Ёмонликнинг шахобчалари кўп бўлса, уларнинг асоси тама, ғазаб ва илмсизликдир.
Абу Райҳон Беруний.
1017 йил
Суҳбатдош, биласиз, тарих урушлар,
Жанглару фитналар таратган жаранг.
Султон Маҳмуд бошлаб найранг, қилмишлар,
Уруш камонини тортди-ку таранг.
Маъмундан бўйсунмоқ талаб қилди у,
Гарчи Хоразмшоҳ унга куёвдир.
Тақдир ўйини бир ғалат, бир ғулу:
Кеча қариндошлар, кун келиб ёвдир.
Рози бўлди Маъмун кўзлаб юрт тинчин,
Қон тўкмак эмас эл эгасин бурчи
Деб хутбага қўшиб Маҳмуднинг номин
Ўқитмоққа қарор қилди, бу зомин
Бўлди ҳукмдорнинг азиз бошига,
Оғу қотиб тотли таом, ошига.
Ўз бошли қайсарлар, ақли ноқислар,
Ўйлагайми асло элнинг боласин?
Ҳар ишда улар ўз фойдасин кўзлар,
Хиёнат уларга бўлгандек расм.
Амалдорлар, юзсиз лашкарбошилар
Исён бошлаб, шоҳнинг бошин едилар...
Ўғил Абул Хорис тахтга шошилар –
Содиқмиз, фидомиз сизга, дедилар.
Эҳ, нодон шаҳзода, кунинг битди-ку,
Ҳалокат пойингда пайтин кутди-ку...
Доно маслаҳатин Абу Райҳоннинг
Тингламай, Маҳмудга боқди беписанд.
Аллома сезганди ҳидини қоннинг –
Султон Маҳмуд келиб, айлаб занжирбанд,
Хоразм шоҳларин бутун авлодин
Кундага ётқизди, қўймай зурёдин.
Бу не ҳол?.. Бу офат, бу мисли бало,
Ватан оёқ ости, топталган ори...
“Замона зўрники экан аввало,
Паймона – кўрники...” – бу халқнинг зори.
Шашқатор ёш билан ювилган юзи,
Абу Райҳон ватан дарди-ла бемор.
Чорасизлик, алам очирмас кўзин,
Бундан-да оғир ғам наҳот бошқа бор?
“Мажлиси уламо”, биринчи навбат
Албатта Беруний кетмоқлиги шарт!
Халқин омонлиги, ўзининг тинчи,
Тақдири аллома қўлида албат.”
Султон Маҳмуд тўплаб аҳли Мажлисни,
Кўп бор тилга олди Беруний исмин.29
Эй бевафо дунё, бу не маломат,
Замоннинг гардиши бунча тескари?
Кетса бир лаҳзада кетаркан омад,
Илғамай қоларкан инсон кўзлари.
Ватандан айрилмоқ... қирқ тўрт ёшида...
Бақувват илдизни чопмоқ эмасми?
Нақ куннинг ўртаси, авж қуёшида
Шамсни кўмиб, тун-ла ёпмоқ эмасми?
Халқ ҳоли не кечар? У боис кулфат
Қоқиб турса ҳар уй, ҳар бир эшикни?..
Яхшимасми кўзин қопласа зулмат,
Халқин йиғлатгунча? Юртига ишқни
Лозим юртдан кетиб қилмоғи исбот,
Бу қандай қабоҳат, қандай истибдод?
Ватандан ташқари кетар бўлди у,
Биларми, айрилиқ энди абадий,
Биларми, у энди мусофир мангу,
Энди манглайида Ватан ғурбати...
Мардлар Ватан дея ўтга тушарлар,
Ўлмас Самандардек кўкни қучарлар!
Олиб учадилар юртининг шонин,
Шиддати шопирар замон уммонин!
Аё, келган жаҳонга, эзгулик эт,
Ёмон ишни ёмонларга қўюб кет.
Сайфи Саройи
Тарихга из солган зот Султон Маҳмуд,
У ҳақда фикрлар минг хил, турфа ранг.
У ҳақда нақллар бўлмаган унут,
Шу кунгача сочар турфа хил жаранг.
Кўплаб манбаларда адолатли шоҳ,
Халқпарвар, юртпарвар, тадбиркордир у.
Кўпгина китоблар чекадилар оҳ,
Золим, жоҳил, қотил, бадкирдордир у.
Ажаб... бир одамга минг бир хил баҳо,
Бундай мураккаб зот кам эрур рости.
Балки у бир ботил, балки бир даҳо,
Ҳайратда Ер усти, Осмоннинг ости.
Низомулмулк айтар: “Бир кун савдогар,
Султонга ўғлидан қилди шикоят:
“Шафқат қил, Султоним, ўзинг ол хабар
Мен фақир ҳолидан, айла иноят.
Мен савдогар эдим, энди сарсонман,
Шу кунларга қўйди мени шаҳзода.
Олтмиш минг динорлик моли талонман,
Лекин сен, одил шоҳ, борсан дунёда.
Тенглик-ла ҳал этсанг менинг савдомни,
Қози олдида ҳам айтгум даъвомни.”
Султоннинг ғазаби ҳаддан зиёда,
Ўғлига хат ёзди ушбу маънода:
“Савдогар ҳақини топиб бер дарҳол,
Йўқса унинг бирла қозига йўл ол.
Қозининг ҳукмини не деса бажар,
Йигитга уятдан афзалдур ханжар!”
Шаҳзода тахт айлаб султон сўзини,
Юрт олдида ёруғ қилди юзини.
Маҳмуд одиллиги бўлди овоза,
Савдогарлар учун олтин дарвоза
Бўлиб қолди Ғазна севимли макон,
Султонга таҳсинлар ўқиди жаҳон.
Бир куни нонпазлар қилмадилар иш,
Нон дўконлар ёпиқ, Ғазна нонга зор.
Ризқсиз қолди бева-бечора, дарвеш,
Бу неъмат ғамида халқ чекди озор.
Султонга келдилар шикоят айта,
Маҳмуд сўрди:”Нонвой сардори қайда?
Фармоним: шу заҳот сардор тутилсин,
Филнинг оёғида нобуд этилсин!
Яна қайси нонпаз қилмаса ишин,
Кўрсин бошига не кунлар тушишин!”
Ҳукм ўша заҳот қилинди ижро,
Халқнинг нон ўтинчи айланди бажо.
Яна айтурларки, бир куни Султон
Дебди вазирига :”Эмасман хушрўй.
Истайманки, меҳр билан мен томон
Боқса халқим кўнгли тўла эзгу ўй.
Қандай қилсам унинг меҳрин қозонгум,
Фақат шу истакнинг ишқида ёнгум.
Хушчеҳра подшони севар ахир халқ,
Орзум: дийдоримга бўлса юрт илҳақ!”
Вазир Ҳасан унга айтди хуш калом:
“Бойликни ўзингга душман тут тамом,
Шунда халқинг сенга илтифотли ёр,
Хуршидинг кўрмакка бўлади хумор!”
Таомлар улашди элига Султон,
Хайру садақани расм айлади.
Халқи тайёр унга бермоқликка жон,
Фуқаро кўнглини тамом бойлади.
Деди: “Хор айладим зарни, дунёни,
Ўзим эса азиз бўлдим шу они!”
Бу янглиғ ривоят, нақллар бисёр,
Халқ олқиш, дуо-ла уни этган ёд.
Агар у золиму, бўлса у хунхор,
Бундай ҳикоятлар бўларми кушод?
Юртларни беаёв босди, талади,
Вайрон қилди қанча обод манзилни.
Кўп элларга номи даҳшат солади,
Исканжага олар қанчалаб дилни.
Дини исломни у ўрнатмоқ учун,
Черков, бутхонага келтирди қирон.
Шу мақсадни дея элларнинг тинчин
Бузди, тўкди сонсиз ва бегуноҳ қон.
Шаҳарларин бузган айлади обод,
Ёндирган юртларин буркади гулга.
Кўприклар, масжидлар, саройлар бунёд
Айлаб, равон йўллар бахш этди элга.
Унгача бўлмаган “Султон” мақоми,
Султон кўрмаганди ислом олами.
“Султон” дея ўзин айлаган эълон
Подшоҳни Маҳмудда илк кўрди жаҳон.
Лак-лак қўшинида темир интизом,
Ўлимга ҳам тайёр, “Маҳмуд” деган ном
Учун ҳар бир жангчи ўтга ҳам тушар,
Унинг рухсатисиз учолмас қушлар.
Салтанати буюк, ҳудуди беҳад,
Ҳаттоки чумоли ошолмас сарҳад.
Ҳар битта нуқтада унинг кўзи бор,
Ҳаво қулоғидур, қилар хабардор –
Улкан мамлакатда нелар кечётир,
Султоннинг қудрати ҳар нега қодир.
Қатъий бўлмаса гар – беклари саркаш,
Золим, қонхўр бўлиб қилмаса саваш
Душманлари уни топтаб кетарлар,
Оёғи остида қанча хатарлар.
Ғазнада асради тўрт юз саккизта
Шоир, олимларни, ҳомийлик қилиб.
Бундайин одамни истама, иста –
“Тушунмадим” дейсан ҳайрона, тўлиб.
Аталурлар улар “шахс зиддиятли”,
Билмайсан: яхшими, ёмон ниятли?
Энди шу одамга Беруний қарам,
Бўлмасин-да, Тангрим, ораси таранг...
Бу жаҳон жангдирки қаранг найлагай,
Зарра билан зарра ҳам жанг айлагай.
Жалолиддин Румий
1017 йил
Ватан олисларда қолди қўл етмас,
Соғинч – оғир касал, йўқдир давоси.
Кўз олдидан Бушканз, гўзал Кот кетмас,
Янграйди қалбида Хоразм саси.
Султон Увайс тоғи... қадрдон, кўркам,
Қанийди айланса унинг тошига.
Зарра увоқчаси бўлганида ҳам,
Тушмасмиди бундай кунлар бошига.
Майлийди, кичик бир гиёҳ бўлса ҳам,
Юртда қоларди-ку нозик илдизи.
Даштларда қўй ҳайдаб юрган бўлса ҳам
Майлийди, шу унга толе юлдузи...
“Мовий кўллар... Сирли, сеҳрли кўзгу,
Нечун тақдиримни кўрсатмадингиз?
Толемни эртароқ билсам гар, мангу
Сизда қолмасмидим бўлиб бир ялпиз.
Оҳ, Жайҳун, онажон, ибтидосан сен,
Юртимга, элимга, менга, ҳаётга.
Улуғлардан улуғ чўнг маъвосан сен,
Нечун томчингмасман тўла баётга?
Сенинг соҳилларинг кўнглим дулдули,
Унга миниб ахир кўкка учардим.
Райҳонлар уфурсанг, жаннатнинг гулин,
Уммон ошиб янги дунё очардим...”
Димоғига бирдан Котнинг шир-шакар
”Гурваг”ининг30 ҳиди келгандек бўлди.
Тўкилди кўзидан шашқатор гавҳар:
Наҳот орзу, умид, ниятлар ўлди?
Ахир унга Ватан ота ҳам она,
Фарзанду оила, ёру баҳорди.
Оловнинг тиллари кўксида ёна-
Ёна, бағрин алам ўртаб юборди...
Аҳд қилди: юртини буркар шарафга,
Донғини таратиб тўртта тарафга.
Хаёл оғушидан чиқди ўшал дам,
Уни йўқлаб келмиш саройдан одам.
Султон чорламишдир ҳузурига тез,
Фармон: шитоб етмоқ кўшкка ушбу кез.
Ҳа, Султон кечирмас лаҳза учун ҳам,
Сўзин икки қилмоқ ўлим билан тенг.
Алломани босди оғир ўй, чўнг ғам,
Бу олам бепоён, бўлса ҳамки кенг
Дучлаштирди уни шу Султон билан,
Афзалмасми учса хас, сомон билан?
Олим ҳаялламай отланди йўлга,
Не сабаб йўқлаган экан, ишқилиб
Тинчлик бўлсин, дея тез оқар жилға
Каби сарой томон кетди шошилиб.
Султон ўлтирарди Ҳазор боғининг31
Тўрт эшикли кўшки устида хуррам.
Истарди унинг кайф, вақти чоғини
Янада безаса ёрқин, шавқли дам.
Шунда Берунийни истаб қолди У,
Кўнглига бир шумлик, сирни солди У.
Олим етиб келди, кўркам, улуғвор,
Султон деди унга: “Заковатли зот!
Дунёда қандайин тилсим, савол бор
Маҳв қила олурсан, айларсан барбод.
Лекин менинг кўнглим хоҳиш-истагин
Била олурмисан, олими замон?
Юлдузлар, оламнинг етти фалагин
Тадқиқ айлаганинг каби бегумон?
Мен ҳозир бу ердан кетаман чиқиб,
Лек қайси эшикдан?! Шудир муаммо!
Жавобини ёзгач, саволим уқиб,
Гиламим тагига қўйгину, аммо
Тила, башоратим тўғри чиқсин деб.
Йўқса бошинг бўлар кунда учун зеб!”
Абу Райҳон сўрди: “Беринг астурлоб!”
Баландликни ўлчаб, ўйлади бир пас,
Бир парча қоғозга ёзди-ю жавоб,
Қўйиб гилам ости, ростлади нафас.
“Топдингми?” “Ҳа, топдим!”. Урди қаҳ-қаҳа
Ва буюрди султон: “Қани, очинглар!”
Ҳамма қотиб қолди, қўрқиб шу дафъа,
Берунийга ётми энди очунлар?
Шарқ томондан очиб эшик бешинчи,
Маҳмуд чиқиб кетди тантана билан.
Бундай бўлишини биронта синчи,
Ромчи-ю фолчилар билмаслар,бундан
Султон Ғазнавийнинг кўнгли тўқ эди,
Фикрича ҳеч бундай одам йўқ эди.
Буюрди: “Келтиринг энди қоғозни,
Абу Райҳон битган ўшал дил розни!?”
“Тўртта эшикдан ҳам чиқмагай Султон,
Бешинчи эшикни очдирар шарқдан.
Шундан чиқиб кетгай ато айлаб жон
Мендек надимига кун тилаб Ҳақдан!”
Маҳмуд ғазабига йўқ эди сарҳад,
Олимни саройдан улоқтирмоққа
Буюрди, жаҳлига бера олмай банд.
Абу Райҳон гўё қўрдан ўчоққа
Йўлиққандек пастга учар шитоб, зўр,
Аммо ўша жойга тутилганди тўр.
Тўкилмади Абу Райҳоннинг мўйи,
Тик турди ҳеч нарса бўлмаган кўйи.
“Уни олиб чиқинг!” буюрди Султон,
Келтирдилар беайб олимни шу он.
Деди Маҳмуд: “Айтгин, эй Абу Райҳон
Шуни ҳам олдиндан билармидинг сен?”
Беруний хижолат чекди: “Ҳа, Султон,
Билардим! Шу учун тўр солдирдим мен.”
“Бу олимнинг тили чиндан ҳам узун.
Менга-я! Тилини тийса ўларми?
Шошмасин, соламан жойига кўзин,
Шунда ҳам сайрарми ёки куларми?”
Дея ўйлаганча айлади фармон:
“Беруний ҳозироқ қилинсин зиндон!”
Аллома олти ой ҳибсда бўлди,
Сомондек сарғайди, гул каби сўлди.
Ниҳоят вазирнинг кўшиши билан
Абу Райҳон чиқди ёруғ дунёга.
Ҳақ сўзни айтди-ю тортди ғам-алам,
Мана, нолишлари етди самога.
Олти ой! Айтишга осон албатта,
Зое кетди олти олтиндек ойи...
Нималар қилмасди ахир бу пайтда
Ижодга интилган вужуди, ройи.
Алломанинг ўктам муомаласи
Келган бўлса ҳамки Султонга малол,
Илми, тафаккури, қалби, хулласи,
Жасурлиги чиндан қилган эди лол.
Лекин айламасди ўйларин зоҳир,
Ҳукмдорлар мағрур бўларлар ахир.
Устоз ибн Ироқ, ибн Хамморлар
Билан суҳбат қуриб босилар хумор.
Яхшиям улар бор, чин ғамгусорлар,
Пешидан юрт ҳиди келар беғубор.
Интиларди Султон Маҳмуд Ғазнани
Айлай деб илм-фан, ғазал маскани.
Юртлардан фатҳ этган, нафақат ашё,
Китоблар келтирар эди дурдона.
Кутубхонаси бор беҳад пурзиё
Оламга донгдору, ноёб, афсона.
Саройида тўрт юз шоир қалами
Машғул эди ғазал, достон назмига,
Ҳеч чекмас эдилар тириклик ғамин,
Тасаннолар айтиб Султон азмига.
Аллома безавол илму фан бирла
Шеърият кўрки-ла қалбини безар.
Фанний билимларин гоҳ назмий дур-ла
Арз этиб, шеърият боғида кезар.
Ғазаллар таржима гўзаллигидан
Ўқиган кўнгиллар тушар ҳайратга.
Даҳонинг закоси олмосми, маъдан –
Шунча қирра нозил битта сийратга!?
Саройда муҳташам мушоиралар,
Шоирлар оларлар мукофот, инъом.
Кундан кун забардаст байтлар яралар,
Эътироф ва иззат энг улуғ пайғом!
Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси – жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи – гавҳари ҳам биз.
Умар Хайём
1017-1018 йиллар
Шундай кечаверди кунлар бирма-бир,
Кўнгилда Она юрт соғинчи билан.
Маъюс тортиб гоҳ-гоҳ ўкинди дилгир:
“Сени қачон кўргум Онажон, Ватан!
Наҳот қайтолмасам ҳеч вақт, ҳеч қачон?
Наҳот умрим энди ўтар ғурбатда?
Олисда ҳам кўнглим сен-ла нурафшон,
Шарафга буркайман номинг албатта!
Эй юртим Хоразм, онажоним Кот,
Сени деб йиғлайман, чекаман фарёд...
Лек танда жоним бор, айланар қоним,
Сени улуғлайман, ота маконим!”
Дея чўнг шаҳд билан олди қаламни,
Янги асар учун шайланиб дилдан.
Итқитиб ташлади қайғу ва ғамни,
Мақсад сари қадам ташлади илдам.
Тилаб Яратгандан қувват ва имдод
Буюк бир асарга қалам урди у.
Руҳи ҳурлар каби бўлолди озод –
Ернинг шамойилин аниқ кўрди у.
“Геодезия” – Ернинг аниқ ўлчами,32
Радиус, айлана, уфқ пасайиши,
Манзил, масофалар ҳақда кечами,
Кундузми демайин, умр ёз-қиши,
Кўкламларин сарфлаб ёзилган асар,
Сара хазинадан энг асл гавҳар.
Нақадар маҳобат, не чоғ шижоат,
Тафаккур уммони нақадар теран
Бўлмоқлиги лозим, бундай азамат
Асарнинг дунёга келмоғи зотан
Бепоён билимни қилади талаб,
Машъал ёқмоқ керак юракни қалаб!
Асарнинг учдан бир қисми ёзилди,
Бу бизга айтишга осон, тил учи!
Даҳонинг жигари-бағри эзилди,
Сарфланди қанчалик тафаккур кучи.
Билим сарф қилинса, яна-да ошар,
Заковати тенгсиз касб этар қудрат.
Фақат бир сабабдан кўзида ёшлар,
Ёлғиз бир муаммо қийнайди... фақат
Унинг ишларига лозим маблағ йўқ,
Ҳеч замон очларни қайғургайми тўқ?
Султонга ялинмоқ... нақадар оғир,
Юраги ёнади, ёнмоқда бағир...
Нотугал китобин олиб қўйди у,
Мусофирлик нима, яна туйди у.
Шундай турганида дили вайрона,
Султон хизматкори келди шошилиб,
Ҳузуримга тезда келсин аллома,
Деган буйруғини шамолдай елиб
Етказди, қуюндек қайтди саройга,
Беруний ҳам илдам етди ул жойга.
Султонга латиф, хуш айлади салом,
Маҳмуд шаҳд-ла деди: “Айт-чи, батамом
Қайдадир мумкинми бўлмаслиги тун,
Худди қаердадир бўлмагандек кун?”
Даҳо жавоб қилди: “Аё ҳукмдор,
Бу гапни мухтасар айласам баён,
Маълум бир жойларда ёғмагандек қор,
Аллоҳ амри-ла тун бермайди нишон”.
Султон миниб олди ғазаб отига,
Уни отмоқ бўлди жаҳл ўтига.
Узоқ турк юртидан келган бир элчи,
Ҳикоясин такрор қилди-ку баён.
Унинг айтишича жанубий қутб,
Денгиз орқасида айланар аён
Қуёш. Айланару, бўлмас эмиш тун,
Шу “даҳрий” султоннинг бағрин этмиш хун.
Ғазнавий жабридан қўрқмай даҳшатли,
Беруний масала тўнини ечди.
Вазмин, сокин туриб сўзида аҳдли,
Муаммо дарёсин этик-ла кечди.
Таажжубки, Маҳмуд тушиб ғазабдан,
Сўзлардан қаноат қилди-ку ҳосил.
Беруний айлаган теран жавобдан,
Юраги яйради, чарақлади дил.
Бунда турган баъзи бахил, ғайирлар
Ўйлаган эдилар – жазоси тайин.
Агар қайрилмаса бундайин “шерлар”,
Фалокат қўпмасми, дерлар атайин.
“Жасур дегандилар, мана, ҳақиқат,
Хоразмлик экан ғоят довюрак.
Бундай тил илмда бўлади фақат,
Бундай дил шерларда бор бўлса керак!”
Дея ич-ичидан кўплар берди тан,
Беруний закоси, жасур қалбига.
Маҳмуднинг раъйи ҳам ушбу фурсатдан,
Унга мойил бўлиб, олим дардига
Қулоқ солмоқликни дилига тугди,
Тафаккур ва илм шундай буюкдир!
Бошини доша уриб, дони элакдин ўтмай,
Мушт емай, ўт ичина солсалар, нон ўлмаз.
Эй йигит, маслаҳатинг билгали бир ПИР керак,
Бекамон ўқ неча тузлик ила паррон ўлмаз.
Сўфи Оллоҳёр
1019 - 1025 йиллар
Мурувват ўнг кўзи бўлди Султоннинг,
Олимга хайрли томондан боқди.
Қуёшсиз маъноси қолмас осмоннинг,
Мурувватсиз подшо сувсиз булоқдир.
Беруний закоси топди эҳтиром,
Маҳмуд марҳаматлар тўка бошлади.
Ер, Осмон илмига бўлиб қолди ром,
Қалбига эзгулик назар ташлади.
Асбоб-ускуналар, чўнг тадқиқотлар
Учун аямади ақчани Султон.
“Сирларимиз сенга!” дер коинотлар,
Беруний кафтида ястанди жаҳон.
Буюк ниятлар кўп кўнглида, умр
Вафо қилса, танин тарк этмаса жон,
Олиб келмагунча шум ажал кўмир,
Унга Ер давотдир, дафтардир Осмон.
“Геодезия”ни олиб қўлига33
Давомин битмоқ чун чекди риёзат.
Юлдуз, Ой фонуслар тутди йўлига,
Коинотга сайр – зўр истироҳат.
Офтоб билан қилди дўстлик, ошнолик,
Ерни “Онам” дея таништирди у.
Самовий дўстлари – сайёрлар солик,
Зебо чаманида кезиб юрди у.
Энг ўтли сирдоши Қуёшдир туғли,
Шамсни ҳам ром этди даҳо, Ер ўғли!
Илм чироғининг пилигини у,
Ушбу асар билан кўтарди юз газ.
Башарнинг тусмолли билигини у,
Тўғри йўлга солди, қолмади фараз.
Шижоати уфқи чексиз, бепоён,
Фикрлар салмоғи тоғларни букар.
Қитъалар силжишин, кўчишин уммон
Эшитсак – сочларда оловли туклар
Тургандек, тандаги ҳар бир ҳужайра
Ичида қўрқувдан югурар жайра.
Ернинг миллиард йиллик кечмиш, тарихи 34
Гувоҳдир: кўп бўлган бундай ҳодисот.
Кўп бора ўзгарган она Ер тарҳи,
Законг ҳайратидан лолман, даҳо зот!
Ер таги қатлами, масса кўчиши
Ҳақда ҳам гапирган очиқ кўз билан,
Ер юзида кўчса кузи ва қиши,
Шарҳлай оламизми лойиқ сўз билан?
Бу илоҳий хилқат, илоҳий даҳо,
Ўзга сўз демоққа ожиздир тилим.
Ишлари кўламин ўйласам гоҳо,
Ортга тортиб кетар қўрқувдан дилим.
Бу эски оламда бир нарса бунёд,
Айлаки, мангуликка халқинг этсин ёд.
Хусрав Деҳлавий
1022 – 1030 йиллар
“Алиф”ни билмаган “Бе”ни сийламас,
Илмнинг қадрини олимдан сўра.
Кўрга рақс тушиб берганинг яхши,
Жоҳилга куй чалиб бергандан кўра.
Йиғлагин дардингни айтиб дардмандга,
Азоб нима соғлар қаёқдан билсин?
Рақамла тарихни фақат абжадга,
Лўлининг тошида рақам не қилсин?
Дунёларни кезди матлаби илм,
Маърифат қуёши тождир бошида.
Зар-зеварнинг қадри унга балки қум,
Олтин арзон зако тоғин тошидан.
Ҳиндистон ўлкаси! Сирли, заҳматкаш,
Илмлар макони, тиллонинг кони.
Кўҳна маданият дунёга пешкаш,
Тилсимли битиклар, дурлар ошёни.
Беруний Султон-ла бўлиб ҳамқадам,
Ҳиндистонга қилди кўп бор сафарлар,
Мақсадин унутмай бир лаҳза, бир дам,
Илм майдонида қучди зафарлар.
Нандна қўрғонида яшаган вақтда,
Амалга оширди буюк орзусин.
Етишди ниҳоят орули бахтга –
Аниқ ўлчай олди Ернинг радиусин.
Ахтариб юргани – бепоён саҳро
Устида турарди беҳад юксак тоғ.
Пасайишин уфқнинг ўлчаш-ла адо
Айлаб тадқиқотни кўнгли бўлди чоғ,
Оддий асбоб билан тоғ тепасида,
(Ҳеч бир компьютерсиз) тенги йўқ даҳо!
Ер юзида олим исталган шаҳар,
Координатасин аниқлаш учун
Бутун билимини қилди сафарбар,
Топди мақсадининг рўёбини чин.
Бу оғир машаққат, чўнг меҳнат асли,
Машаққат ёридир, меҳнат эгизи.
Тафаккур туғёни нурафшон тусли
Ёритиб юборди бутун Ер юзин.
Айтсам тугамайди асар тавсифи,
Гулхандан бир учқун чақнатдим холос.
“Геодезия” – бу Ернинг таснифи,
Фалакдаги ўрни, табиати хос.
“Геодезия”-ла шу номли фанга
Қўйиб кетди олим мустаҳкам асос,
Географияда устун оҳангга
Катта ўзгартишлар киритгани рост.
Чунончи, Африка жануби – Уммон,
Унда туташади Атлантика, Ҳинд
Баҳрлар қўшилиб кетишин замон
Олимлари ҳатто қилмаган тахмин.
Илоҳий заковат нишонаси бу,
Билим ва меҳнатнинг чин шонаси бу!
Кимдир дейди буни “кўзи очиқлик”,
Балки шундай, балки удир хос инсон.
Бу қадар илмга, фанга содиқлик
Кўрсата олур ким бўлса бенишон?
Оллоҳ уни Ерга юборган балки,
Инсонларга илм кўзин очсин деб.
Ўша даврларда одамга билки,
Билим зарур бўлган худди ҳаётдек.35
Ҳиндга келганида Беруний етук
Эди машҳур алломаи замона.
Ўйларди: бу топган илмим гўё тук,
Ҳали билмаганим тубсиз уммон-а...
Ҳинд тили, тарихи, фан, фалсафаси,
Адабиёт, ҳисоб, илм конига
Ўзини ташлади, гапнинг қисқаси,
Ва шундай тоғларни эта олди забт,
Шундай ютуқларни киритди қўлга –
Айтар кўз устига ёпиб туриб кафт,
Қайси юлдуз солар қаерга кўлка.
47 ёшида энг мураккаб тил,
Санскрит билан бўлди чин ошно.
Гўёки Ҳиндистон унга гўзал гул,
У-чи, асалари барглари аро.
Бу гулнинг ифори, пояси, барги,
Ҳар бир ҳужайрасин айлади тадқиқ.
Билиб олди қандай қувончи, дарди,
Буюк китобга шаҳд айлади балқиб.
“Ҳиндистон” асари шонли воқеа
Ўзин ижоди не , жумла жаҳонда.
Гўё у саҳрога бўйсунмас тева,
Маҳобатли кема сўнгсиз уммонда.
Асарда саксон боб – саксон хазина,
Саксонта буюк тоғ кўкларга ёндош.
Самога қўйилган саксонта зина,
Саноқсиз машаққат, бемисл бардош.
Санскрит тилида даҳо аллома
Ҳинднинг олимлари билан қилди баҳс.
Улар ўз билимин дейишди дона
Томчи. Уни денгиз, дарё тугамас.36
“Ҳиндистон” ёзилди қисқа даврда,37
Бу тенгсиз матонат, ҳадсиз жасорат.
Мамлакат, вазият етганда жарга
Шундай асар ёзмоқ! Бу қандай қудрат!
Унгача бўлмаган бундайин асар,
Сўнг ҳам туғилмоғи – умид бесамар.
Пок диллар нелардан олади қувват?
Она, Ватан, дўст, ёр меҳридан чашма.
Она юрт олисда, ёри илм фақат,
Бу иккала бахтдан қисмат карашма
Айлаб комронликни кўрмади раво,
Ёлғиз дўстлик толе саҳнида наво.
Дўсти Берунийнинг олим Байҳақий,
Котиби давлатдур, амалдордир ул.38
Бўлолди даҳога ҳабиб ҳақиқий,
Дўст билан мазмунли ҳаёт ҳар тугул.
Ғазнавий тарихин ёзаркан олим,
Сўрди Берунийдан Хоразми воқеъ,
“Хоразмнинг машҳур кишилари”ни
Унга бағишлади даҳо, дарвоқе
Соғу омонлигин Ибн Синонинг
Байҳақийдан билиб беҳад бўлди шод.
Гулгун ёшлигида мунис ошнонинг,
Суҳбатини қўмсаб чекди изтироб.
“Олисда бўлса ҳам, майли, соғ бўлсин,
Мени эслаганда кўнгли чоғ бўлсин!”
Дея ул даҳога тилади умр,
Ўтган гул давронни эслади бир қур.
Фанлар водийсида суриб отини,
Олган марралари ақлга сиғмас,
“Ойнинг манзили”ю, “Соя талқини” –
Мавзунинг ўзида тилсим улуғмас,
Буюкмас деб қай кас бўлур домонгир,
Илм майдонида ғолиб жаҳонгир
Абу Райҳон жаҳон илмин султони,
Қучган зафарлари Ватаннинг шони!
530 савол жавоби билан
“Юлдузлар илми”ни қилди нурафшон.
Асарда мужассам топгандир осмон,
Фазо равоғини гуллатган чаман.
Битик бағишланган зот Райҳонадир,
У балки гўзал қиз, мушфиқ онадир,
Балки зукко зотдир, азиз бир сиймо,
Фанга номаълумдир сийрати, аммо,
Ким бўлмасин даҳо айламиш ҳурмат,
Бизга ҳам кифоя қилгай шу албат!
“Ат-Тафҳим” номи-ла топди таваллуд
Фанлар фазосининг бу йирик буржи.
Жаҳолат “оҳ”идан кўтарилди дуд,
Мадори қуриди, қолмади кучи.
Бу буржда чақнаган юлдузлар гўё
Кема, ёриб кирган само дарёсин.
Нафақат Заминда кашф этди даҳо,
Забт этди фалакнинг ҳам Амриқосин.
Энг биринчи манзил эрур “Ҳандаса”,
“Ҳисоб”дур бу буржда иккинчи маъво.
“Сон”лар шаҳрин қучган оҳанг ундаса
“Олам тузилиши” янгратган наво
Имтиҳон қилади “Илми нужум”ни,
Шу ўлкалар ташкил қилар “Тафҳим”ни.39
Ҳа, фанлар бобида бу янги қитъа,
Тамом янги диёр оёқ етмаган.
Бобом назаридан бурканди қутга,
Қолмади шубҳалар бадар кетмаган.
Ушбу асарида очун сурати –
Дунё харитасин ёзди соҳир даст.40
Бу қомус – мисоли олам сийрати,
Коинот ўқига таянч забардаст.
Замин акси, осмон харитасини
Мангуга нақш этди бу қутлуғ рассом.
Варақлаб Еру-Кўк жаридасини
Дастхат чекиб қўйди – шу сарлавҳа, ном:
“Заминнинг юлдузи, Зуҳросидир Кот!”
Зиёси бор экан, даҳо барҳаёт!
Самонинг жавоҳир сандиғин очиб,
Жавҳарларни бир-бир ўткарди кўздан.
Олтин “Астрономия калитин” топиб,
Надимликка ўтинч олди юлдуздан.
Шоҳ бўлди юлдузлар каҳкашонида,
Ой билан Шамс турди икки ёнида!
Муаллиф: Мунаввара Қурбонбоева.
Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 3-бўлим
Она юрт! Ҳавоси тамом бошқача, Ҳаттоки қумларин сургулик кўзга! Бунда меҳрлидир чағир тошгача, Таърифин сиғдириб бўлмагай сўзга. Устоз хонадони, қадрдон гўша... Уни...
Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 2-бўлим
Тарих тасбеҳининг дурлари мисол Сочилган қалъалар минглаб мўъжиза. Қумларга кўмилган қуёшга тимсол, Ё тоғлар бағрида ётган феруза. Сирларингиз бир-бир оламан уқиб, Кўзимда иштиёқ,...
Дунёларни уйғотган даҳо (достон) 1-бўлим
Қонимда мавж урар оловли ҳислар. Ҳақиқат истадим, меҳринг бўлди ёр, Ватаним! Эй шонли, қадимий диёр, Идроким тарихдан бир хилқат излар! Олтин сатрларга олмос ҳарф билан...
“Aydın” intellektual turnirinin’ II reyting oyınlarının ...
“Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı baslang’ısh sho’lkemi janında du’zilgen “Ziyalı jaslar” intellektual klubı ta’repinen sho’lkemlestirilgen...
“Aydın” intellektual turnirinin’ I reyting oyınları haqq ...
2015-jıldın’ 16-yanvarınan 20-fevral aralıg’ında “Kamolot” JJH A’jiniyaz atındag’ı No’kis Ma’mleketlik Pedagogikalıq Institutı...