Зиёд қош қорайганда ишдан қайтиб, ювиниб олгач, отаси ётган хонага кирди. Ота пинакда экан. Уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида бориб, кўрпача устига чўккалади. Ўғли тафтини сезган ота анча салқи ташлаган қовоқларини кўтариб, кўзларини очди.
– Ассалому алайкум, мен келдим… Яхшимисиз, ота?!.
– Шукур. Бугун анча тетикман! Ўзингнинг ишларинг қалай?.. – Ота енгил йўталди.
Чини билан бугун отаси анча бардам кўринарди. Ёноқларига бироз қизиллик югурган, қароқларига нур ингандай. Овози ҳам янгроқроқдек эди.
– Раҳмат, ота! Бир нави… Шу-шу ремонтдамиз…
Зиёд одатдагидек кечки овқатни отаси билан бирга қилди. Аниқроғи, аввал отаси учун тайёрланган ширгуручни ичишди, кейинроқ келтирилган шовладан ҳам тотишди.
Ўн икки бармоқли ичак яраси ташхиси қўйилган Худоёр ота аввал туман шифохонасида, кейин вилоят марказида даволанди. Билгич мутахассисларнинг икки ойчалик муолажаси наф бермади. Ахийри дўхтирлар Зиёдни чеккага чақиришиб, «Биз қўлдан келганини қилдик…» дейишди. Операцияни кўтара олмасмиш… Кекса вужудга ҳадеб дори қуяверишнинг ҳам нафидан кўра зиёни кўпмиш.…
Мана, уйга қайтганига ҳам бир ҳафта бўлди... Кундуз кунлари келини, неваралари қарайди. Тунлари Зиёднинг ўзи. Чиқиб кетган қизлар, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар бирор кило олмами узум, анорми нашвоти, наввотми парварда дегандай кўтариб, ҳол-аҳвол сўрагани киришади. Умри бўйи дурадгорлиги билан элдошлари ҳожатини чиқарган ота бугунги кун худди қилган хизматларининг ажрини олаётгандек эди.
Кейинги кунлар Худоёр ота негадир бундан ўн йил аввал ўтган кампирини кўп эслайдиган одат чиқарди. Ёлғиз қолса қопқадан кўзини олмайди. Гўё ҳозироқ эшик очилиб, кампири кириб келади. «Отаси, сизга нима бўлди?» деб аҳвол сўрайди. Кати ёнидаги курсига ўтириб, доимо бир текис ғалати симиллайдиган билаклари, панжаларини уқалайди…
Ниҳоят нигоҳи чарчаб, кўзларининг туб-тубида оғриқ ҳис қилади. Қавоқларини юмади. Икки дунё, ўзи ва кампири орасидаги чегарани кўргандек бўлади. Тўсиқ – осмон тоқи билан туташ, заминдан ўсиб чиққандек юпқа бир зангор парда. Юпқа-ю, аммо ҳеч нарса кўринмайди. Чол кампирининг шарпаси, овози илинжида пардага яқинлайди. На шарпа сезилади ва на бирор сас эшитилади. Шабада, шамол эсишини, парданинг кўтарилишини кутишга қарор қилади, ўт-ўлан устига ёнбошлаб олади. Имкон туғилди дегунча ўша ёққа ўтади, кампири ёнига кетади…
Ота кўнглидан кечаётган бу хил хаёлу рўёлар таъбирини ўзича йўрийди. Марҳумлар келиб, ўзига чорласа бошқа гап… Истагига қарамай, уни ҳеч ким йўқламаяпти, на ота-онаси ва на соғинган кампири. Демак, ҳали ёруғ оламдаги насибаси тугамаган. Рости – кутавериб чарчади!..
Барибир тадорик кўриш керак. Дўхтирлар бир нарсани билишадики, уйига қайтаришди. Қурсоғидаги оғриқ ўша-ўша, тез-тез борлигини билдириб туради…
– Зиёд ўғлим, – деди ота анор сиқаётган ўғлига, – сендан минг бир марта розиман! Келин.., навараларимдан ҳам. Илоё, қаторларингдан кам бўманглар…
– Ота, қўйинг бундай сўзни… Яхши нарсаларни ўйланг. Ҳали кўп яшайсиз. Мана, кўрасиз… Кундан кунга бери қараяпсиз-ку…
Шу пайт Зиёднинг чўнтак телефони чақириб қолди. Қараса – нотаниш рақам. Отасига пиёла тўла шарбатни тутқазаркан, «узр» ишорасини қилди. Қўшни туманда яшовчи қуролдош жўраси Чори экан. Хонани тарк этмоқчи бўлиб, ўрнидан турди-ю, отасига бир қараб қўйиб, яна ўтирди. Овозини бир парда пастлатиб, мулоқотга киришди:
– Рақамимни қаердан олдинг?
Тасодифни қарангки, Чорининг қизи Асал Зиёднинг Тошкентда ўқиётган Хосияти билан курсдош экан…
– Ўзларимиз фронтдош, қизларимиз курсдош, орадан қил ўтмайдиган дугона бўлишса…
Чори Зиёдни хотини билан уйига таклиф қилди. Зиёд боролмаслигини айтди. «Отамнинг тоблари йўқ. Тузалганларидан сўнг ўйлаб кўрарман», – дея гапни калта қилди.
– Ўша жўрангми? Қўйлиқирлик, кўпкаридан гапирадиган… – Қошларини уюриб, эслади ота, – боришмай кетганларингга ҳам ўн йиллар бўп қолди-ёв?..
– Ҳа-ҳа, шу!.. Ўшандан бери бир марта кўрдим. Термизда, бозорда… Бунгаям ҳам беш-олти йил бўлди. Келинглар дейди, бола-чақа билан. Борди-келди қилайлик дейди…
– Чақирса, бор!.. Сийлашганга не етсин, болам.
– Ахир сиз… Сизни шу аҳволда…
– Мен яхшиман! Бойна шуни айтмоқчи эдим… Бугундан бошлаб бола-чақанг ёнига ўт. Жуда зарил топсам, телефонингга чиқаман. Жўрангга боришни ҳам ўйлаб кўр. Ҳадемай экин-тикин бошланиб кетади, боролмайсан…
* * *
Зиёдни дарвоза олдида Чорининг ўзи кутиб олди. Бошида нерпа кепка, эгнида аллақандай қўнғир мўйна билан астарланган калта жинси куртка… Кўчадан энди келиб, машинасини жойлаётган экан. Жўрасиникидаги ўзгаришларни кўриб, Зиёднинг юраги ўйнади: уйини таъмирлаб, атрофига семон тўшама ётқизибди; терма ёғоч дарвоза ўрнига замонавий бўртма нақшли темир дарвоза ўрнатибди; «Тико»сини «Каптива»га айлантирибди.
– Мабодо Алибобонинг хазинасига йўлиқмадингми, ё олтин балиқ тутдингми?.. – Ҳазиллашди у жўрасининг оғушидан чиққач.
– Ҳар иккаласи десанг ҳам бўлаверади, – кулди Чори, – қани бўмасам, ичкарилайлик!.. Оббо, сен-е-ей.., нега йўлга чиқдим деб қўнғроқ қилмадинг? Кутиб олардим ўзим. Районда кўп туриб қолмадингми, ишқилиб…
– Йўғ-ей, «Дамас» ярим соатчада тўлди…
– Ҳа, ҳозир улов масаласига гап йўқ!
Зиёд даҳлиздаги кийимилгич олдида ечинаётиб, тошойнадаги ўз аксига кўзи тушиб, бир фурсат туриб қолди. Телпагининг юнглари сарғайиб, сийраксиганини, асли қора бўлган пальтосининг яғрини кулранг тортганини сезди. Саратону қаҳратон ҳавосида пишиб, кўпчиган юзи ҳам кийим-бошидай униқиб, эскиргандай кўринди… Юрагини хижилликми, армонми, уятга ўхшаган алланучук туйғулар эзғилади. Буни илғаган Чори жўрасини гапга солди:
– Қойил! Барибир сен зўр келдинг. Қачон келувдинг сўнгги сафар?..
– Тўққиз йил бўлаяпти, янглишмасам. Машу мошин турган айвоннинг пойдеворини қуяётгандинг… Отанг ўсал ётувдилар…
– Умр дарё дегани тўғрикан, тез оқаркан… Отамни ҳам, бир йил ўтиб энамни ҳам оқизиб кетди…
– Уйда ҳеч ким йўқми дейман, бола-чақа қайда?..
Суҳбат чой устида давом этди. Чори укаси Асқар ва унинг бола-чақаси билан яшаркан. Уч кўча нарида ўзи учун икки қаватли янги иморат қураётганмиш. Олддаги ёзда битаркан… Чорининг хотини – Дилбар Россияда, болалари қайин юртида – қўшни қишлоқдамиш…
– Россияда нима қилади?.. – Ҳайратини яширмади Зиёд.
– Нима қиларди, савдо қилади. Мева-чева, кўкат сотади. Ҳафта сайин обориб тураман. Қайтишда ҳам бўш келмайман. Йўловчилар кўп… Қани, мана булардан олиб ўтир! Ҳадемай келин ҳам келиб қолади…
Келинидан бурун укаси келди. Қуйиб қўйгандек акасига ўхшаган Асқар Зиёд билан ачомлашиб кўришди. Аввалги келганида мактаб ёшида бўлган ука кап-катта йигит – икки фарзанднинг отасига айланибди. У масруру мамнун, бироз озғинлик, уст-бошидаги одмиликкина укани акадан фарқлантирарди. Икки пиёла чойдан кейин Чори укасини ишга юмшади:
– Тоғбегиникига бориб келасан, қўнғироқ қилиб, тушолмадим. – Чори Зиёд томон бир қараб қўйиб, сўзида давом этди, – уйда гўшт кўп-у.., тоғники бошқача бўлади. Бир-иккита какликми, алқор гўштими опкегин. Бектимир топиб беради. Ўзини ҳам опке!.. Ноз қилмасин. Эртага акамнинг ўзи опкеб қўяркан, дегин. Бензининг борми? Йўғаса, «Каптива»ни мин…
Асқар бир соатларча вақт ўтиб, ёлғиз ўзи қайтди. Тоққа текширув келган экан. Бектемир меҳмонлар билан бўлиб, чарчабдимиш…
– Нари-берига чарчамасди-ку?.. Ҳа, майли!.. Бугун ҳамманинг ҳам чарчайдиган куни шекилли… – Чори дўстига ўгирилди. – Сенларни бир таништирай девдим. Каттаман деб, димоғ қилмайди… Бег акамни иштирокида бошлармиз девдим, бўмади. Майли, насиб этган вақти бордир… Хўш, меҳмонсан-ку, танла. Қайсинисидан бошлаймиз?.. – Хонтахта ўртасидаги узун-қисқа шишаларга ишора қилди мезбон.
Зиёд отаси бетоблиги важҳидан қишлоқдаги катта-кичик тўй-ҳашам, зиёфатларда ҳам ичмай қўйганига анча бўлганди. Шишаларга қараб, ютинганини билмай қолди.
– Ихтиёринг. Ўзинг қайсини хоҳласанг…
– Ана холос, жигити гап бўлди бу!..
– Бироқ озроқдан ичайлик, отам сабаб қўйиб юрувдим.., – деди Зиёд аввалги сўзидан хижолат чеккандек оҳангда.
– У ёғини кўрамиз. Меҳмон уйга кирганича ўз ихтиёрида, киргач мезбон ихтиёрида, деган гап бор биз томонларда, – кулди Чори жажжи пиёлаларни лиммо-лим тўлдираркан. – Насибамиз доимо тўлиқ бўлсин учун биринчисини тўлатиб қуйдим. Қани, соғ-омон кўришганимиз учун!..
Худоёр отанинг саломатлиги учун кўтарилган иккинчи паймонадан сўнг хона ҳавоси билан баробар қуролдошлар суҳбати ҳам қизий бошлади. Чори Россиядан гапирди. Москва дўконларидан бирида рота командири майор Гришинни учратиб қолибди. Бир бокал пиво устида гаплашибди. Чоли тушмагур ҳаммани эслармиш. Мезбоннинг шу гапи бўлдию атрофдаги қуролдошлар тилга олинди. Уларнинг ҳоли-аҳволи, туриш-турмуши элакдан ўтказилди…
– Зиёд, укам иккитагина каклик топиб келибди. Нима пиширсин?.. – сўради Чори, – келин истаган таомингни қотиради. Суюқроқ бирор нарса тайёрласинми ёки қуюқроқ…
Зиёднинг шўхлиги тутди:
– Нима, уйда қозонларинг биттами?..
Хона кулгидан портлади.
– Энди ўзингга ўхшадинг, жўра! – Чори хонтахта устидан энгашиб, дўсти елкасидан қучди. Кейин эшик томон қичқирди, – Асқар, ҳов, Асқар!..
Икки овқат орасида Чори меҳмонни ташқарига таклиф қилиб, томорқа билан таништирган бўлди. Ўн сотихча келадиган томорқа тенг тўртга бўлинган: бирида олма; иккинчисида анор; учинчисида хурмо дарахтлари аскардай тизилиб турарди. Тўртинчи қисм сабзавотлар учун ажратилган экан… Зиёд дўстига яна бир бор қойил қолди.
– Бор бўл-ей, жўражон, буларнинг барига қандай улгурасан?..
– Укам қилади барини – Асқар… Мен катта ишлар билан машғулман. У эса, машундай… Боққа қарайди, мол–ҳол дегандай…
– Катта ишинг нимаси, Россиями?..
– Ҳа-да! Асосий даромад ўша ёқдан…
Иккинчи овқат устида ҳам турли баҳоналар билан «тоғликчасига» тўлдирилган қадаҳлар қайта-қайта кўтарилди. Кўзлар сузилиб, сўзлар бир-бир тизилиб, қафасини тарк эта бошлади, суҳбатдош қулоғига ета бошлади. Гап асосан тирикчилик, мўмай пул топиш ҳақида борди. Илкис Чори дўстининг бир йиллик топиши билан қизиқди. Зиёднинг жавобини эшитиб хандон отди.
– Менинг битта омадли рейсимнинг нархи экан! Нари борса бир ҳафтача вақт…
Мезбоннинг сўзу кулгиси Зиёднинг нафсониятига тегдими, пастга қараб, жим қолди. Чори давом этди:
– Жигити сўзим! Ўша фермерингни ҳам, пата-пат тракторингни ҳам қўй!.. Менга, ўзимга эргаш. Қачонгача юрасан… Бир йилда «Нексия» миндираман!..
Зиёд бошини кўтариб, сузгин кўзларини дўстига тикди. Унинг мастона боқишида бироз ғурур, бир чимдим гина, андак аламзадалик, озроқ умид – имдод илинжи бариси қоришиқ эди. Бирор нарса дейишга унинг тили айланмас, аниқроғи, орияти йўл қўймаётган эди…
Чори қуролдоши ҳолатини мастликка йўйди. Хобхонага таклиф қилди…
* * *
Чори ичимликка анча қорувли экан. Саҳар-мардонлаб туриб олди. Отдай тетик. Укаси ва келинини безовта қилмай, чойтийини[1] ўзи тайёрлади.
Иссиққина чой, қовурилган жигар баданларни яйратди, тилларни бурро қилди, сайратди:
– Кечаги гапларим эсингдами, Зиёд?
– Ҳа-да. Нимайди?..
– Нимайдимиш, таклифимга жавоб бермадинг?
– Йўғе-ей, холва деган билан… Ҳол-аҳволим шу… Нима қиласан мени юк қилиб! Бу ёғида отам ҳам…
– Тузук дединг-ку аҳволини?..
– Барибир рухсат бермайдилар. Айлантиргани пулим ҳам йўқ!
– Бўлди, гап тамом!.. – Чори хонани тарк этди. Унинг асабийлашганини эшик ошкор қилиб қўйди – тарақлаброқ ёпилди.
Зиёд сўнгги гапнинг мағзини чақолмади. «Борасан, албатта» деганими бу ёхуд «Баттар бўл! Судралиб юравер» деган маънода айтдими…
Қайтарда Асқар ва келин хайрлашгани чиқишди. Асқарнинг қўлида бир қўлхалта лиқ тўла мева-чева.
– Отамизга, – деди Асқар, қўлхалтани «Каптива» юкхонасига жойларкан, – ўзимизнинг боғдан. Шифо бўлсин, тезроқ тузалсинлар…
Чори машинани елдек учирди. Қўнғиртоб «Каптива» тоғ ва қир оралаб тасмадек чўзилган йўлни аждардай ютар, баллонлардан чиққан «шапа-шап» товуш «аждар»нинг тезкор ҳаракатини олқишлаётган қарсак сасига ўхшарди. Машина ҳадемай туман марказига яқинлашиб қолди. Чори уловни марказга эмас, ўнг томонга – айланма йўлга бурди.
– Қаёққа?..
– Қаёққа бўларди, уйингга-да! Баҳонада Худоёр отамни кўриб келаман...
– Қўй-ей, Чори. Саломингни ўзим етказаман! Нима қиласан шунча йўлга овора бўлиб…
– Овораси бор эканми. Бу машиналарга юз километринг сақич чайнагандай бир гап…
Зиёд қаршилик қилишдан наф йўқлигини англаб, жим бўлди.
Чори мева тўлатилган қўлхалтани Худоёр ота ҳузурига ўзи олиб кирди. Чорини кўрган отанинг юзида ризолик аломати тўлқинланди, кўзлари пирпираб, ётган ўрнидан туриб ўтирди.
– Йў-йўқ, сиз қимирламанг!.. – Чори чаққонлик билан бемор ёнига ўтди, энгашиб елкасидан қучди, юзларидан ўпди. – Яхшимисиз, ота! Жўрамни опкелиш баҳонасида сизни бир кўриб кетай дедим…
Ота озғин қўлларини дуога очди:
– Илоё, умрингдан барака топ, ўғлим! Олган тупроғинг олтин бўлсин. Болаларинг хизматини келин билан бирга кўриш насиб этсин!..
Меҳмон кат ёнидаги ихчам хонтахта қошига ўрнашди. Дастурхон ёзилиб, чой дамланди.
– Зиёд болам, менга ёрдамлаш, пастга тушайин! Ўз уйингда меҳмондан баланд ўтириш ноқулай экан…
– Йўғей, ахир сиз…
– Ўзига шукр. Мен туппа-тузукман!..
Йигитларнинг эътирозига қарамай, Худоёр ота пастдан иситиш қовурғалари ёнидан жой олди. Жойлашгач ёшларни яна алқаб, дуо қилди. Ҳол-аҳвол сўрашгач:
– Кўпкаридан гапир! Ҳалиям от боқаяпсанми? – Қизиқсинди ота.
– Қайда… Отамдан кейин эплолмадик, – кулди Чори, – энди машина боқяпман…
– Машина… Нима, шопирмисан?..
Шу алфозда бошланган суҳбат меҳмон фойдасига ҳал бўлди. Ширчою картошкагўмма устида ўтган машварат тушгача чўзилди. Савдо аҳлига хос сўзамоллик, ростми-чинлигини англаш душвор бўлган ваъдаю илтифотлар олдида соддадил Худоёр ота бош эгди, ўғлини Чорига қўшиб Россияга жўнатишга розилик берди. Янаги ҳафта душанба тонгда йўлга чиқишадиган бўлишди. Зиёд бир бўйи якшанба кечқурун Қўйлиқирга борса бас. Олиб кетиладиган молларни тахлаш, улар учун бўладиган чиқим, сафар харажатлари – барини Чори ўз зиммасига олди…
– Барибир деганингдан қайтмадинг-а!.. – деди Зиёд Чорини кузатгани чиққанида.
– Ҳали кўрасан, мендан хурсанд бўласан!..
– Чори, сен ўз қаричинг билан ўлчаяпсан… Менинг мундай бир, киши кулмасдай кийимим ҳам йўқ…
– Айтмоқчи, ҳеч қанақа янги кийим керакмас! – Таъкид оҳангида гапирди дўсти, – манави телпагингни ҳам, курткангни ҳам ўзгартирма. Улар одми кийинганларни ҳурматлашади. Гумонсирашмайди…
– Нима, савдогардан ҳам гумонсирашадими?
– Ҳа-а-да, чегара… Бошқа мамлакат дегандай. Тошкентга бораётганимиз йўқ-ку, ахир!..
Зиёд «тушундим» дегандек ияк қоқди, Чорининг хайрлашгани чўзилган қўлини сиқди…
* * *
Зиёд автобусдан тушиб, Қўйлиқирга элтадиган «Дамас»лар томон икки қадам юриб-юрмай, ортидан кимнингдир чақирганини эшитди. Қайрилиб қараса – Асқар. Қўлида икки қўлхалта майда-чуйда.
– Бозорлаб келгандим. Юринг машинага, – деди йигит салом-аликдан сўнг.
– Эртангги йўлнинг тадоригими?..
– Шундай деса ҳам бўлади. Меҳмонлар ҳам бор… Тоғбеги – Бектемир акалар келишган. Мана сиз ҳам…
Асқар машина бошқаришда акасидан қолишмаскан. Бурилишу ўпириқларга бой қирқ чақиримдан ортиқ йўлни чорак соатча вақтда босиб ўтди.
Даврада гап Зиёд ҳақида кетаётган бўлса керак, «Мана ўзи ҳам келди!» – дея хитоб қилди Чори укаси билан олдинма-кетин хонага кирган қуролдошини кўриб. Хонада Бектемирдан бошқа яна икки йигит бор эди. Йигитлар ўринларидан қалқиб, меҳмонга пешвоз чиқишди, қўл бериб кўришишди. Уй тўридан – тоғбеги ёнидан ўрин кўрсатишди. Тоғбеги тиззалаганича қўл узатаркан, бодом қовоқларини йириб, кўкимтир кўзлари-ла Зиёдга бошдан оёқ разм солди. Ҳамма жойлашгач, «қадам етди, бало етмасин», дея юзига фотиҳа тортди.
Хонадон соҳиби гап бошлади:
– Бектемирни биласан, заушний таништирганман… Тоғбеги, биздек фақиру фуқаронинг суянган тоғи. Бу кишини… – Чори яна алланималар демоқчи бўлиб, лаб жуфтлаганди, Бектемир қўлини пахсалади:
– Бўлди-й, бас қил!..
Чори Бектемирга жавобан хижолатомуз жилмайди. Таништиришни бошлиқнинг ўзи давом эттирди. Зиёд ёнида ўтиргани – Авазбек, тоғбеги қаватида овчи, аниқроғи, назоратчи, иккинчиси – Бадалбек, идоранинг шофёри экан. Тоғбеги қисқача таништирув нутқини йигитларга ёқадиган ибора билан тугаллади:
– Ҳеч қанақа иккиланмасдан, бемалол разведкага бирга борадиган жигитлар булар!..
Мақтовдан эриган йигитлар бордошларини бузиб тиззалашди, жилмайишиб, қўлларини кўкраклари устига олиб, тавозе кўрсатишди. Қирқни қоралаб қолган бу шотирлар афт-ангорида раҳбар олдида мутелик, ҳокисорлик билан бирга ажиб бир масрурлик ифодаси ҳам зоҳир эди.
– Бу акангизни биласиз, эшитгансиз… – Бектемир Зиёд томон ишора қилди. – Юқори тумандаги Яйдоқтепадан, Чорининг фронти. Икки йил давомида Ўрисиятнинг қоқ марказида бир майизни тенг бўлишган… Эртага ўша Ўрисиятга яна бирга кетишяпти…– Кейин Бадалга юзланиб, – қани жигит, энди сен ўз вазифангни бажар! Танишувни нишонлаймиз, сафарга оқ йўл тилаймиз, тўлдириб қуй!.. – деди шишалар томон имлаб.
Бир-икки пиёла чойдан кейин:
– Бу дунёда одам борки, бир-бирига суяниб яшайди, – дея қадаҳ сўзи бошлади Бектемир, – бугун ҳаммамиз учун суянчлар сони биттага ошди. Бир-бировнинг яхши кунларига сабабчи бўлиб журайик. Жигит ўлмайик, бало кўрмайик!.. – Зиёдга ундалди, – Қани, меҳмон, танишганимиз учун!..
Даврадагилардан фақат Чори ичмади. Бадал ҳам «рулим бор» деб ўзини панага олмоқчи эди – бошлиқдан дашном эшитди:
– Шу кунгача акангнинг йўлини тўсган бирортасини кўрганмисан?!.
Бадал бош чайқади.
– Йўғаса нега нозланасан!.. Кўтар, ёмаса фужерда штрафной олгинг келяптими?..
Икки овқат оралиғидаги «антракт» пайти Бектемир одамларидан яна икки нафари келишди. Иккита шотландкаранг корзина лиқ тўла аллақандай мол опкелишди. Сумкаларни шийпончада сигарет тутатаётган тоғбеги олдига келтириб қўйишди.
– Ҳар бирида ўн иккитадандан – йигирма тўртта… хўжайин, – деди юкни олиб борган йигит.
Бектемир йигитга бир чимирилиб қаради-да, тўнғиллади:
– Ўлсин-ей, лапашанглар!.. – Тоғбеги бироз жим қолгач, буюрди, – ҳа, майли энди, борига барака, обор, Асқарга топшир!
Меҳмонлар бошлиқ раъйидан чўчишдими, Чорининг қистовига қарамай, ичкариламадилар – ҳовлидан қайтишди.
Иккинчи овқат устида ҳам емакдан кўра ичмакка зўр берилди. Бектемир дегани темирдай бир одам экан. Ҳар сафар қадаҳларни тўлатиб қуйдирар, ўзи охиригача сипқориб, турфа хил баҳонаю гап топиб, бошқаларни ҳам ичишга мажбур қиларди. Зиёфат давомида Бектемир, айниқса Зиёдга эътиборли бўлди. У ҳар қадаҳда «Мен меҳмон билан бирга оламан» деб, олмами, пўртаҳолми газак тутарди. Бу хил илтифот олдида чорасиз қолган Зиёд қадаҳ сайин мастликка яқинлашаётганини сезар, аммо вазиятдан чиқиш тадбирини тополмас эди…
Ўтириш алламаҳалда тарқади. Бир чеккада довулдаги арчадай тебранаётган Бадални кўрган Бектемир бақирди:
– Ҳўў, Бадал, ко мне!..
Бадал бошлиғи овозидан сергак тортди. Гавдасини мумкин қадар ғоз тутишга интилиб, бир-бир босганича бошлиқ олдига келиб тўхтади. Бектемир Бадалга ўқрайганича машина орқа эшигини очди. Бу «Машинани ўзим ҳайдайман» дегани эди. Сўнгра Зиёдга юзланди:
– Зиёджон, мана кўрдингизми акангизнинг тақдири кимларнинг қўлида… Майли бўмасам, Зиёджон, хайрлашамиз. Учрашиш борки, айрилиш ҳам бор. Сизларга омад! Саломатликда кезлашайлик!.. – Бектемир қулочини ёзиб, Зиёдни оғушига олди, чеккасига чеккасини босди…
Қулоқлару мияси юрак тепишига монанд «ғув-ғув»лашаётган Зиёднинг тили «Майли, ака, майли»дан бошқасига айланмади…
* * *
Зиёд эрта саҳар – атроф ғира-шира ёришаётган паллада кўзини очиб, ўзини «Каптива»нинг олд ўриндиғида кўрди. Машина катта-кичик қум барханлари орасидан ўтган сувдай текис йўлда елдек учиб борарди. Дўстининг уйғонганини кўрган Чори автомат тизим орқали дарча ойнасини пастлатди. Салонга салқин ҳаво бостириб кирди. Тонг насимидан Зиёд анча сергак тортди.
– Аҳ-ҳай! Халқаро бизнесмен Зиёдулла полвонга саломлар! Қалай, калла пишдими?!. Қойилман-ей сенга, нақд беш юз чақиримни уйқуда ўтказдинг…
Зиёд дўсти хитобига жавоб бермади. Нима ҳам дерди… Хаёлини бир жойга йиғиб, ўтган кеча тафсилотлари ҳақида ўйлади. Қанчалик бош қотирмасин, тоғбеги билан хайрлашувдан сўнгги воқеаларни эслолмади. Хайрлашгач уйга қайта киришдими, йўқми, буни ҳам билмайди… Тонггача шунча йўлни босиб қўйишибди, демак, уйда кўпам иркилишмаган…
Зиёд беихтиёр уст-бошини борлади: эгнида жемпер; бошида латта тўппи; пальтоси қани; телпаги қайда?..
– Чори, кийимларим олиндими?..
– Ҳа-да, ҳали у ёқларда салқин. Кийимсиз бориб бўларканми? Орқа ойна токчасида – спинка устида. Юклар остида қолган…дир.
Зиёд ортга ўгирилиб, ўзи тўғрисида – ўриндиқнинг юкдан ҳоли қисмида бош кийимини юзига босганича уйқулаётган одмигина кийинган одамни кўрди. Қалин, қора матодан тикилган кепка остидан кўриниб турган қизилга мойил лўппи юзи, ингичкатоп гавдасию қўллари унинг нисбатан ёш – ўттизлар атрофидаги йигит эканлигидан дарак берарди.
– Шерободлик укалардан. Зўр жигит, сен билан бирга бўлади… – деди Чори пешонадаги кўзгу орқали дўстига боқиб.
– Мен билан?.. Сен-чи?.. Бирор жойда қолмоқчимисан?.. – ҳайронланди Зиёд.
– Ай-й, жўражон-ай, савдо сенга ўйинмиди?.. Ҳали ҳаммасини ўзинг кўрасан, ўшанда билиб оласан…
Дўстининг жавоби Зиёдга «ортиқча савол билан бошимни қотирма» бўлиб эшитилди. Дили ўксиди. Кўзгудан назарини олиб, зув-зув оқаётган қум барханларини кузатиб, овунган бўлди…
Йўлда ЙПХ – йўл патруль хизмати масканлари кўп экан. Чори бу хил масканларга яқинлашганда бироз тараддудланар, машинадан тушаётиб, ўзига ўзи гапиргандай «биз Масковга кўкат опкетяппиз» деб қўярди. Аксарият назоратчилар билан қалин бўлса керак, қўл бериб кўришар, алланималарни айтишиб, кулишарди. Ҳатто бир ЙПХ масканида назоратчи уни машинасигача кузатиб келди. Чори машинага ўтираётиб:
– Келаси ҳафта жумада қайтаман… Ташвишланманг, топилади, укалар учун топамиз, – деди…
«Каптива» гоҳо наъра тортиб, гоҳида инграниб дегандай, кун ётоғи томон оға бошлаган паллада Қўнғиротга кириб борди. Вокзалнинг шундай қаршисидаги икки қаватли коттежлардан бири олдида тўхтади.
Меҳмонларга пешвоз чиққан хонадон соҳиби – элликни қоралаб қолган Дуйсен оға қисқагина сўрашиш-саломдан кейин бино биқинига ямаб қурилган гараж дарвозасини очди. Ичкарида сутранг «Ласетти» парвозга шай оққушдай савлат тўкиб турарди. «Каптива»даги иккита шотланкаранг ва яна бир жуфт кичикроқ сумкалар гараждаги машинага олиб ўтилди.
«Демак, бу ёғига икки машинада кетилади…» – хаёлидан ўтди Зиёднинг.
Йўқ, дўстининг режаси бутунлай айрича экан – Зиёд шерободлик йигит билан поездга чиқиши керак экан. Зиёд буни Дуйсенбой оғаникида, дастурхон бошида – Чори уй эгасига паспортларни ва иккита чипта учун пул берганида англади.
– Чипталар бронланган, ҳамишагидай – «Н.»гача. Ҳозир Байрамни жўнатаман… – деди Дуйсен оға ақчани олаётиб.
– Йўлдагилар ким экан?.. Ҳалиги… – чайналди Чори.
– Билетлар ўн иккинчи вагонга олинади. Проводник ўша – дядя Миша – Михаил Павлич. Ўзи билан гаплашдим… Ёрдамчиси – ҳамишаги Витя хохол… Ҳаммаси жойида бўлади, худо хоҳласа. Уни биласан-ку, пашша ҳам қўндирмайди юкингга, ҳамишагидай…
«Лазер» [2]дан дамланган ош тановулидан сўнг Дуйсен оға:
– Чоривой, биласан, поезд ҳамишагидай соат тўрт яримда бўлади. Ўзим чиқариб қўяман буларни… – деди. – Эндиги йўлдошларинг соат саккизда келадилар. Уч одам, сиғадими ишқилиб?..
– Ҳа-а, албатта! Салондаги икки сумкани тепага олсак, яна бир ўрин…
– Бўпти, излаштирамиз… Ҳали беш соатча вақтимиз бор. Бирортаси топилиб қолар. Аммо-лекин чарчаганинг шундай кўриниб турибди. Ухлаб олишинг керак. Сен ҳозироқ залга ўт, ўрин солиғлиқ, – дея мезбон ўрнидан туриб, эшикка йўналди, – марҳамат!
Дуйсен оғага эргаша хонани тарк этаётган Чори чиқаверишда иркилиб, элдошларига юзланди:
– Майли йигитлар, бўмасам индинга «Н.»да кўришгунча! Бурнинг намунча осилиб кетди, э-эй, Зиёдулла?.. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Ташвишланма! Шерқўзи, ҳаммасини тушунтириб қўй акангга… Айтмоқчи, ҳозироқ адрес ва телефон алмшинглар! – дея ва «хайр» маъносида ўнг қўлини боши баробар кўтарди.
Шерқўзи хўплаётган чойини хонтахтага қўйиб, алланима демоққа шайланаётганда Зиёд уни тўхтатди.
– Ҳаммасини англадим, Қўзивой, кечирасан, Шерқўзи… Телефон рақамингизни айтинг, – деди ўз телефонига ёзиб олишга шайланиб…
Зиёдларни вокзалга Дуйсенбой оғанинг ўғли – йигирма ёшлардаги йигит Байрам кузатиб чиқди. Отасига бир олманинг икки юзидек ўхшайдиган Байрамни назоратчию проводниклар бари танишаркан. Улар йигит билан қўл олишар, «пахан қалай?» дея сўрашарди. Шул сабабдир, ҳеч кимса «Сумкаларда не нарса бору, уни қаёққа олиб бораяпсизлар?» дея йўлларини кесаламади.
Поезд ўрнидан жилиб-жилмай купега проводниклар (дядя Миша ва унинг шогирди Витя хохол) кириб келишди. Ҳар иккаласининг қулоқлари оғзида. Шерқўзи билан минг йиллик танишлардай қайта-қайта сўрашишди, ачомлашишди. Шерқўзи билет ва ҳужжатларни Витяга тутқазиб, стол остига энгашди. Иккита елим халта чиқарди:
– Буниси – Дуйсенбой оғадан, буниси эса – Чори укангиздан!..
Елим халталар шаклу шамойили, қўзғалганда чиқаётган сасидан ичидагиларнинг уч-тўрт шиша ичимлик, бир-икки кило қазими-қартами ва туршакми-қоқи эканлигини тахмин қилса бўларди.
– Эҳ, раҳмат-ей, оталарига раҳмат, қандай очиққўл, саховатли кишилар!.. Зарилмиди шулар, тағин ҳар гал шунақа!.. – дея хохолаганича Миша тоға қўлларини ҳар томон ёйди…
Шерқўзиям бало экан, бўш келмай:
– Бор бўлгач беришади-да... Еб-ичинг, фойдаланинг! – деди.
Проводниклар Зиёд билан ҳам танишган бўлдилар. Шерқўзи стол тагига яна энгашди. Фурсатдан фойдаланиб – танишувни ювиш баҳонасида шиша очди. Ихчам ва чиройли қадаҳ сўзидан сўнг Миша тоға «Кичирасиз, бизники хизмат.., хизматчалик» деб ичмади, пиёласини столга қўйди. Кейин паймонасини қўлига ушлаганича уёқ-буёқ алангланаётган шогирдига «кетамиз» деганнамо имо қилди. Витя ароқни ичиш ё қўйишини билмай иккиланди. Шишадек тиниқ кўзларини мўлтиратиб, хўжайиндан марҳамат кутди. Бўлмади – Миша тоға елкаси оша қош чимирди. Витя ноилож хўжасига эргашди…
– Бемалол ўйнаб-яйраб дам олиб боринг. Сизларга ҳеч ким халақит бермайди, – деди бошлиқ кетатуриб.
Чорак дақиқа ўтар-ўтмас купенинг эшиги сурилиб, Витянинг боши кўринди:
– Мени кутгил ва мен қайтарман, келиб дил сўзимни айтарман…
– Бўпти-бўпти, кутамиз!..
– Эшигингни тамбалаб олгин, майли, хайр-хўш, яхши қолгин!..
– Бунинг анундай… Шоирми ё жиннироқми?.. – кўрсатгич бармоғи билан чеккасини «бурғулади» Зиёд.
– Шундайроқ, бизда ҳам бор-ку, Жўқи, Мўтти деган шоирчалар…
Бир қарашда одамовидай таассурот қолдирадиган Шерқўзининг ичи тўла гап экан. Шайтоннинг сувидан озгина тотингач бир тоғдан, бир боғдан сўз очиб, йўлдошини зериктирмади. Ўзи Чорининг доимий шериги эканлигини, йўлда, Россияда ҳеч ким унинг пишакига пишт демаслигини урғулаб, «акаси соғлиғи ва омади» учун такрор-такрор қадаҳ кўтарди. Аммо қанча тўкилиб-сочилмасин, тижоратлари ҳақида ненидир сир тутаётгани қув кўзларидан сезилиб турарди.
Атроф қоронғилашиб, электр чироқларни ишга қўшган паллада купе эшиги тақиллади. Витя хохол экан. Ҳар гапидан кулгили маъни чиқаришга интиладиган бу йигит кўп ҳам вақт олмади.
– Ий-ий, боёқишни қўйган жойингизни… Битта тормозда ер билан баравар бўлади-я. Бу дунёдан бебаҳра кетади-я!.. Ҳа, ажабланманг, ичкилик ичиламан деб, егулик ейиламан деб ёруғ дунёга келади. Хотинлар… – Витя ўз сўзидан ўзи мутаассир равишда бор овози-ла хохолади.
У таклифу илтифот нималигини билмайди ҳам шекилли, ўтирмасиданоқ шишага қўл чўзди. Нимчораклик стаканни тўлатиб, бир кўтаришда бўшатди. Муштини ҳидлади. Иккинчисидан сўнггина дастурхон томон аланглади. Нимадир олиб, искаланди. Шу аснода телефонига жон кирди. Витя суҳбатга чорлаётган одамни бир-биридан қўланса сўзлар билан ғойибона сийлаганича сўзлашгичини ўчирди. Иккиланганнамо тебраниб турди-турди-да, эшик томон юрди.
– Ўзи ичмагач… Шунақа бўларкан! Ҳай майли, яхши дам олинглар!.. Эшигингни танбалаб олгин, майли, хайр-хўш яхши қолгин…
Бироз ўтгач, Шерқўзи пинакка кетди.
Зиёд уйқусизлик, жавобсиз саволлар қуршовида ҳориган, оғир-босиқ дукиллаётган юраги билан юзма-юз қолди.
– Купе эшиги устидаги кенг-мўл токчада устма-уст қаланган катта-кичик сафархалталарда нелар бор?..
– Жавобим йўқ!.. Ўзингга сўров – Чорига бунчалик иззат.., «очил дастурхон»лар қаердан, нима учун?..
– Барчасига жавоб ўша халта ва сумкалар ичида…
– Чорига эргашиб, тўғри қилдимми?..
– Оллоҳ одамни ўз ихтиёри билан яратади. Ихтиёри билан синайди!..
– Демак, хато қилдим, шундайми?..
– Охирланмаган хатони тузатиш мумкин…
Зиёд беихтиёр ўрнидан турди. Шеригига сездирмасдан кичик бир сумкани очиб кўришга қарор қилди. Аммо шу асно Шерқўзи уйғонди, соатига қараб олгач:
– Ужин вақти ҳам бўпқопти, нима буюрайин?... – дея сўради.
– Йўғ-ей, стол тўла емиш-ку…
Йигит чойнакни қўлига олди, елкасига сочиғини ташлаганича купени тарк этди.
Зиёд учун ҳар сония ғанимат эди. Икки ўринда тарвайганича туриб, кичик сумканинг бирини пастга олди. Очиб кўришга имкон йўқ. Сумка ёпишқоқ елимтасма ила ҳар томондан сирилган экан. Ташидан пайпаслаб, ҳеч нарсани аниқлай олмади. Ҳидлаб кўрди – кўкат иси. Қандай суръатда олган бўлса, шундай тезлик билан ўрнига жойлади…
Шерқўзи ўз билдигидан қолмабди. Бир пиёладан чой ичиб улгуришмаёқ эшик тақиллади. Боя тўрт сих кабоб буюрилган экан.
Овқатдан сўнг купе чироқлари ўчирилди…
Бир маромдаги «тарақа-туруқ» сасга монанд оҳиста чайқалиб бораётган вагон деразасидан ташқари мўралаган йўловчига ойнак нури етган ўн-ўн беш газчалик масофадаги қизғиш-сарғимтир чўл тупроғидан бўлак ҳеч нарса кўринмасди. Зиёд қулоғига қозиқдай қоқилаётган «тарақа-туруқ»дан бироз бўлса-да ҳимояланиш истагида ётоқтўппи қайтармасини қулоқларигача тушириб, ихтиёрини майин ва илиқ кўрпа-ёстиқга топширди…
Зиёд қанчалик истаб, интилмасин, уйқу деган паризод этак тутқазмади. Бир замонлар аллакимдан эшитгани «бирдан юзга қадар, кейин тескари – юздан бирга қарай санасанг, тошдай қотасан» деган ўгит эсига тушди… Буни икки марта қайталади – бефойда бўлди. Чарчагани қолди.
Ажиб бир ҳолат: миясининг бир қисмида рақамлар батартиб оқади, иккинчи бўлагида фикрлар оқими. Рақамлар тинч ва мувосо бир-бирларига ўрин бўшатишади. Фикрлар кўпчилик, ҳар биттаси худбин ва қайсар, ўзининг ҳақлигини исботламоқчи бўлади. Зиёд қай бирига ишонишни билмайди. Унинг бедорлиги шундан…
Ниҳояти чарчоқ ғолиб келди. Киприклари тароқлашиб, нафаси аниқ бир маром касб этди. Бу зоҳирий манзара эди. Агар ҳозир кимдир келиб, купе деворидаги тунчироқнинг хира шуъласида Зиёд юзига тикилиб қараса, унинг чимирилган қошлари, асабий қимтилган лаблари, пастга тортилиб, тўртбурчак кўриниш олган иягини ва буларнинг барчасида бирдек кезинаётган сезилар-сезилмас тўлқинини кўрар, ўша қайсар ва бебош фикрлари билан аёвсиз олишаётганлигининг шоҳиди бўларди…
«Тарақа-туруқ» сийраклашди, кўп ўтмай ғилдираклар чийиллашиб, поезд бутунлай ҳаракатдан тўхтади. Шерқўзи уйғониб, шошмасдан кийина бошлади. Ташқариламоқчи шекилли. Перрон томон кундуздай ёп-ёруғ. Уёқ-буёқ чопишган, бақиришган одамлар. Йўлакда қадам товушлари, ғалла-ғовур кўпайди.
Поезд узоқ туриб қолди.
Текширишма бошланса керак. Шундай экан, ҳадемай эшик тақиллади. Шерқўзи пешвоз чиқди. Миша тоға ва яна кимларнингдир гангур-гунггур саслари эшитилди. Купега киришмади. Шерқўзи ҳам уларга қўшилиб кетиб, анчадан сўнг – поезд юрарга яқин қайтди. Шеригини уйқуда деб ўйласа эҳтимол, бирон-бир сўз демади. Стол остидан яримлаб қолган шишани олди, қадаҳга қуйиб, тикка турганича симирди. Лаб-лунжини сочиқлаб, ўзини ўринга ташлади…
Поезд узун бир чинқириқ қилиб, ўрнидан жила бошлади. Кўп ўтмай аввалги тезликни олди: «тарақа-туруқ, тарақа туруқ», «тарақа-туруқ, тарақа-туруқ»… Бу шовқин Зиёднинг қулоғига «Барака топгур, барака топгур», «Қайтгин бу йўлдан, қайтгин бу йўлдан!» бўлиб эштиларди. Шовқин йигитнинг юрагида акс-садо берди: «Қанақа қайтай, қанақа қайтай?..»
Бир маҳал эшик оҳиста чертилди. Қопқа ичкаридан занжирланган. Ҳар эҳтимолга қарши тамбаланган ҳам... Аммо эшик очилиб, даҳлиз ёруғлиги купега бостириб кирди. Тепадаги чироқ ҳам ёнди. Кўзлари қамашган Зиёд сапчиб ўрнидан турди.
Ё, тавба!.. Қаршисида отаси турарди!.. Чап қўлида асоси, ўша тутқичи чорак доира айланган, ўзи ясаб берган ўрик ҳасса. Ўша уй кийими – оппоқ кўйлак-иштонда.
– Ота?!. – деёлди Зиёд қўрқув ва ҳайрат аралаш мўлтираб.
Худоёр ота жавоб ўрнига кескин ҳаракат билан ҳассасини токчадаги сафархалталарга ниқтади.
– Тушир буларни!..
Зиёд ҳадигини яширмай Шерқўзига қаради. У димоғини кўтарганича хуррак отарди.
– Не дедим сенга, тушир, барини тушир!..
Зиёд ота иродасини бажо келтирди. Инқиллаб-синқиллаб сумкаларни ўзи ётган ўринга ва полга қаторлаштирди.
– Энди оч!.. – буюрди ота.
Очишни кичкина сумкалардан бошламоқчи бўлиб, елимтасмаларига қўл урди.
– Ма, кес! – Худоёр ота доимо ёнида олиб юрадиган боғбончопқисини узатди.
Биринчи сумкани очган Зиёдга жон кирди:
– Мана, ота! Кўкат...
– Кўкатмиш, орасини ковла!
Зиёд энгашиб, шивит-кашнич аралаш боғламни жойидан қўзғаганди, қўрқув ва ҳайратдан ўзини йўқотаёзди. Юзлаб тухумлар устида халқаланиб ётган йирик бир капча илон (кобра) бирдан бош кўтарди, ўқдай отилиб, йигитнинг нақ ютқанчоғинии мўлжаллади. Зиёд боксчиларга ўхшаган тезкор ҳаракат билан гавдасини чапга олди. Илоннинг боши шундоқ қулоғи тагидан нишонга тегмаган ўқдай шувуллаб ўтди. Бўйнига қандайдир суюқлик сачради. Тавба, илон яна сумкага қайтиб, ювошланиб, ўралганича тухумлари устига ётди. Бўйнининг суюқлик теккан жойлари қизишиб, куяётгандай сезилди Зиёдга. Наҳотки «бўса» олиб улгурган бўлса? У қўрқувдан серрайиб қолди. Куйдиргувчи оғриқ томирлари бўйлаб мияси томон оқаётгандек эди.
– Отажон, рози бўлинг! Мен ўляпман!.. – зўрға ғудранди Зиёд.
Кутилмаганда капча илон яна ҳамла қилди. Зиёд бу сафар орқага тисланди, Шерқўзининг устига йиқилди.
– Ҳа, нима гап, ака?.. – чўчиб иушди йигит. Жавоб бўлмагач, ўрнидан туриб катта чироқни ёқди. – Тинчликми ўзи?..
– Илон, илон! Мени чақди… – деди Зиёд ва олазарак кўзларини тепага, сумкалар тахланган токчага қаратди.
Тавба, сумкалар жойида. Отаси ҳам йўқ. Беихтиёр бўйнини силади.
– Босинқирадимми дейман… Узр ука! Бундай, бунақа одатим йўқ эди…
– Майли-да, бўп туради… Барига чарчоқ сабаб. Яхшиси чайиниб келинг. Мен чой дамлайман. Бир пиёладан ичсак, бари жойига тушади.
Чой устида Шерқўзи роса эшилди. Ҳордиқ учун деб лиммо-лим тўлдирилган қадаҳни отиб олгач:
– Энди қўрқманг-ей, биринчи маррадан ўтиб олдик. Бу ёғида… Эртага кечқурун яна биттаси, кейин пул санашдан бошқа иш қолмайди бизга, – деди.
Чори билан телефонлашилибди. Бу гал харидорлар юкни «Н.»га етмаёқ хомталаш қилишармиш. Сабаби у ерда назорат кучайибдимиш. Булар учун шуниси яхшимиш. Энди «Н.»да чиқариладиган буромад ҳам чўнтакда қолармиш…
– Бу бариси сизнинг шарофатингиздан, Зиёд ака!
– Йўғ-ей, мен нима қилдим?
– Сиз аралашгач, мана, ишлар юришиб кетди! Ўрислар бундай одамни «везучий» дейишади. Янгиликни эшитиб, ҳўжайин ҳам роса хурсанд… Энди унинг «Каптива»сини бўшатсак бас. «Н.»дан қайтаверсак ҳам бўлади…
Зиёд шеригининг фараҳу ғурур билан йўғрилган гапларининг бирини эшитиб, бирини эшитмас, унинг қалбхонасини забт этган зулмат чироқ ёқса ҳам аримасдек эди. Хаёлида чорак соатча аввал юз берган рўёми, руҳий кечмишми такрорланар; отасининг нафрат тўла юзу кўзи дилу шуурини эгаллаб олганди. У падари бузрукворини ҳеч қачон бу алфозда – қаҳру ғазаб отида кўрмаганди… .
* * *
Эртасига Шерқўзи айтганидек, поезд «Н.»га яқинлаган бекатлардан бирида тўхтаб, ўрнидан қўзғалгач, купега икки нафар харидор кириб келишди. Уларнинг бири қора пальто, шу рангда костюм ва шляпа кийган, қарашлари жиддий, ўрта ёшлардаги киши эди. Иккинчиси сақол-мўйлови яқин орада устара кўрмаган, бир қулоғига кичик, аммо йўғон сариқ металлдан исирға тақиб олган, нигоҳи беқарор ўттиз ёшлардаги давонгир йигит эди.
Салом-аликдан сўнг зиёлибашара Шерқўзи ёнига чўкди ва дарҳол чала ўзбекчада мақсадга кўчди:
– Ширкузи, вақт етарли. Манабуни сана. Нарх… Баҳо шефинг билан келишилган. Икки сумка – бир катта, бир кичик… Бизга етарли, – дея Шерқўзи олдига бир боғлам «кўк» ташлади.
Саналган ақча чўнтакка тушгач, Шерқўзи чой дамлади. Меҳмонлар дастурхон устида савдо барори учун эллик-эллик олишди. Шерқўзи ўзини вазмин тутишга уринар, бироқ ҳаяжондан қизғиш тортган юзида балққан, олифтапўрим меҳмонникига менгзаб, бир жойда турмаётган нигоҳида кезинган мамнуният тўлқинини яширолмасди…
– Зўр бўлди, ака! Бунақаси бўлмаган… Савдо тарихида бўлмаган! – дея қичқирди Шерқўзи меҳмонлар кетиб, купе эшиги ёпилгач. – Юрган эканмиз «Н.»лик ментларга ялиниб-ёлвори-и-иб. Вой, онангни эмгурлар-ей, қанчаларга туширишарди шу юклар учун…
Зиёд ҳайрон бўлди. «Икки сумка кўкатга шунча пулми?..» Дафъатан кўрган тушини эслади. Саволга чоғланди. Оғиз жуфтлаб улгурмасданоқ шериги жавобини тайин қилди:
– Ака, ҳали сизга… Барини ўзингиз тушуниб оласиз... Ҳозирча сирлигича турақолсин. Вақти келиб… Билволасиз…
Зиёдга ўзидан анча кичик йигитчанинг димоқ кўтариб гапириши ёқмади. Жаҳли чиқди. Ўзини босиб олиш учун ўрнига чўзилди. Аммо хаёл қурғур тўхтамади: «Ярим юкка шунча пул. Чорининг машинасида ҳам бор ҳали. Ҳаммасини шунақа пуллашса, йигирмага бориб қолар...»
– Савдо («баҳо» демоқчи эди, истиҳола қилди) доим шунақами? – савол ташлади Зиёд.
– Айтдим-ку, бу сафар шунақа бўляпти…
Шу пайт эшик тақиллади. Қопқа олди-да яна икки киши – ёши қирқларга бориб қолган, тилларанг сочлари аллақандай қисқа юнгли мўйнадан тикилган кепкаси тагидан соллана тушган сарвқомат аёл ва майсадай майин сақол мўйловига ҳали тиғ тегмаган ёш йигит пайдо бўлишди. Шерқўзи буларни танимаса керак, «Нима гап?» дегандай қараш қилди. Аёл такаллуф кутиб ўтирмай Зиёднинг ёнига чўкди. Йигит ҳам устозидан қолишмади – Шерқўзи томонга ўрнашди.
– Чори жанобдан саломлар!.. Отим – Наташа. Йигитлар «Принцесса» дейишади, – деди аёл «Принцесса»га алоҳида урғу бериб, – бу эса Славик. Янглишмасам, сен – Шерқўзи. Ҳам шер, ҳам қўзи. Қизиқ-а?!. – самимий жилмайди аёл.
Мезбон бўш келмади:
– Керак жойида шер, зарур пайтда қўзимиз, опа!.. (Ҳамма кулишди) Сиз ҳақда эшитганман, ҳа-а, эшитганман!.. – деди Шерқўзи қўлини кўксига қўйиб.
– Аввал эшитгансан. Мана энди кўриб турибсан. Масала жиддий бўлгач, сизларни ўзим қарши оляпман. Гап бундоқ, йигитлар, сизлар ушбу минутдан эътиборан менинг ихтиёримдасиз. Юкларни ҳозирланглар! – Аёл чарм тўрвасидан телефонини олиб, ковлаштирди. Нимадир топиб, Шерқўзининг нақ манглайига тутди…
Шерқўзи монитордаги матнни ўқиркан, ранги кўкимтир тортди. Кўзларининг қораси кичрайиб, оқи каттаргандек бўлди. (Ҳарҳолда Зиёдга шундай туюлди.)
СМС-хат лўнда ва қатъий оҳангда эди. Зиёд хатни яна бир марта, бу гал овоз чиқариб ўқиди:
– «Молу жонинг омон бўлсин десанг, дўстларга ишон! Чорининг cенга етказ деган сўзлари шу!.. Вихрь.» Нима учун?.. Нега энди унинг ўзи… Ўзимас, қандайдир Вихрь ёзади?!. – дея бўғриқди Шерқўзи бармоқларини тароқлаганича бир муштга айлантириб.
– Эсингни еб қўйибсан, болакай! Қайси аҳмоқ мент жиноятчининг кишанланган қўлига телефон тутқазади?!.
Шерқўзи шалвираб қолди…
– Наҳотки, наҳотки?!. – дейиш билан чекланди.
– Гап бундай, укача, – Шерқўзига юзланди аёл («Принцесса» негадир Зиёдга умуман эътибор бермасди), – билсанг керак, карьер ёнидан ўтаётганда поезд тезлиги пасаяди. Биз эса, бундай фойдаланиб қоламиз!..
Тадбирнинг бу ёғи тезоб кечди. Юклар тамбурга чиқарилди. Ташқари яхши кўринсин учундир, даҳлизча чироғи ўчирилди. «Принцесса» эшикка қапишганича қоронғиликка тикилар, бот-бот телефонидаги соатга қараб қўярди. Ниҳоят «Принцесса» тилга кирди – «Ана улар! Ана!..» деди уч юз қадамча нарида лип-лип ёруғликка ишора қилиб. Ўзи ҳам фавқулодда тезкорлик билан қўлидаги прожектор-фонарини ўчириб-ёқиб, қоронғилик томон жавоб сигналларини йўллади. Кейин аёл:
– Славик, қани тезла, тез бўл! – дея эшикдан узоқлашди.
Бир зумда қопқа очилиб, тамбурга ғилдираклар шовқини бостириб кирди. Корзинкалар, кийим-кечак солинган елимхалталар ерга улоқтирилди. Принцесса овози борича бақирди:
– Йигитлар, араванинг тўхташини кутиш йўқ! Имкон бўлди дегунча ерга сакраймиз! Ва дарҳол қоронғиликка! Оёқ-қўл синдириш йўқ!..
Славик тагига «Стоп-кран» битиги туширилган қизил ричагни пастга босди…
Минг бир ғилдирак жўрликда ғийқиллашиб, қулоқларни қоматга келтирди.
Славикнинг йўл ёқасидаги бутага урилиб, чап ёноғининг бироз шилинганини истисно қилганда, ҳаммаси «Принцесса» истагандек бўлди. – Ҳеч ким қўл-оёғини синдирмади. Ўн дақиқалар ўтгач улар зулукдек қоп-қора «JIP»да, янги ошнолар қуршовида боришарди. Кутиб олувчилар уч нафар экан. Учалови ҳам ўттиз ёшлар атрофидаги сумбатли йигитлар эди. Улар алланелар ҳақида пичирлашар, бирор сўзини илғаш маҳол эди…
Турфа хил шубҳа-гумон қуршовида қолган Зиёд жами иродасини тўплаб, ўзини сипо тутишга уринар, аммо буни уддалай олмаётганидан безовта эди. Гумонлари беаёв, энг ёмон жиҳати – асослидек кўринарди. У ўзини гоҳ тергов-сўроқхоналарда, гоҳида ёт юртларнинг совуқ ва қоронғу авахтахоналарида, гоҳ отаси олдида мулзам тортиб, боши хам ҳолатда тасаввур этарди. Энг даҳшатлиси – атрофидагиларнинг бир-икки боғлам «кўк» учун шу жавонибда тинчитиб кетмасликлари ҳам кафолатланмаган эди…
Ҳозирча яхши, энг даҳшатлиси рўй берганича йўқ: мезбон йигитлар Наташанинг «Эркак одам кўпчилик олдида шивирлашиб гаплашмайди» деган танбеҳидан сўнг жим қолишди; Славик «Принцесса»дан рухсат теккач, телефонидан ашула қўйиб эшиттирди; музикадан ҳам тўйишгач, теша тегмаган латифаларга навбат берилди…
«JIP» катта трассадан чап томон бурилиб, тўшамасиз йўлга тушди, чорак соатча юргач қари арчалар тагидаги мўъжазгина уйча олдида тўхтади. Уй соҳиби аввалдан хабарлантирилган шекилли, қўнғироқ босилмасиданоқ қопқа очилди. Бевақт келган меҳмонларга юзини чуқур ажин босган етмиш ёшлардаги, аммо қомати тимма-тик кампир пешвоз чиқди.
– Оҳ, Наталья, гўзалим, фариштам менинг… Бояқиш бувингни мунча соғинтирмасанг! Болалар қалай? Каттариб қолишгандир етимчагиналарим! Отасидан дарак борми, ишқилиб…
«Принцесса» ёноқларини бувиси ўпсин учун навбат-банавбат тутиб бераркан, «Ҳаммаси жойида, бувижон!» деган умумий жавоб билан чекланди.
– Даша келишингни айтиб қўнғироқ қилганида қандай қувонганимни… Ўлиб қолай депман-а!.. Қайси шамол учирди?
– Бувижон, кейин… Кейин
Ёмғир
Нолангни эшитиб, қалбим тиламен, Сени ҳаммадан ҳам яқин биламен, Сен йиғласанг, айт мен нима қиламен? Қўй йиғлама, йиғлоқи ёмғир....
Cоғиндим
Нега кўнғироқ қилмайсиз энди, Соғинганим билмайсиз энди, Устимдан ҳеч кулмайсиз энди, Жоним сизни ёмон соғиндим....
Бу кун
Яна шеър ёзмоққа чоғландим бу кун, Сен билан хаёлий боғландим бу кун, Гумонлар ила хўп доғландим бу кун, Севгим-ла қаршимда оқландим бу кун....
Севилмоқ қийин
Булутдан чиққан қўёшдек куйдирдинг, Лайли Кайсин суйдиргандек суйдирдинг, Гохида бир ширин жондан тўйдирдинг, Севмоқ осон экан севилмоқ қийин....
Раъно
Қирларни кезайму сенинг изингдан, Сўраш учун қўрқаман лек ўзингдан, Ўзимни топайин қаро кўзингдан Менинг керагимсан гўзалим Раъно....