлар

    Билан ушбу асар бу фан тоқида

    Қуёш бўлиб нурга айтди зикрлар.

     

    Иккинчи қисмда металлар таҳлил

    Қилинган бирма-бир, ҳар бир хоссаси.

    Бронза, жез, металл, қотишма ҳар хил

    Муфассал таърифин бор хулосаси.

    Турли тиллардаги номларин ёзиб,

    Моҳир тилшуносдек кўрсатган санъат.

    Фикрларин айтган назмда тизиб,

    Ноёб сатрларда гўзал шеърият –

     Моддаларнинг яхши-ёмон томони,

    Хусусияти дори-дармонликка хос,

    Қайдан қазилиши, қай юртда кони,

    Барча билимларни тўплаган олмос.

    Дунё олимлари ичра биринчи

    Бўлиб солиштирма оғирликни у,

    Ҳал қилди ажойиб тарзда, беқайғу,

    Кашф этди бир усул – рўёб илинжи.

     

    Олим асарида Ер юзидаги

    Қитъа, мамлакатлар бағридаги кон,

    Маконлар акс этган, ҳар сўзидаги

    Ҳарфларда маълумот уммон ва уммон.

     

    География билан геология

    Бу асардан топди сарчашма, булоқ.

    Бўйсундирган каби саҳрони туя,

    Қўриқларда зеҳни чақнади порлоқ.

     

    Сўнгра таржималар қилди дурдона,

    Достон, афсоналар – эзгу битиклар.

    Паҳлавийдан араб тилига қона

    Ундаги ғоядан қаддини тиклаб.

    Бу ишга чўнг ақл, гўзал лафз керак,

    Албатта шижоат ҳамда дов юрак!

    Бобомда бу хислат эди жамулжам,

    Хуш ахлоқ, гўзал қалб ва дов юрак ҳам!

     

    Ният-ку тугамас, лек умр чекли, 

    Йиллар бевафодир, қилмагай шафқат.

    Ким бўлма: подшоҳми, гадоми, бекми

    Йиллардан мағлубдир охир оқибат.

    Ҳа, йиллар... Умрнинг мезони – рақам

    Шаклида ёзилар ҳаёт байтига.

    Асл қиёфаси қувонч, ғам, алам,

    Афсус ва ғалаба, илинж дайдиган.

     

    Оқибат-чи? Ўлим!.. Ўлим... ким билар,

    Аслида ажални билмасмиз бизлар?

    Охирмас; бекат ё эшик; ва кулар

    Остонада ўзга олам, юлдузлар?!

     

     

     Тилак тиловчи унинг тугал бўлишини истайди, аммо ўзи тугагандан сўнггина тилаги тугайди.

                                                

                                                                            Юсуф Хос Ҳожиб

     

     

     

    Тилаклар тугамас, ниятлар ўлмас,

    Токи ғариб танда умидли жон бор.

    Покиза орзуни ўлдириб бўлмас,

    Кўмса-да жисминг йил, бошгинангни қор.

     

    Ёшликда берилган кўнгил ёмондир,

    Ўлгунча айрилмас бало бўлади.

    Тилакка бир чора – тўзимсиз жондир,

    Жон борки, кўнгил деб адо бўлади.

     

    Ёшликдан орзуси: бир асар ёзса,

    Гиёҳлар булбулдек турса чаҳ-чаҳлаб.

    Шифобахш гулшанда қанотин ёзса,

    Ҳикматин ёд олса, қалбида сақлаб.

    Инсонлар улардан топса шифолар,

    Дунёда қолмаса ҳеч дардманд одам.

    Кимки кўнгли тоза, яхшилик тилар,

    Ким шифо беради, ким берар алам.

    Ким ёвуз, ният ҳам шунга яраша,

    Ким эзгу, амали мудом эзгулик.

    Мана, эзгу иши асрлар оша

    Бағишлаб турибди унга мангулик!

     

    Шундай боқий асар ёзди аллома

    “Китоб ас-сайдана фи-т-тибб” номи бор.

    Ундаги ҳикматлар тома ва тома,

    Фаслу йиллар оша тўпланган иқрор.

     Ёвуз йиллар уни қўйди қаритиб,

    Эзгу ниятлар-чи, ҳали жуда ёш...

    Тургайми илмнинг йўлин ёритиб

    Сўнмай бу тафаккур, зако, қуёш бош?

    Кўзининг нурлари сонсиз китоблар

    Саҳфалари узра тўкилиб қолган.

    Қувватини сўнгсиз бедор кечалар,

    Безовта кундузлар тортқилаб олган.

     

    Ан-Нахшаий кўмак берди, шукурки,

    Уни ардоқловчи шогирдлари бор.

    Устоз бахти ўзи аслида шулки,

    Ундан сўнг ҳам йўли бўлса пойидор.

     

    Минг бир юз ўн олти доривор модда,

    Шу миқдор фаслда айланган таъриф.

    Тартиб “алифбе” тарз, тили соф, содда,

    Ўттиз бир лисонда қайд бўлган маъруф.

     

    “Сайдана” кўрсатди: Беруний етук

    Доришунос, асло қиёси йўқдир.

    Табиб, ҳакимларга бу нодир битик

    Асосий қўлланма, ниқ мағзи тўқдир.

     

    Доришуносликка асос солган ҳам,

    Не бахтки, ғурурим, менинг бобомдир.

    Олам олимлари бўлиб бир кун жам,

    Қай фанни кўрсалар, асос бир номдир:

     

     

    Барчасига тамал тоши Беруний,

    Тиниқ сарчашмаси, боши Беруний!

     

    Оҳ, ёвуз кун, йиллар, бешафқат фурсат,

    Мадорин тобора олдилар сўриб.

    Толе кўрсатмади сўнг бора ҳиммат,

    Асар таҳририни кўзлари кўриб,

    Ўзининг қўли-ла айлолмас адо,

    Наҳот тугаб борар, наҳот у адо?..

     

    Ҳавас билан боқар шамнинг бўйига,

    Нақадар адл, тик, нақадар шамшод.

    Ёниб битмоқлиги келмас ўйига,

    Ёна-ёна охир бўлмоғи барбод...

     

    Фидолик йўриғи шудир аслида,

    Атрофни чароғон, нурафшон қилмоқ.

    Оламни зиёга тўлдириб ўзи

    Нур соча, нур соча тугаб соб бўлмоқ...

     

    Шамга боқиб ўйлаб қолди аллома,

    Ўйлари қалбига солдилар талош.

    Билмас эдики у тугамас ёна,

    Ахир у шам эмас, ахир у – Қуёш!

     

                          

     

     

    Қора ер қаъридан то авжи Зуҳал,

    Коинот мушкулин барин қилдим ҳал.

    Кўп чигал тугунни англадим, ечдим,

    Ечилмай қолгани биргина ажал.

     

                                            Абу Али Ибн Сино

     

     

     1048 йил  11 декабрь

     

    Машъум чодра ичра ётар бир офтоб,

    Ўлим чодрасида... тақдирга кўниб.

    Юрак-бағри ёниб бормоқда шу тоб,

    Қароғида зиё тобора сўниб...

     

    Оз умр кўрмади толе бўлди ёр,

    Юртлар, мамлакатлар, сарҳадлар ошди.

    Фақат юрагида биргина дард бор,

    Фақат бир сабабдан кўзлари ёшли.

     

    Туғилди, камолга етказди бир Юрт,

    Пойини Жайҳундек жўшқин Қайс ўпган.

    Кенгликлари дунё қучоғида қут,

    “Эй кўҳна диёрим, азим Кот, Бушканз!”

     

    Кўзлари юмилиб кетди...  ўнгми-туш –

    Онаси бағрида ўтирганмиш шод.

    Отаси қўлига китоб берганмиш,

    Дермиш: сен албатта уни олгин ёд!

     

    Китобни қўлига олгани замон,

    Ичидан бир юлдуз чиққанмиш ёниб.

    Айтармиш: мен билан кезасан жаҳон,

    Отанг ва онангга олгин сен қониб.

     

    Сўнг уни учириб кетганмиш олиб

    Муҳташам саройга: ахир бу Ал-Фир!

    “Сен бунда “Мажлис”га бўласан толиб,

    Африғий шоҳ меҳри сенга мунтазир.

    Дунёга учирма бўласан шундан,

    Сенинг Ватанинг Кот муқаддас гўша.

    Руҳинг бунга учиб келгандир Кундан,

    Кўплаб сайёралар, юлдузлар оша.

    Нечун айнан Котга? Билгин эй ўғлон,

    Бу ерлар орийлар шонли Ватани.

    Дунё тамаддуни шу ерда нишон

    Бериб, маълум Арзга илдиз отгани.

    Бу ерда кўп олим, уламо ўтган,

    Ўйлайсан – қалъалар ўзи кўкарган?

    Мозийнинг кўксин оч, каромат битган

    Манзиллар тамаддун қаддин кўтарган!

    Расадхоналарга боқ, айтгин ўзинг,

    Юксак тафаккурсиз бўлурми барпо?

    Ҳа, улар етуклар. Лек сенинг сўзинг

    Уларнинг лошига жон айлар ато.

    Нечун? Инсоният сенга эди зор,

    Зарур эди одам учун билимлар.

    Инсонлар минг йиллар чекишиб озор

    Етолмаган бахти – кўплаб илмлар,

    Китобларни энди уларга етказ,

    Умрингни илм деб, илм деб ўтказ!

     

    Шудир сенга Кўкнинг берган қисмати,

    Олимлик шарафинг, илм улфатинг!

     

    Ватандан кетасан ҳали кўп йироқ,

    “Беруний” номингга толеинг монанд.

    “Райҳон” илдизингда жаннатий тупроқ,

    Беҳиштдан бўлгансан сен Котга пайванд.

    Энди эса ўқи, илм излагин,

    Ҳали Она Ерни кафтда тутасан.

    Дунёни бир назар билан кўзлагин,

    Юртингни тарихга мангу битасан!

    Билгинки, чекингга шу шараф тушган,

    Олам бўйлаб учар бир йўлчи қушсан!”

     

    Шундай дея юлдуз китобга кирди,

    Китоб-чи, Устознинг қўлида пайдо.

    Ибн Ироқ унинг ёнида турди,

    Китобдан таралди бир ёруғ зиё.

    Нурланиб, нурланиб, уча бошлади,

    “Устоз, ушланг! Усто-о-оз!”, - бўғилар нафас.

    Чўчиб кетди, уйга назар ташлади,

    Ғазнадаги уйи, асло Кот эмас...

    Қаради – шогирдлар турибди қатор,

    Ҳамма нарса бисёр, йўқдир ҳеч ками.

    Бўғзида ёшлари ёнар шашқатор,

    Унга керак ҳозир фақат Ватани!..

     

    Оҳ, юраги куйиб, сиғмас кўксига,

    Кўкраги сиқилиб, қайтар нафаси.

    Илм уни кўтарди фан чўққисига –

    Ҳикматлар мангудир, дунё вафосиз.

     

    Ҳа, дунё вафосиз, йўқдир субути,

    Барчани ўйнайди минг хил мақомда.

    Дунё работига меҳмонлик қути

    Ва ёки кулфати бор ҳар инсонда.

     

    У эса Қуёшнинг тубига етиб,

    Бутун синоатин билмоқ истади.

    Начора, шунча илм қилса-да, битиб

    Қолмади муроди, ажал қистади.

    Ҳа, у остонада, энди йўқ фурсат,

    Ўйлаган ишлари қолар нотамом...

    Мангу кетмас бирор кас борми, кўрсат,

    Биздан қолажаги – амал, сўз ва ном.

     

    Ундан қолажаги – нурли китоблар,

    Азиз фарзандлари мангу барҳаёт.

    Китоблар – нурафшон умридан боблар,

    Шу иншолар борки, даҳо ҳам ҳаёт!

     

    Бир ўзига келиб,  кетиб ўзидан,

    Аллома ўлим-ла курашар беҳол.

    Сўниб бормоқда нур гавҳар кўзидан,

    “Келиб нени билдим?”, - ўртайди савол.

     

     

    Чиқиш эшиги бу – кириш эшиги,

    Очилар ахир у шаксиз қайгадир.

    Бу дунё инсоннинг буюк бешиги,

    Бешикдаги умр ҳали нимадир?

     

    Шу дам қонуншунос ал-Валволижий,53

    Беморни кўрмакка келди қайғуриб.

    Устоз аҳволидан қони увушиб,

    Қолди кўзларида фарёди туриб.

     

    Даҳо эса деди шу ҳолат ичи:

    “У кун “ал-жиддат ал-фосида” ҳақда

    Нима деган эдинг, гапириб бер-чи,

    Тезроқ бўл, сўнгги дам ўтиб бормоқда!”

    Шундай ҳолатда-я?! – “Эй нодон инсон,

    Мен ўтиб кетяпман, билмаганимни

    Яхшироқ эмасми, узилмасдан жон,

    Билиб кетсам, алқаб руҳим, танимни?”

     

    Ўша масалани ал-Валволижий

    Тушунтирди устоз руҳин аллалаб.

    Даҳо ёдлаб олди такрорлаб, фожеъ

    Содир бўлмасидан. Кўнглида талаб

    Сўнгги нафасда ҳам илмга бўлди,

    Шу кез ҳам илм боғин чечагин юлди.

     

    Сўнгра ўзи ваъда қилган нарсани

    Ўргатди ҳабиби қонуншуносга.

    Ҳаёт билан ёвуз ўлим орасин

    Нур айлаб, ўгирди дамин олмосга.

     

    Ул кас чиқиб кетди қалбида ҳайрат,

    Ихлоси юз чандон, минг чандон ошиб.

    Бундайин ҳолатни кўрганми талъат,

    Кўрганмикан само даврлар ошиб?

     

    У уйдан чиқди ҳам, юмилди мардум,

    Фанга бу фидойи, жоннисор кўзлар.

    Бундай фидоликни биларми гардун,

    Шу зайл сўнмаган ҳатто юлдузлар...

     

    Ожизман... сўз ёзмас қаламим сакта,

    Қайси сўз келтирар бу ҳол баёнин?

    Азизим, ўзинг ҳам бир ўйлаб боқ-да

    Айтгин, ким қайғурмас шундай дам жонин?

     

    Ўлим тўшагида илм қайғуси...

    Балки кимдир буни дейди ёлғон гап.

    Тўғри, бошқаларда қўрқув туйғуси,

    Ширин жон қутқуси, ваҳми келар зап.

     

    Лекин бу аллома, ахир бу ДАҲО,

    Унинг тафаккури тамом ўзгача –

    Киприги-қошининг ғубори ҳатто

    Ўлимдан боқийроқ. Ажал тизгача,

    Йўқ,йўқ, товонига чиқа олмайди,

    Руҳининг қанотин бука олмайди.

     

    Дунё дунё бўлиб бундай фидолик,

    Мардлик, қаҳрамонлик кўрмаган тамом.

    Бундай теран ҳаёт бир унга молик,

    Бундай ўлим топмоқ бир унга ором.

    Унга икки эмас, минглаб дунёлар

    Ярим қадам эди, кўзин ораси.

    Бу эшикдан чиқиб бошқа зиёлар

    Оламида кечиб юргандир фасл.

    Бизнинг олам аро яшаб ўтгани

    Бир муддат бўлса-да бемисл шараф!

    Инсоният шонин мангу этгани

    Буюк хилқат удир келган биз тараф!

     

    Эй Ватан, шундай зот сенинг ўғлонинг,

    Мен ҳам фарзандингман, айламассан рад.

    Фақат мен бир зарра, гард, нотавонинг,

    Сени куйламоққа дилдан қилган аҳд!

     

    Сени ва Даҳони!.. Журъатим қандай

    Кўтариб турибди бу зарра таним?

    Боиси  шажарим – Бобом бор шундай,

    Орқамда сен борсан, УЛУҒ ВАТАНИМ!

     

    Мен ёздим ўлимни эзган бобомни,

    Ўн саккиз оламни кезган бобомни.

    “Барча даврларнинг буюги” номин

    Ватан, таърифингга тизган бобомни!

     

    Дунёларни  уйғотган  даҳо (достон) 6-бўлим

     

    Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.


    Bilim All » Gu'rrin'ler bo'limi | 29-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 1660 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 5-бўлим

    Искандар илгидан қолди замона, Дунёни қўлида тутар бир Эгам. Мен омонат, сен менга омонат, Нечун бу озорлар, ғавғолар нега?   Йил бир мингу ўттиз, авжи баҳорда, Юртгиру, довонгир Ғазнавий...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим

    Тарих тасбеҳининг дурлари мисол Сочилган қалъалар минглаб мўъжиза. Қумларга кўмилган қуёшга тимсол, Ё тоғлар бағрида ётган феруза. Сирларингиз бир-бир оламан уқиб, Кўзимда иштиёқ,...

    Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим

      Қонимда мавж урар оловли ҳислар. Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр, Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр, Идроким тарихдан бир хилқат излар! Олтин сатрларга олмос ҳарф билан...

    “Aydın” intellektual turnirinin’ II reyting oyınlarının ...

    “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı baslang’ısh sho’lkemi janında du’zilgen “Ziyalı jaslar” intellektual klubı ta’repinen sho’lkemlestirilgen...











 English Time


Login:
Parol:
«    Noyabr 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.