Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » Мустақиллик йилларида Нукус шаҳри агломерацияси муаммолари ( 1991 - 2006 йй)

    Мустақиллик йилларида Нукус шаҳри агломерацияси муаммолари ( 1991 - 2006 йй)

    ЗУЛФИЯ ЕСНАЗАРОВА тарих фанлари номизоди, доцент

     

    Урбанизация жараёнларининг бориши, ҳозирги давр шаҳар агломерацияси масалалари, шаҳар қурилиши истиқболлари ва Нукус шаҳрининг ҳудуд экологик муаммоларини ҳал қилишдаги роли тадқиқ қилинган.

    1991 йилгача ва 1990-йиллар ўрталаригача Нукус шаҳри аҳолиси табиий ўсиш ва миграция жараёнлари ҳисобига кўпайди. Бу икки омил шаҳар чегарасининг кенгайишига олиб келди. Ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, бошқа ҳудудларга нисбатан, Қорақалпоғистондаги оилаларнинг кўпчилиги кўпсонлидир. Масалан, Ўзбекистонда 1979-1989 йиллар давомида ҳар бир оилада ўртача 5,5 киши бўлган бўлса, бу кўрсаткич Қорақалпоғистон шаҳарларида 6,6, қишлоқ жойларида 7,1 кишига тўғри келади[1].

    Аҳолининг пойтахтда кўп тўпланиши шаҳар агломерациясининг тез ривожланишига, мураккаб ва ҳар хил алоқалар билан бирлашган шаҳарга яқин аҳоли пунктлари – «Қизкеткен», «Саманбай», «Саранча», «Ўрақ-балға», «Пристань», «Қоскўл» ва б.нинг шаҳарга қўшиб олинишига сабабчи бўлди. Шаҳар агломерациясининг шаклланиши ҳозирги даврда мисли кўрилмаган кўлам касб этдики, бу ҳозирги давр урбанизациясининг характерли хусусиятидир. Пойтахтнинг ғарбий чегараси – Хўжайли, Тахиатошга, шарқий чегараси – Халқободга етди. Пойтахт аҳолиси сони (2004 й. 1 январигача 258,7 минг киши) нафақат миграция ва халқнинг табиий ўсиши эвазига, балки учинчи омил – халқнинг мустақил равишда шаҳарга яқин ҳудудларга кўчиб келиши сабабли ҳам ўсди ва натижада бу аҳолиси зич жойлашган шаҳар типидаги поселкаларнинг таркиб топишига олиб келди. «Қоскўл-1», «Қоскўл-2», «Қоскўл-3», «Қум-аул», «Май-колхоз» кабилар шу тариқа пайдо бўлди ва улар шаҳар таркибига қўшиб олинди.

    Кўпгина ташкилотлар фақат қоғоздагина мавжуд эди. Масалан, 1995 йил 4 апрелдаги Нукус шаҳри ҳокими қарори билан «бир йилдан кўп вақт давомида ишламаган ёки кўп муддатда (6 ой) тўлашга қодир бўлмаган» деган сабаб билан 1991-1994 йилларда тузилган 107 та кўп тармоқли шахсий корхоналар бартараф қилинди. Аммо пойтахтнинг миллий бойлиги аҳоли миқдори билан эмас, балки унинг турмуш даражаси билан ўлчанади. Бу даврга келиб пойтахтнинг ишга яроқли аҳолиси 131,4 минг кишини ташкил қилса, унинг 979 нафари расмий равишда ишсиз ҳисобланарди[2]. Энг муҳим вазифа шаҳар аҳолиси турмуш даражасини кўтариш муаммоси эди.

    Бу даврга келиб республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва бу соҳадаги ислоҳатларни тезлаштириш бўйича қатор тадбирлар ишлаб чиқилди, истиқболли таклифлар илгари сурилди. Шулардан бири «Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги 1993-2000 йилларга мўлжалланган ва 2005 йилгача бўлган даврдаги ривожланиши йўналишларининг асосий концепциялари» бўлиб у бир ёқлама – хомошё етказиб беришга йўналтирилган ишлаб чиқаришни бартараф қилиш ва маҳаллий минерал-хомашё базалари асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган муассасаларни юзага келтириш бўйича амалий дастур вазифасини ўтади. Бунда 51 та саноат объекти, шулардан биринчи навбатда Нукус, Бўстон ва Чимбой шаҳарларида тўқимачилик мажмуалари қурилиши режалаштирилган, бу ерларда катта хомашё ва ишчи кучи заҳираларига эга бўлинишига қарамасдан уни тўла ўзлаштириш учун давлат етарли молиявий имкониятларга эга эмас эди. Бундай ҳолатни фақат чет эл инвестициялари, ҳамкорлари орқали ва улар билан ўзаро фойдали шартномалар тузиш, маҳаллий хомашё ресурслари асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган кархоналар ташкил қилиш орқалигина тузатиш мумкин эди.

    Нукус шаҳри ҳокимияти маъмурий бошқарув иши бўйича маълум ишларни амалга оширди. Фақат 1996 йилнинг ўзида 4 та шаҳар халқ депутатлари уюшмасининг сессиялари, 14 та шаҳар ҳокимияти мажлислари бўлиб ўтди ва унда 1927 та қарор қабул қилинди. Шаҳар бошқаруви маъмуриятининг иши бу билан чекланиб қолмади. Масалан, ҳужжатлар материалларини ўрганиш шуни кўрсатадики, шаҳар аҳолиси ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида ўзлари ҳокимиятга мурожаат қила бошладилар. Жумладан, бунда ечилиши энг зарур деб топилган масалалар: турар жой, аҳоли шароитларини яхшилаш, турар жой билан таъминлаш, мулкларни хусусийлаштириш, кичик корхоналар очиш, қурилиш учун қарзлар бериш, ижтимоий ҳимоялаш кабилар эди[3]. Натижада 1996 йили 371000 кв.м. турар-жой фойдаланишга топширилди, шундан 32746 кв.м. шаҳар аҳолиси ҳисобидан, фақат 4351 кв.м. корхонолар ва муассасалар ҳисобидан қурилди[4].

    Шу даврда шаҳар маъмурияти олдида турган масалалар ва уларнинг ҳаракатлари мамлакатдаги ижтимоий шароитга боғлиқ эди. Бу даврга келиб Ш.Раҳматуллаев фикрича, марказлашган мустабид режалаштириш ва тақсимот тизими барбод бўлган, хўжалик юритишнинг маъмурий буйруқбозлик методлари барҳам топиб, бозор инфратузилмаси шаклланаётган давр эди[5].

    Қорақалпоғистон шаҳарлари тизимида Нукус шаҳрининг нуфузи аниқ кўзга ташланади. У Нукусдан кейин иккинчи ўринда турувчи Хўжайлидан аҳолисининг 3 марта, Тахиатош, Тўрткўл, Берунийдан 4 марта, Қўнғирот, Чимбой, Манғитдан 7 марта кўплиги билан ажралиб туради. Аммо бу Қорақалпоғистон пойтахтининг катта қадамлар билан ўсганлигини эмас, балки Оролбўйи ҳудудида ўртача ҳажмдаги шаҳарларнинг (аҳолиси 100 минг атрофидаги) йўқлигини ёки унга тенглаша олмаётганини кўрсатади.

    Диссертацияда таъкидланадики, Нукус мустақиллик йилларида иқтисодий, ижтимоий-маданий, экологик муаммолар ҳал қилинадиган асосий марказга айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Орол инқирозини ечишда Қорақалпоғистон пойтахтининг етакчи роли борлигини кўрсатди[6].

    1995 йил 18-20 сентябрь оралиғида Нукус шаҳрида Оролбўйи давлатларини мунтазам ривожлантириш тўғрисида БМТнинг халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Ўрта Осиё давлатлари ва Қозоғистон Президентлари учрашуви натижасида «Орол денгизи бассейнидаги давлатларнинг доимий ривожланиши муаммолари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ташкилотларнинг Нукус Декларация»си имзоланди. 1997 йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ижроия комитети тузилди. Шундан эътиборан бу жамғарманинг Нукус филиали самарали фаолият кўрсатмоқда. 2000-2001 йиллар давомида 2004 минг АҚШ доллари ҳажмида «Нукус шаҳрида плазма ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» мавзусида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. 2001 йилда Нукусда стомотологик марказ қурилди ва бунинг учун 350 минг АҚШ доллари сарфланди. 243 кмлик «Туямўйин-Нукус» ва 112 кмлик «Нукус-Тахтакўпир» водопровод трассалари қурилди. Оролбўйи «Оналик ва болалик» скрининг маркази, акушерлик ва гинекология ИТИ – Нукус филиали, Нукус шаҳри ва туманлар тиббий ёрдам илмий марказининг филиаллари очилди. Маҳаллий халқ учун катта қулайлик туғдирган Амударё устига қурилган Нукус-Хўжайли кўпригини алоҳида айтиш зарур. «Нукус-Султон Вайс-Мискин-Учқудуқ» темир йўли йилига 25 минг доллар тежашга имкон беради. Нукус темир йўл вокзали бутунлай қайта қурилди.

    Мустақиллик  қўлга киритилгач, Нукус шаҳрида экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазаси билан шуғулланувчи қатор ИТИлари ташкил қилинди. Экологик тадқиқотларни ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида Биоэкология институти ташкил қилинди.

    Лекин шуларга қарамасдан пойтахтнинг ечилиши зарур бўлган долзарб муаммолари ҳам мавжуд. Маълумки, шаҳар агломерациясини шакллантирувчи асосий куч унинг иқтисодий омилларидир. Пойтахт ташкилотлари фақат номларинигина ўзгартирди, холос, уларнинг ишлаш усул ва методлари илгаригича қолди. Бозор муносабатларига ўтиш, кўп тармоқли иқтисодиёт, ташқи мамлакатлар фирмалари билан қўшма корхоналар қуриш, шу асосда баъзи қутб ва марказларнинг юзага келиши, булар Ўзбекистонда урбанизация жараёни стратегияси равнақини таъминлайди. Шу сабабли ҳам Нукус шаҳри ривожланиши стратегиясини овул ва қишлоқлар тузилишига замонавий ёндошиш позициясидан келиб чиқиб муносабатда бўлиш, ўзаро фойдали ҳамкорлик асосида унинг ижтимоий ривожланишини тезлаштириш зарур. Бундан ташқари, ҳозирги давр шароити ҳам идеал шаклга эга эмас: овул ва қишлоқ ишчи кучини сиғдира олмайди, Нукус эса уни қабул қилишга тайёр эмас. Ишчиларни иш билан таъминловчи корхоналарнинг кўпайиши билан бир қаторда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари ривожи ҳам катта аҳамиятга эга. Ривожланган мамлакатларда аҳолининг 60-70% и ушбу соҳаларда хизмат қилади. Пойтахтда эса бу кўрсаткич 10-15% ни ташкил қилади.

    Бизнинг маълумотларимизга кўра, 2005 йилга келиб Нукус шаҳри 602 та кўчага, кўп қаватли уйларга, хизмат кўрсатиш объектлари бўлган 8 та кичик туманга эга. Шунинг 1551905 кв.м.млн. майдони турар-жой объектлари билан банд. Умум ер майдонининг 2217895 кв. к.м. ери бир қаватли, 187291 кв.м. икки ёки ундан ортиқ қаватли иморатлар билан банд. Нукус шаҳрида 25513 та хусусий уйлар, 14679 та квартиралар мавжуд[7].

    Умуман, шу кунда Нукус шаҳри 212 кв.км майдонига 261,7 минг аҳолисига эга бўлган, Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбида жойлашган катта марказдир. Унинг миллий таркибини 122,4 минг кишини (46,8% ни) қорақалпоқлар, 32,4 мингини (12,4%ни) ўзбеклар, 57,8 мингини (22,1% ини) қозоқлар, 17,5 мингини (6,7%ни) руслар, 31,4 мингини бошқа миллатлар вакиллари ташкил қилади.

    Юқоридагилардан кўринадики, Қорақалпоғистонда шаҳар қурилиши ва шаҳар юзага келиши ўзининг порлоқ келажагига эга. Масадан, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш учун хизмат қиладиган корхоналар сони 10 та. Шундан 2 таси акционерлик жамиятлари, 8 таси ижтимоий-ижара корхоналаридир. Бундан ташқари махсус қурилиш корхонаси ҳам мавжуд. 2006 йил охирига бориб Нукус шаҳрида ҳар бир кишига 13,9 кв.м. турар жой майдони тўғри келди. Мазкур йилда 63,3 минг кв.м. тураржой фойдаланишга берилди.

    Муаллиф Қорақалпоғистон Республикасида шаҳар қурилиши тараққиётининг келажаги саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши билан чамбарчас боғлиқ деб ҳисоблайди. Бунга ҳозирги мавжуд корхоналарни кенгайтириш, реконструкция қилиш (қайта тиклаш), қайта жиҳозлаш ва саноатнинг янги тармоқларини ҳосил қилиш, илмий-техник тараққиётни таъминловчи: машинасозлик, радиоэлектроника, электротехника, тоғ-кон, металлургия ва химия саноати, қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноати, маҳаллий хомашё базасида цемент ишлаб чиқарадиган корхоналар тузиш, асобоцемент трубалар, безаш ва изоляция материаллари, керамика ва сантехника буюмлари, юқори сифатли шебен, шунингдек, прогрессив қурилиш материалларидан (полиэтилен, дренаж трубалари) қурилиш буюмлари ва конструкциялар ишлаб чиқариш, саноат жиҳозлари, йўл қурилиши ва қишлоқ хўжалиги машина ва механизмларини таъмирлаш ва хизмат қилиш муассасалари қувватларини ошириш орқалигина эришиш мумкин

     

     

    ХУЛОСА

     

    Қорақалпоғистоннинг келажакдаги режалари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш имкониятларидан келиб чиқиб, пойтахтнинг келгусидаги ривожланиш йўллари ҳақида диссертацияда муаллиф нуқтаи назари баён қилинади ва асосий хулосалар қуйидагилардир:

    - Нукус шаҳрининг иқтисодиёт, маданият ва фан маркази сифатида шаклланиши кўпинча давлат бошқаруви тизимига боғлиқ эди. Ўзбекистон Республикасининг ўз мустақиллигига эришиши эса Нукус шаҳри ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлди.

    - 1990-йилларда Нукус шаҳрида янги маъмурий, умумтаълим ва маданий объектларнинг жадал қурилиши унинг «Ўзбекистоннинг иккинчи пойтахти сифатидаги» ривожланишига янги туртки берди ва унинг Оролбўйи регионининг зарурий муаммоларини ҳал қилиш имкониятларини кенгайтирди.

    - Ўрганилган даврда Нукус шаҳри ҳақиқатан ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ижтимоий-маданий ва асосий муассасалари ифратузилмалари жойлашган илмий-маданий марказга айланди.

    - Мустақиллик йилларида Нукус шаҳри ўзининг маданий қурилиши даражасига кўра экологик муаммоларга диққатни жалб қилувчи марказ сифатида анча ўсди.

    Муаллиф томонидан тўпланган ва муайян бир тизимга солинган манбалар, материаллар унга Оролбўйи региони маркази сифатида Нукус шаҳрининг келажакдаги ривожланиши ва қурилишларига оид тавсияларини ўртага ташлашга ҳуқуқ беради. Хусусан, улар:

    - Нукус Ўзбекистон иқтисодиёти инфратузилмасида энг муҳим стратегик марказ сифатида ўзининг транспорт тизимини (автомобил, темир йўл) кенгайтириши ва умуммиллий транспорт тизимини ривожлантириш давлат дастури контекстида унинг муносиб моддий-техника базасига айланиши мумкин. Бу эса унинг ривожланишининг узоқ муддатли дастурини тузиш имконини беради;

    - шаҳар ичи ва чеккасидаги ижтимоий-маданий объектлар қурилишини, шаҳар чеккасидаги жойларда ишчи ўринлари яратиш имкониятларини, хусусан, хизмат қилиш ва сервис, транспорт, кичик бизнес ва хусусий ишбилармонлик соҳаларини қайтадан қараб чиқиш зарур;

    - шаҳарни ва поселка марказларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумдавлат дастурини ишлаб чиқиш, шаҳар атрофида фуқароларнинг дам олиш зоналарини ташкил қилиш ва режалаштириш зарур;

    - Ўзбекистон Республикаси экологик хавфсизлик Концепциясини эътиборга олган ҳолда шаҳар чеккасида ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилишини қайта кўриб чиқиш зарур;

    - ҳозирги даврда умумжаҳон шаҳар тизими ривожланиши амалиётини ҳисобга олган ҳолда шаҳар янги инфратузилмаси, транспорт савдо йўналишлари, шаҳар тураржой комплекси дастурларини янгидан ишлаб чиқиш зарур.

    Юқоридаги хулосалардан келиб чиққан ҳолда қуйидагиларни тавсия этамиз:

    1. Шаҳар атроф зонасида ва чеккасида ижтимоий-маданий объектлар курилиши ва уларга ишчи ўринлари ташкил қилиш характерини қайта кўриб чиқиш, бунда жумладан: хизмат кўрсатиш ва сервис, транспорт, кичик бизнесни ва шахсий тадбиркорликни ривожлантириш соҳаларини.

    2. Шаҳарлар ва поселка марказларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, шаҳарларнинг дам олиш зоналарини режалаштириш ва ташкил қилиш умумреспублика дастурини ишлаб чиқиш.

    3. Шаҳар тизимини ривожлантириш умумжаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда шаҳар инфратузилмасини ва шаҳар тураржой мажмуасининг янги режаларини ишлаб чиқиш.

     

     

    Фойдаланилган адабиётлар руйхоти

     

    [1] Рзаев К. Указ.соч. -93 б.

    2 Текущий архив хакимията г. Нукуса за 1995 г., приказ.№72/4.

    3 Текущий архив хакимията г. Нукуса за 1997 г., Х сессия 1 созыва Нукусского городского Совета народных депутатов 1 созыва 27 марта 1997 года.

    4.Там же.

    5. Рахматуллаев Ш. Социально-экономические преобразования в городах Ферганской долины в условиях независимости (1991-1996 гг.).: Автореф. дис… канд. ист. наук. –Ташкент, 2000. -15 б.

    6.Қолға қол усласып, прогресс жолы менен. Өзбекстан Республикасының Президенти Ислам Каримовтың Нөкис қаласының 60-жыллығына арналған салтанатлы жыйналыста сөйлеген сөзи // Еркин Қарақалпақстан, 1992, 24-декабрь

    7.Текущий архив хакимията г. Нукуса за 2006 год.

     



    [1] Рзаев К. Указ.соч. -93 б.

    [2] Текущий архив хакимията г. Нукуса за 1995 г., приказ.№72/4.

    [3] Текущий архив хакимията г. Нукуса за 1997 г., Х сессия 1 созыва Нукусского городского Совета народных депутатов 1 созыва 27 марта 1997 года.

    [4] Там же.

    [5] Рахматуллаев Ш. Социально-экономические преобразования в городах Ферганской долины в условиях независимости (1991-1996 гг.).: Автореф. дис… канд. ист. наук. –Ташкент, 2000. -15 б.

    [6] Қолға қол усласып, прогресс жолы менен. Өзбекстан Республикасының Президенти Ислам Каримовтың Нөкис қаласының 60-жыллығына арналған салтанатлы жыйналыста сөйлеген сөзи // Еркин Қарақалпақстан, 1992, 24-декабрь.

    [7] Текущий архив хакимията г. Нукуса за 2006 год.


    Bilim All » Ilimiy maqalalar bo'limi | 28-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 2007 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!
    +1


    Кўклам шукуҳи

    Кўкка етдим, мен бахтга етдим, Кўлам каби кўкармоқ учун. Қўлларингдан кўкларни тутдим, Кўнглим кўкка уланмоқ учун....

    -Paynet: "ПАЙНЕТ ИСЛЕМЕЙДИ НЕГЕ ЕКЕНИН БИЛМЕЙМЕН!!!"

    «Paynet» тизими орқали телефон алоқаси бўйича абонентларга пул ўтказиш ҳозирги кунда кенг йўлга қўйилган. Бу хизмат тури иқтисослашган шаҳобчаларда компьютер ёрдамида ёки кўча-кўйда, жамоаътлик...

    Қутлуғ замон

    Шоирларга илҳомбағшсан, Кўнгилларга зар-нақшсан, Юлдузларга еттим учсам, Сен деганда , Мустақиллик....

    Ёмғир

    Нолангни эшитиб, қалбим тиламен, Сени ҳаммадан ҳам яқин биламен, Сен йиғласанг, айт мен нима қиламен? Қўй йиғлама, йиғлоқи ёмғир....

    Наврўз келди, янги тонг отди...

    Айланади, чархи кажрафтор, Инояту-саховат билан Наврўз келар такрор ва такрор Гўзал шукуҳ тароват билан....











 English Time


Login:
Parol:
«    Noyabr 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.