Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » КЎҲНА ХОРАЗМ ПОЙТАХТИ КАТ ШАҲРИ ТАРИХИ II ҚИСМ (Араблар истилосидан кейинги давр – Хоразмшоҳ ануштагинларгача)

    КЎҲНА ХОРАЗМ ПОЙТАХТИ КАТ ШАҲРИ ТАРИХИ II ҚИСМ (Араблар истилосидан кейинги давр – Хоразмшоҳ ануштагинларгача)

    МАТЯКУПОВ ТЕМУР

    Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат Университети, Тарих ва ҳуқуқ факултети, Нукус шаҳри

     

    Маълумки, 712-йили арабларнинг Хуросондаги ноиби Қутайба ибн Муслим фатҳидан сўнг, Хоразм диёри Шимолий ва Жанубий қисмларга ажралиб кетган эди. Шимолий қисмини Қутайба ибн Муслим томонидан тайинланган Гурганч мири идора қилган. Жанубий Хоразм тахтида ҳали ҳам африғийлар сулоласи ўтирмоқда эди, чунки Хитой солномаларининг бири – «Тан сулоласи тарихи»да келтирилган маълумотда: «Хоразм ҳокими Шаошифин[1] 751-йилда Хитой императори саройига элчилар юборди, 762-йилда Баоин ҳукмдорлик қилган вақтда иккинчи элчилик келди», дейилади[2].

    Хоразмшоҳлар давлати (ҳар иккаласи ҳам) IХ-Х асрларда тоҳирийлар, саффорийлар ва сомонийларга ҳам бож тўлаб турган, лекин давлатни мустақил идора қилганлар.

    Кат VII-VIII асрларда уч қисмдан – уч шаҳардан иборат бўлган. Бу қисмлар умумий мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Шаҳарнинг энг мустаҳкам қисми Мадинат Ал-Фир бўлган. Шаҳарнинг ўсиб, кенгайиб бориши натижасида унинг қадимги қисми кухандизга айланган, шаҳарни эса Х аср муаллифлари «Кат» номи билан тилга оладилар. Бу шаҳар Истахрий, Муқаддасий ва бошқа муаллифлар асарларида илк ўрта асрлардаги Хоразм пойтахти сифатида эслатиб ўтилади.

    Х асрнинг охирларидаги «Ҳудуд ул-Олам»[3] (Олам чегаралари, ҳудудлари) жўғрофик асарининг форсий муаллифи шундай ёзади: «Кат – Хоразмнинг пойтахти, Турк ғузларига ўтадиган дарвоза. Бу шаҳар Турк, Туркистон, Мовароуннаҳр ва Хазарнинг савдо марказидир. Унинг ҳокими хоразмшоҳ деб аталади. Маъмур шаҳар. Бунда рухбинлар[4], ёстиқ жилди, чопон, қавилган кийимлар, ип газламалар, наъмат кигизлар, (ва бошқа нарсалар) ишланади[5]. Шаҳар катта бойликка эга. Унинг кишилари иймон учун курашувчи жанговар кишилар»[6].

    Кат қалъаси IХ-Х асрларда шарқнинг гуллаб-яшнаган гўзал ва бой шаҳарларидан бири бўлган. Бу ерда масжидлар, мадрасалар, ҳаммомлар, карвонсаройлар қад тиклаган, маҳобатли кошоналар, қасрлар, чорбоғлар қурилган. Савдо расталари ҳамиша Ҳинд, Хитой, Эрон, Рум, Гурганж, Дамашқ, Боғдод ва Булғордан келтирилган турли хил моллар билан тўлиб-тошган. Ғазнанинг жаноқи олмалари, Самарқанднинг соҳиби узуми, Бухоронинг олуси, Қуванинг анори, Катнинг қовунлари ва нашватиси қишин-ёзин дўконлар пештахталарини безаб турган. Айниқса, Хитой ипаги, Бухоронинг зандана матоси, Катнинг кигизи, жун рўмоллари ҳаридорлар томонидан юксак баҳоланган.   

    Катда Шарқ ва Оврўпа савдогарлари нафақат савдо-сотиқ билан шуғулланганлар, балки бир-бирлари билан учрашиб, турли мавзуларда мулоқотлар ҳам олиб борганлар.

    Араб геораф-саёҳатчиси, муаррих Ал-Муқаддасий[7] ўзининг «Аҳсон ат-тақосим фи-маърифат алақолим» (Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма) асарида Кат шаҳрини «Шаҳар (Кат) ғоят даражада кўркам, унда фозилу-олимлар, нафис адабиётнинг кўпдан-кўп билимдонлари бор...» – дея таърифлайди. Ал-Муқаддасий шаҳар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилар экан, жумладан шундай ёзади: «сувсар, оқ сичқон, сассиқ кўзан, олмахон, тулки, қундуз, қуён ва эчки мўйналари, шунингдек, мум, камон ўқи, қайин пўстлоғи, чақмоқли телпак, балиқ елими, балиқ тишлари, кунжут мойи, мушку-анбар, ошланган от териси, ёнғоқ мағизи, бургут, шамшир, қалқон, қўй ва асирлар буларнинг ҳаммаси Булғор юртидан, бундан ташқари Булғор томонларга Катдан узум, майиз, пишлоқлар, турли хил мовутлар, гиламлар, зарбоф тўнлар, чойшаблар, қулфлар, камонлар ва қайиқлар олиб кетилган» [8]. Бу маълумотлар Хоразмда савдо-сотиқ муҳим рол ўйнаганлигини ва бу ўлка транзит савдо марказларидан бирига айланганлигини яққол кўрсатади.

    Катнинг қовунлари ширин-шакарлиги билан дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, усти қор ва музлар билан қопланган Кат қовунлари махсус қўрғошин идишларда хорижий юртларга жўнатилган[9]. Яна бир манбага кўра қовунлар, зардан ишланган махсус қоғозларга ўраб Боғдодга, араб халифалари саройларига олиб кетилган[10]. 1333-йилда Хоразмга келиб кетган Ибн Ботута ўз асарида Хоразм қовунларига махсус боб ажратади. Ибн Ботута Ҳиндистонга борганида Хоразм қовунларига қойил қолганлигини айтади ва орадан бироз вақт ўтгач, Ҳиндистон ҳокими сайёҳга Хоразмдан келтирилган қовун қоқини тақдим этади[11].         

    Катнинг Х асрдаги кухандизи бу даврда Хоразмга келган ал-Истахрий[12] кўрган. «Китоб ал-аҳолим» (Иқлимлар китоби) номли асарида бу ҳақда маълумотлар келтириб ўтади. Табарий, Белазурий, ал-Асама асарларида Хоразмнинг илк ўрта асрлардаги пойтахти Кат ва Ал-Фир қалъаси ҳақида маълумотлар мавжуд.

    «Ал-Алоқ Ал-Нафис» асари муаллафи Ибн Руст 913-йилларда Катни Хоразм шаҳри бўлганлигини ёзиб қолдирган. 921-922-йилларда Боғдод халифасининг Булғорияга юборган элчилар котиби – Ибн Фадлон Катда бўлган. У Хоразмга Бухородан дарёда сузиб келган[13].

    IХ-Х асрларда Хоразм минтақадаги йирик савдо марказларидан бирига айланган. Хоразм савдогарлари чорвадорлар (ҳозирги Туркманистон ва Қозоғистон) ҳамда Итил (Волга) бўйидаги Хазар ва Булғор подшоликлари, шунингдек,  Шарқий Европанинг славян аҳолиси билан савдо-сотиқ олиб борганлар.

    Бундан ташқари илм-фан ва маданият ҳам ривож топиб, юксалиб борган. Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср ибн Ироқлар ҳам шу даврда етишиб чиққан.

    Хуллас, Ўрта Осиё ҳудуди тўғрисидаги маълумот берган ва бизгача етиб келган деярли барча илк ўрта аср ёзма манбалари муаллифлари, саёҳатчилари – Табарий, Истахрий, Белазурий, Ибн Ҳавқал, Ал-Муқаддисий ҳамда «Ҳудуд ул-олам» асари муаллифлари Кат шаҳрини Хоразмнинг бош шаҳри яъни пойтахти дея ўз асарларида қайд этади. 

    Савдо алоқаларининг кенгайишида айниқса, Гурганж шаҳри (Кўҳна Урганч) муҳим рол ўйнаган. Унинг ҳокими «Гурганж мири» номи билан улуғланган. Гурганж мири ўзини сомонийлар[14] давлатининг ноиби деб ҳисобларди. Тўғри, сўнгги йилларда Сомонийлар ҳукмронлиги, куч-қудрати бир мунча заифлашди. Бир томондан мамлакат ичкарисида рўй берган низолар, иккинчи томондан, 992-йили Қошғар ва Туркистон вилоятларидан чиққан Қорахонийлар ҳужумлари Бухоро амири Нуҳ II ибн Мансур (976-997) ҳокимиятини ҳалокат ёқасига олиб келди.

    Бухоро амири Нуҳ II ибн Мансур ўз тасарруфида бўлган Хуросонни душманлардан тозалаш мақсадида Сабуқтегин ва унинг ўғли Маҳмуд билан иттифоқ тузади. Ўзаро келишув бўйича Сабуқтегин Сомонийлар лашкарининг қўмондони, Маҳмуд эса Нишопур вилоятининг ҳокими этиб тайинланди. Ота ва ўғилнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Сомонийларнинг душманлари бирин-кетин енгила бошлади. Бухорога қарши исён кўтариб, мустақил бўлишга ҳаракат қилган ака-ука Симжурлар ўнгланмас зарба олди.

    Ака-ука Симжурлар Сомонийлар қўшинидан енгилгач, ўзларини омон сақлаш йўлларини излаш йўлига тушишди. Биринчи бўлиб Абу Али Симжур душманнинг таъқибидан қочиб, аввал Марвда, сўнг Амул шаҳридан қўним топади. У икки марта мактуб йўллаб, Бухоро амиридан йўл қўйган гуноҳини кечиришини ўтиниб сўрайди. Нуҳ ибн Мансур унинг тавба-тазаррусини инобатга олиб, Абу Али Симжурнинг вақтинча Гурганжда яшаб туриши учун розилик берди. Бу воқеадан бехабар бўлган Хоразмшоҳ қочқин Абу Али Симжурни Хозараспга келганидан хабар топади ва уни ҳибсга олиб, зиндонбанд қилади.

    Шу воқеа баҳонасида, ўзини сомонийлар ноиби деб ҳисобловчи Гурганж мири Маъмун ибн Муҳаммад (995-997) 995-йили куз фаслининг бошларида катта қўшин билан Африғий Хоразмшоҳлар ҳудуди бўлган Жанубий Хоразмга бостириб кириб, унинг пойтахти Кат қалъасини эгаллайди ва ўзини «Хоразмшоҳ» деб эълон қилади. Унинг буйруғига биноан, Абу Али Симжур ҳибсдан озод этилди. Кат ҳукмдори Хоразмшоҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад (?-995) ва унинг фарзандлари асир олиниб, қатл қилинади. Гурганж мири Маъмун ибн Муҳаммад бундай қатағонлик сиёсати билан кейинчалик ўзига қарши чиқувчи ҳар қандай кучларни бартараф қилган эди.

    Шу тариқа африғийлар сулоласи барҳам топиб, маъмунийлар ҳукмронлиги бошланди. Милодий 997-йилда келиб, Кат шаҳрини Амударё сувлари ювиб кетади. Ҳодисаларнинг бундай тус олиши Гурганж шаҳрини – Хоразмшоҳлар давлатининг сиёсий пойтахтига, ҳамда ижтимоий-иқтисодий, савдо ва маданий марказига айланиш жараёнини янада тезлаштирди.

    Ушбу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган Абу Райҳон Беруний Катдан Райга жўнаб кетиш арафасидаги руҳий ҳолат ва кечинмаларини мана бундай ҳикоя қилади:

    «Ушбу кундан кейин Хоразмнинг улуғ кишилари орасида юз берган жанжал ва тартибсизликлар туфайли ишларимни тўхтатиб, беркинишга, кейин эса омонат бошпана излаб, Ватанни ташлаб, ғарибликка юз ўгиришимга тўғри келди. Шундан сўнг токи замон тақозоси билан тартиб яна тикланмагунча бир неча йил ҳеч қаерда қарор топа олмай юрдим. Гарчи жоҳил ва нодон кишилар менга ҳасад қилган, ҳамда оқил кишилар бу ишларда менга ҳамдард бўлган бўлсалар ҳам, мен бу дунёнинг ишларидан қаттиқ нафратландим»[15].

    Хоразмшоҳлар пойтахти Кўҳна Урганчга кўчирилгандан кейин, Кат қалъаси ҳақида бу даврда яшаб ижод қилган Кат шаҳри фарзанди Абу Райҳон Беруний шундай маълумотлар беради; Ал-Фир лойдан ва хом ғиштдан қурилган, бирининг ичида бири жойлашган, бири-биридан баланд уч девор билан ўралган, подшоҳларнинг барча қасрларидан аъло бўлган. Ал-Фир ўн мил ва ундан олисдан кўриниб турган. «Жайҳун уни ҳар йили бузиб, йиқитиб ва парчалаб олиб кета берди; ниҳоят Искандар тарихининг минг уч юз бешинчи йилида[16] (милодий 997-йил) ундан асар ҳам қолмади»[17].

    Шу ўринда Кат шаҳрининг куҳандизи бўлган Ал-Фир тўғрисида Я. Ғуломовнинг «Хоразмнинг суғорилиш тарихи» асарида қуйидагича келтирилган маълумотини эслаб ўтсак: «Филқалъа – квадрат планда қурилган каттагина қалъа бўлиб, ҳажми тахминан 220 х 220 метр. Қалъани бир неча марта сув босган, унинг деворлари жуда емирилиб, нураб кетган, қалъанинг марказий қисмини ҳозир ҳам қамиш босган катта ботқоқлик банд қилади. Қалъанинг жануби-шарқий бурчагида квадрат шаклида кўшк (54 х 54) бор, у жуда қалин ва баланд девор билан ўраб олинган (деворнинг баландлиги 10-11 метр, қалинлиги 6 метр). Деворлар катта лой пахсалар билан урилган. Кўшкнинг ички қисми бўш. Унинг шимолий деворининг ўртасида торгина кириш йўли сақланиб қолган. Шоббоз[18] аҳолиси ўртасида – қадимги замонларда Хоразм подшолари бу иншоот ичида ўзларининг филларини асраганлар деган ривоят сақланиб қолган. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли уни «филхона» деб юритади.[19]»

    Бугунги кунга келиб, давлат ҳимоясига олинган бўлишига қарамасдан Ал-Фир қалъаси ва унинг кўшк қисми бундан деярли 60 йил олдин Я. Ғуломовнинг тасвирлаганидан ҳам анча ҳароба аҳволга келиб қолган. Қалъанинг жануби-шарқий қисми ҳозир ҳам кичкина кўл ва ботқоқликдан иборат. Кўшк эса кундан-кунга нураб, Я. Ғуломовнинг келтириб ўтган «шимолий деворининг ўртасида торгина кириш йўлининг» пахсалари қулаб, катталиги 7-8 метр келадиган «дарвозага» айланган. Ғарбий деворларининг ҳам каттагина қисми қулаб тушган. Бир вақтлар Хоразмшоҳларнинг пойтахти бўлган бу қалъага сув тошқинлари ва давр суронлари ўз ҳукмронлигини ўтказганлиги шундоқ кўз ўнгимизда намоён бўлади.             

    Кат шаҳрининг бир ҳусусияти бор эдики, сув тошқинлари натижасида бузилиб кетса ҳам, бузилган шаҳарнинг ёнида яна катта шаҳар барпо бўларди. Х асрда Амударё уни бутунлай ювиб кетган, аммо унинг яқинида Янги Кат шаҳри вужудга келган.

    Хоразм пойтахти Гурганжга кўчирилгандан кейин ҳам Кат қайта тикланиб, кейинги юз йилликларда ҳам дунёнинг маданий, савдо-сотиқ маркази бўлиб қолаверди. Шаҳарда ҳаёт жўшқин эди. Маъмунийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар даврида ҳам ҳаёт қайнади. Айниқса ануштагинлар ҳукмронлиги даврида (1097-1231) шаҳар кенгайиб, гуллаб-яшнади.

     



    [1] П. И. Лерх (Монеты Бухархудатов, 44-бет) ва С. П. Толстовлар (Древний Хорезм, 188-бет) – Абу Райҳон Беруний келтирган рўйхатдаги Шовушфир (Шовшафар) ва Хитой манбаларидаги Шаошифин бир шахс дея фикр билдирадилар. Я. Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 130-бет.

    [2] Я. Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 130-бет.

    [3] «Ҳудуд ул-Олам» 983-йилда Журжон вилояти ҳокими Амир Хорис Муҳаммад ибн Аҳмадга бағишлаб ёзилган асар. Муаллифи номаълум.

    [4] Рухбин – пишлоқ тури

    [5] Ҳ. Ҳасанов «Сайёҳ олимлар». Тошкент, 1981-йил, 44-бет. 

    [6] «Беруний авлодлари» Қорақалпоғистон, 1998-йил, 17-бет.

    [7] Ал-Муқаддасий (947-1000) Қуддусда туғилган араб географ-саёҳатчиси. Баъзи манбаларда ал-Мақдисий деб ҳам берилган. Кўплаб мусулмон давлатларида бўлиб, ўз саёҳат давомида ёзганларини тўплаб, китоб ҳолига келтирган.

    [8] П. Шермуҳаммедов «Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати». Тошкент, 2009-йил, 47-бет.

    [9] П. Шермуҳаммедов «Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати». Тошкент, 2009-йил, 47-бет.

    [10] Я. Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 67-бет. (В. Бартольд, «Туркестон в эпоху монгольского нашествия», ч. II, 247-бет)

    [11] Я. Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 67-бет. (қаранг: Ибн Ботута, Истамбул, 1915, 410-бет).

    [12] Абу Исҳоқ ал-Форисий ал-Истахрий (850-934) Эроннинг Форс вилоятида яшаган. Кўплаб мусулмон давлатларига саёҳат қилиб, ўз саёҳат давомида ёзганларини тўплаб – «Китоб ал-аҳолим» (Иқлимлар китоби) номли асар ёзиб қолдирган.

    [13] Ғ. Ходжаниязов «Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари» Тошкент, 2007-йил, 11-бет.

    [14] Сомонийлар – IX-X асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳукмронлик қилган сулола.

    [15] П. Шермуҳаммедов «Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати». Тошкент, 2009-йил, 59-бет. 

    [16] Искандар эраси (йил ҳисоби) милоддан аввлги 312-йил 1-октябрдан бошланади.

    [17] Абу Райҳон Беруний, Танланган асарлар I том, «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Абдуфаттоҳ Расулов va бошқалар таржимаси. Тошкент, 1968-йил, 71-бет.

    [18] ХVIII асрларгача Кат, XIX асрдан Шоббоз (Шайх Аббос), 1957-йил 4-июлда туманга Беруний номи берилган.

    [19] Я. Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 117-бет.


    Bilim All » Ilimiy maqalalar bo'limi | 28-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 2662 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!
    +4


    Кўклам шукуҳи

    Кўкка етдим, мен бахтга етдим, Кўлам каби кўкармоқ учун. Қўлларингдан кўкларни тутдим, Кўнглим кўкка уланмоқ учун....

    Қутлуғ замон

    Шоирларга илҳомбағшсан, Кўнгилларга зар-нақшсан, Юлдузларга еттим учсам, Сен деганда , Мустақиллик....

    Ёмғир

    Нолангни эшитиб, қалбим тиламен, Сени ҳаммадан ҳам яқин биламен, Сен йиғласанг, айт мен нима қиламен? Қўй йиғлама, йиғлоқи ёмғир....

    Cоғиндим

    Нега кўнғироқ қилмайсиз энди, Соғинганим билмайсиз энди, Устимдан ҳеч кулмайсиз энди, Жоним сизни ёмон соғиндим....











 English Time


Login:
Parol:
«    Aprel 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.