Bilim All
   Son'g'ı qosılg'an resurslar
    » » » КЎҲНА ХОРАЗМ ПОЙТАХТИ КАТ ШАҲРИ ТАРИХИ I ҚИСМ (Қадимги даврлардан араблар истилосига қадар)

    КЎҲНА ХОРАЗМ ПОЙТАХТИ КАТ ШАҲРИ ТАРИХИ I ҚИСМ (Қадимги даврлардан араблар истилосига қадар)

    МАТЯКУПОВ ТЕМУР

    Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат Университети, Тарих ва ҳуқуқ факултети, Нукус шаҳри

     

    Милоддан аввалги I минг йилликнинг бошларида Ўрта Осиёда (жумладан Хоразмда) пайдо бўлган қудратли давлатлар ўз ҳукмронлигини ўрнатиш ва уни мустаҳкамлаш учун доимо кураш олиб борганлар. Кушон империяси даврида рўй бераётган ижтимоий ва сиёсий жараёнда Хоразм ҳам муҳим ролъ ўйнаган. Чунки танга пулларни текшириш натижасида олинган маълумотларга қараганда, III асрдаёқ Хоразм ўз мустақиллиги учун кураш бошлаган. Хоразм воҳаси ўзининг қулай стратегик ва жуғрофий мавқеи ҳамда қадимдан ривожланган ҳудуд бўлганлигидан, у Марказий Осиё минтақасида турли даврларда кечган муҳим тарихий жараёнларда алоҳида ўрин тутиб, ўз муайян таъсирини ўтказиб борган. Ватанимиз ҳудудида милоддан аввалги сўнгги минг йиллик бошларидаги илк давлатчилик тузилмалари ҳам шу ҳудудда вужудга келган.

    Хоразмда кушонлар билан кураш ва ички сиёсий олишувлар қудратли маҳаллий сулолани вужудга келтиради. Африғийлар сулоласи ўз тангаларини зарб қилади ва шаҳарларда ўзларига саройлар қуради. Натижада кучли қўшни давлатларда бўлаётган воқеалардан фойдаланиб, дунёга ҳукмрон бўлишни даъво қила бошлайди. Тангаларни текшириш туфайли олинган хулосаларга қараганда, Хоразмнинг мутлоқ мустақиллиги VIII  асрнинг охирларигача давом этади.

    Шундай қилиб, милодий III асрдан бошлаб Хоразмда кушонлар билан курашда ғолиб чиққан янги сиёсий куч – африғийлар сулоласига асос солинади. Африғийлар сулоласи асосчисининг исми Африғ бўлган. Бу янги сулола Тупроққалъага таянган ҳолда ўз ҳокимиятини дастлаб воҳанинг ўнг қирғоғида ўрнатади. Хоразмнинг янги подшолари III асрда Кат каналини очадилар ва сўнгра Кат шаҳрини қуриб, ўз қароргоҳларини шу ерга кўчирадилар. Тупроққалъа харобаларини текшириш, унинг ҳақиқатан ҳам катта давлат таянчи – пойтахт бўлганлигини кўрсатади. IV – Х асрларда Африғийлар давлати тарихий ва сиёсий вазиятни барқарорлаштирди. Бу тарихий давр қулдорлик тузумининг инқирози ва янги ер эгалиги муносабатларининг шаклланиши ва ривожланиши билан характерланади.

    «… Африғ Искандар тарихининг олти юз ўн олтинчи йилида (милодий 305-йилда) пойтахтини қадимги Кат[1]шаҳрига кўчирди, Ал-Фир устига ўз қасрини қурдирди. Кейин хоразмликлар – Африғ ва унинг авлоди подшолигидан тарих олдилар[2]».

    Буюк қомусий аллома – Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида келтирган бу жумлалар, унинг туғилиб ўсган юртининг тарихи ҳақида эди. Бир вақтлар қадимги Кат шаҳриатрофларида элликдан ортиқ қалъа, кўплаб масжидлар, мадрасалар ва карвонсаройлар мавжуд бўлган.

    Янги сулолага асос солган шоҳ Африғ Эрон подшоси Яздигирд I сингари баджаҳл деб шуҳрат қозонади. Хоразмлик сиёвушийларнинг Африғ бошлаб берган қуйи авлоди Хоразмда 995-йилга қадар ҳукмронлик қилган. Африғ қурдирган Кат шаҳридаги минг йиллик Ал-Фир қасрнинг бузилиб кетиши билан африғийлар сулоласининг қулаши рамзий тарзда тўғри келиши қизиқарли ҳодисадир.

    IV-Х асрлар оралиғида қадимги Хоразмнинг пойтахти бўлиб турган Кат, ҳозирги Беруний тумани маркази яқинида жойлашган бўлиб, буюк ватандошимиз Абу Райҳон Беруний Жайҳуннинг ўнг соҳилидаги ана шу Кат шаҳри яқинида дунёга келган. Илк ўрта асрларда Хоразмда 40 та шаҳар барқ уриб гуллаб турган. Уларнинг энг сўлими Кат эди. Буни араб географ саёҳатчиси Ал-Муқаддасий[3] ҳам тасдиқлайди. У ўзининг «Аҳсон Ат-тақосим фи-маърифат алақолим» («Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма») асарида Кат ҳақидаги қуйидаги жумлаларни келтириб ўтади: «Шаҳар (Кат) ғоят даражада кўркам, унда фозилу-олимлар, нафис адабиётнинг кўпдан-кўп билимдонлари бор…»[4]. Бундай тарихий манбалар айнан илк ўрта асрларда, Шарқ уйғониш даврининг биринчи босқичидаёқ Хоразмнинг роли катта эканлигидан далолат беради. Ал-Хоразмий, Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний ва бошқа алломалар Шарқни маданий ва илмий тараққиёт чўққисига олиб чиққанлиги тарихдан маълум.

    Ал-Муқаддасий ва Ал-Истахрий берган маълумотларга кўра, Кат шаҳри Х асрда Марказий Осиёдаги йирик иқтисодий ва маданий марказлардан бири ҳисобланган. Ўша пайтларда у ҳатто Бухородан ҳам катта бўлиб, ўзининг донишманд ўқимишли кишилари билан Ироқдаги машҳур марказлардан устун турган. Унинг истеъдодли фарзандлари шаҳар шуҳратини бутун дунёга ёйдилар ва тарихга муҳрладилар.

    Агар кўҳна Амударёнинг ўнг соҳилига қуш парвози баландлигидан туриб назар ташланса: шимолий-ғарбда ёйилиб ётган Султон Увайс тизма тоғлари, жануб томонда Аёзқалъа коплекси[5], Қизилқалъа[6] ва Тупроққалъанинг[7] қалин деворларини кўриш мумкин. Тупроққалъадан бироз нарида эса Қўйқирилганқалъанинг[8] маҳобатли миноралари кўзга ташланади. Уларнинг марказий қисмида Қадимги Хоразм пойтахти – Кат шаҳри жойлашган. Катда Африғий хоразмшоҳларнинг ҳамма бинолардан баланд ва салобатли бўлган Ал-Фир қасри миноралари қад кўтариб турибди.

    Кат шаҳри X асрда хоразмшоҳлар – африғийлар сулоласининг пойтахти ва Ўрта Осиёнинг энг йирик савдо марказларидан бири эди. Илк ўрта асрларда Хоразм билан Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ давлатлари, Кавказ ва Шарқий Европа ўртасида савдо-сотиқ ва маданий алоқалар ривожланган эди. Хоразм савдогарлари асосан мўйна, қорамол ва балиқ билан савдо қилиб, узоқ-узоқларга сафарга чиқардилар. Шаҳарларда ҳунармандчилик (тўқувчилик, кулоллик, заргарлик кабилар) тараққий этган бўлиб, бу шаҳарларда илм-фаннинг ривожланишига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Қадимий Хоразмда астрономия, математика, геодезия, математик география каби фанлар анча ривожлангани тарихдан маълум. Тарихий манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, Кат шаҳрида Шарқ мамлакатларидан, шунингдек, Шарқий Европадан келган турли халқлар, ҳатто румликлар ва сурияликлар ҳам тўпланиб турли соҳалар юзасидан мулоқотда бўлишган.

    Хўш, шундай машҳур ва қадимий пойтахт шаҳар номи бўлган «Кат» терминиқандай маънони англатади? Бу сўз қаердан келиб чиққан? Бундай саволлар юртимиз ва бошқа ҳудудларнинг топономикаси бўйича ҳозирги кунда ҳам долзарб масала сифатида ўртага ташланади. Юртимиз тарихини билиш ва унга маълум даражада ўз ҳиссасини қўшиш эса ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчи.

    «Кат» номининг келиб чиқиши аслида эрамиздан олдинги даврларга бориб тақалади. Ҳатто «Тарих отаси» Геродотдан ҳам олдин яшаб ўтган юнон файласуфи ва тарихчи-географи – Милетлик Гекатий[9] (мил. авв. VI аср) ҳам Катни Хоразм шаҳри дея тилга олиб ўтади[10].

    Баъзи манбаларда келтирилишича «кат» термини –«тепалик устига қурилган қалъа, шаҳар» маъносини англатади. Айрим манбаларда эса «кат» сўғдтилида «уй-жой, макон» маъноларига эга дейилади. «Кат» сўзининг бошқача талқини «кас» бўлиб «қурилиш, гулобод» деб ҳам юритилади.

    Бу ўлкада қадим замонлардан бери турли уруғларга мансуб элатлар яшаб келадилар. Сўнги йилларда Хоразмнинг қадимги пойтахти номларида ҳам кўплаб умумий жиҳатлар борлиги аниқланмоқда. Чунончи, илмий доираларда маълум бўлган «Кат», «Кас», «Қиёт» каби шаҳар номлари қадимги Хоразм тилидан таржима қилинганда, «даштдаги девор» маъносини берган. «Авесто»даги «Вара» сўзи «Пил» ёки «Фир» сўзлари билан боғланган ва қадимги қалъалар, деворлар, истеҳкомлар, шаҳар иншоотлари маъноларини билдиради[11].

    «Ушбу манбалардан келиб чиқиб, қадимги Хоразм пойтахтининг номлари бир-бирига жуда яқин, ҳатто ўхшаш сўзлар билан аталган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмаймиз. Шунингдек, Хоразмнинг илк ўрта асрлардаги пойтахти – Катнинг номи Оқшахонқалъанинг[12] узун деворидан келиб чиққан бўлиши ҳам истисно эмас» – дея фикр билдиради Ғ. Ходжаниязов[13] ўзининг «Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари» асарида[14].

    Илк ва ўрта асрларда сўғд ёзуви ҳамда араб географлари асарларида «кат», «кас», «кад» ёки «ката» сўзи келтирилган бўлиб, дастлаб бир ёки бир неча оила яшайдиган, атрофи девор билан ўраб олинган ҳовлини англатган. Оила ёхуд жамоа бошлиғи эса катхудо (кадхудо) деб аталган. (Ҳозирги кунда «кат» ёки «ката» терминига ўхшаш сўз маъно жиҳатидан кичрайтирилган шаклда истеъмолда мавжуд бўлиб, чорва моллари ва уй паррандаларини сақлаш учун пахса девор билан ўраб қурилган қўрага нисбатан – «катак» ёки «каталак» тарзида қўлланилади.)

    Таниқли олим Я. Ғуломовнинг «Хоразмнинг суғорилиш тарихи» асарида келтирилишича, Ўрта Осиёда кенг тарқалган яшаш жойларини англатувчи «кат» термини шубҳасиз қадимий «кад», «кат» ёки «ката» терминидан келиб чиққан. «Кат худо» яъни «кат ҳокими» термини бизнинг замонамизгача сақланиб қолган ва маълум бир жамоа доирасида бошчилик қилувчи кишини англатади[15]. Бугунги кунда ҳам «катхудо» ларэл орасида ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, улар жамоа орасида катта обрўга эга ва шу халқ урф-одатларини яхши биладиган кишилардан сайлаб қўйилади.

    Ўрта асрларда шаҳарни «Мадинат ал Фил»номи остида Мадоиний-Табарий томонидан 712-йил воқеаларини тасвир этиш муносабати билан тилга олинади[16].

    Ҳозирги Беруний шаҳри атрофида яшовчи аҳоли орасидаги кенг тарқалган ривоятда: бир пайтлар Катнинг Фил қалъа қисмида подшоҳларнинг Ҳиндистондан келтирилган филлари боқилган дейилади. Яна бир ривоятга кўра, аслида Фил қалъаПир қалъа бўлиб, «фир» – «пир» хоразмликлар тилида «улуғ» «катта» маъноларини англатган.

    «Кат» номи муқаддас китобларда ҳам тилга олинган. Ривоят қилишларича, Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.) бу шаҳарни тунда олис масжидга қилган саёҳатлари чоғида кўрган эканлар. Ривоят қилишларича, пайғамбарлик берилганининг ўн иккинчи йили раби ул-аввал ойида тунда Маккадаги ибодатхонадан Қуддуси Шарифга борганлар, у ердан арши аълога кўтарилганлар. Бу «Меърож кечаси» дейиладики, у Қуръони Каримда ҳам тилга олинган[17]. Бу меърож, яъни Арши Аълога кўтарилиш қиссаси бўлиб, Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) бир кечада Қуддусдаги Ал-масжид ас-Ақсога бориб, зиёрат қиладилар ва мэърожга кўтариладилар-да, яна Маккага келадилар[18].

    Тарихий манбаларда келтирилганидек, Хоразмшоҳ Африғ ўз қароргоҳини милодий 305-йилда Хоразмнинг қадимги Кат шаҳрига кўчиради. Шаҳар қайта тикланиб, Ал-Фир қасри ичида шоҳ ўзига янги сарой қурдиради. Худди шу даврдан бошлаб Хоразмнинг Африғий шоҳлари олди тарафига шоҳ ва орқасига суворий тасвирлари туширилган кумуш тангалар зарб этиб, мамлакатнинг ички ва ташқи савдо муносабатларини мустаҳкам ўрнатиб оладилар.

    Илк ўрта асрларда ташкил топган хоразмшоҳлар давлати Олд ва Ўрта Осиёнинг энг йирик давлатларидан бири эди. Маркази Кат шаҳри бўлган Африғийлар хонадонига мансуб Хоразмшоҳлар давлати хионийлар[19], кидарийлар[20], эфталийлар[21], ҳатто Турк хоқонлиги[22] даврида ҳам ўзининг сиёсий мустақиллигини сақлаб қола олди.

    Византиялик тарихчи Менандр Хоразм давлати VI асрнинг 60-йилларида Византия ва турклар билан дипломатик алоқалар олиб борганлиги тўғрисида айрим маълумотларни қайд этган.

    Абу Райҳон Беруний Журжон қалъасида ёзиб тугатган ўзининг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида ўз ватани бўлмиш Кат шаҳри ва унинг маркази Ал-Фир қалъасининг ўтмиш тарихини тилга олиб, мана шундай сатрларни келтиради:

    «Ал-Фир Хоразм шаҳрининг чеккасидаги лой ва хом ғиштдан қурилган қалъа бўлиб, бири-бирининг ичига жойлашган ва баландликда бир-биридан қолишмайдиган уч қават қўрғон эди. Бу барча қўрғонлар тепасида Ямандаги Ғумдон сингари подшоҳларнинг қасрлари бор эди.

    Ғумдон – таббаларнинг турар жойлари бўлиб, Санъа шаҳридаги (Яманнинг пойтахти) Масжиди жоме рўпарасидаги тошдан қурилган қалъадир. Айтилишича, у тўфондан кейин Сом ибн Нуҳ қурган бинолардандир. ...Ал-Фир ўн милча ва ундан кўпроқ масофадан кўринар эди.

    Пайғамбар алайҳиссалом келган вақтда Хоразм шоҳларидан Арсамух ибн Бузгор ибн Хомғарий ибн Шовуш Сихр ибн Азкожвар ибн Аскажмук ибн Саххасак ибн Бағра ибн Африғ подшоҳ эди. Хоразм аҳолиси ислом динидан қайтгандан кейин, Қутайба ибн Муслим Хоразмни иккинчи марта фатҳ қилгач, хоразмликларга Аскажмук ибн Азковжар ибн Сабрий ибн Сихр ибн Асрамухни подшоҳликка кўтарди. Хисравлар насли қўлидан вилоят кетиб, уларда фақат шоҳлик номи қолди, чунки шоҳлик уларга меросдек эди. Тарих мусулмонлар расмига мувофиқ, ҳижрий йилга кўчирилди[23]».

    Маълумки, VII асрнинг биринчи ярмида Арабистон ярим оролида арабларнинг кучли давлати ташкил топади. Улар VII аср ўрталаридан истилочилик юришларини бошлаб, атрофдаги давлатларини забт эта бошлайдилар.

    704-йилда Қутайба ибн Муслим Хуросонга ноиб этиб тайинланади. Унга Мовароуннаҳрдан Хитойгача бўлган ҳудудларни бўйсундириш юкланади. 710-йилгача Қутайба Бухоро ва унинг атрофларини ўзига бўйсундиради. Шу пайтда Хоразмда бошланган ички зиддиятлар Қутайбани Хоразмга қўшин тортишга жалб этади. Хоразм шоҳи Чағон укаси Ҳурзод бошлиқ халқ қўзғолонидан қўрқиб, 711-йилда ёрдам сўраб арабларга мурожаат қилади. Душман қўли билан Ҳурзод тор-мор қилинади. Аммо Хоразмшоҳ бундан ҳеч нарса ютмайди, аксинча ўз мустақиллигини йўқотиб, арабларга бож тўлашга мажбур бўлди. Унинг қўшини эса Қутайбанинг ҳарбий юришларида иштирок этишга мажбур этилади.

    «… Қутайба Хоразм хатини яхши биладиган, уларнинг хабар ва ривоятларини ўрганган ва билимини бошқаларга ўргатадиган кишиларни ҳалок этиб, буткул йўқ қилиб юборган эди. Шунинг учун хабар ва ривоятлар ислом давридан кейин, ҳақиқатни билиб бўлмайдиган даражада яширин қолди. Мамлакат идораси гоҳо бу хонадонда бўлиб, гоҳо бошқа қабилалар қўлига ўтиб турди. Ниҳоят, Шаҳид Абу Абдулло Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ироқ ибн Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Туркасбоса ибн Шовушфир ибн Аскажмук ибн Азкожвар ибн Сабрий ибн Сихр ибн Арсамухдан бунинг замонида Пайғамбар алайҳиссаломга пайғамбарлик келганини айтиб ўтдим – кейин вилоятлик ҳам, шоҳлик ҳам уларнинг қўлидан чиқиб кетди».[24]

    Абу Райҳон Беруний ушбу сулолага мансуб 22 та шоҳни санаб ўтади ва 305 йилдан 995 йилгача ҳукмронлик қилган бу подшолардан баъзиларининг ҳукмронлик қилгани тўғрисида маълумотлар ҳам келтиради. Бу подшолар; 1)Африғ, 2)Бағра, 3)Саххасак, 4)Аскажмук, 5)Аскожвар, 6)Сихр, 7)Шовуш, 8)Ҳомғарий (Ҳамжард), 9)Бузгор, 10)Арсамух, 11)Сахр, 12)Сабрий, 13)Аскожвар, 14)Аскажмук, 15)Шовушфир (Шовшафар), 16)Туркасбоса, 17)Абдуллоҳ, 18)Мансур, 19)Ироқ, 20)Муҳаммад, 21)Аҳмад, 22)Абу Абдулла Муҳаммад. Кейинги маълумотлар асосида бу рўйхатга Аскажмукнинг отаси Чағонни ҳам киритиш лозим.

    Рус олимлари Н. Веселовский ва С.П. Толстов – Вазамара ва бошқа Хоразм тангаларининг топилиши туфайли бу рўйхат тўлиқ эмас, деган хулосага келишади ва бу сулолани африғийлар сулоласи таркибига киритишади. Шуниси қизиқки, Беруний хронологиясига биноан, илк Хоразм подшолари сулоласи бошланиши бутун Хоразмда кенг ҳудудда йирик шаҳар-қалъалар ва қасрлар қуриш, катта-кичик каналлар қазиб кенг майдонларни ўзлаштириш даврига тўғри келади. Хоразм археология-этнография комплекс экспедициясининг ярим асрдан кўпроқ олиб борган самарали фаолияти туфайли қилинган қимматли кашфиётлар далил сифатида ушбу фикрни тасдиқлайди.

    IV асрнинг иккинчи ярмидан VIII асргача бўлган давр оралиғида Хоразм тарихига тегишли манбалар жуда кам. Фақатгина, 711-712-йилларда Хоразм араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим қўшинлари томонидан бўйсундирилган даврдан бошлаб тарихий манбалар сақланиб қолган.

    Агар Абу Райҳон Берунийнинг берган маълумотларига таянадиган бўлсак, Хоразмга бостириб келган Қутайба ибн Муслим – Хоразм ёзма ёдгорликларини ёқиб юборгани, олимларини эса юртдан ҳайдаб бадарға қилишга фармон бергани, юқорида зикр этилган IV асрнинг иккинчи ярмидан VIII асргача давр оралиғида ислом динига оид бўлмаган ҳар қандай манбаларнинг жуда камлигини тушиниш мумкин.

    Қутайба фатҳидан сўнг Хоразм диёри Шимолий ва Жанубий қисмларга ажралиб кетган. Унинг Шимолий қисми Қутайба томонидан тайинланган Гурганч мири бошқарган. Жанубий қисми эса маркази Кат бўлган африғийлар хонодонига мансуб хоразмшоҳлар томонидан идора қилинган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам халифаликка бевосита бўйсуниб, ҳар қайсиси алоҳида-алоҳида хирож тўлаган.

     



    [1] Кат – ҳозирги Беруний шаҳри яқинидаги қалъа, баъзи манбаларда – Кот, Кас, Кос, Қиёт номлари билан ҳам тилга олинади.

    [2] Абу Райҳон Беруний, Танланган асарлар I том, «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Абдуфаттоҳ Расулов va бошқалар таржимаси. Тошкент, 1968-йил, 71-бет.

    [3] Ал-Муқаддасий (947-1000) Қуддусда туғилган араб географ-саёҳатчиси. Баъзи манбаларда ал-Мақдисий деб ҳам берилган. Кўплаб мусулмон давлатларида бўлиб, ўз саёҳат давомида ёзганларини тўплаб, китоб ҳолига келтирган.

    [4] «Беруний авлодлари», Қорақалпоғистон, 1998-йил, 16-17-бетлар.

    [5] Аёзқалъа коплекси – милоддан аввалги IV-II асрларга оид истеҳком ва турар жой қалъалар мажмуаси.

    [6] Қизилқалъа – Беруний туманида жойлашган, милоддан аввалги II, милодий III-IV асрларга оид истеҳком қалъа.

    [7] Тупроққалъа – Элликқалъа тумани ҳудудида, милодий I-III асрларга оид шоҳ саройи жойлашган қалъа.

    [8] Қўйқирилганқалъа – Тўрткул туманида жойлашган, милоддан аввалги III-II асрга оид ўзига хос расадхона.  

    [9] Милетлик Гекатий – милоддан аввалги VI аср, юнон тарихчи-географи «Ер курраси тавсифи» номли асар ёзган.

    [10] Я. Ғуломов, «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 117-бет. (A. Hermann, «Alte Geographie des unteren Oxucdebietes (Die Chorasmier und thre Stadt Chorasmie)» 12-bet. В. В Бартольд «Сведения об Аралском море» 4-бет.)

    [11] Дўсимов Э, Тиллаева М. – Хоразм ономастик тизимида «Авесто» элементлари. «Авесто» - «Ўрта Осиё халқлари маданияти тарихида» мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани материаллари. Нукус-Хива, 2001-йил, 25-27-бетлар.

    [12] Оқшахонқалъа – Беруний туманида жойлашган, милоддан аввалги IV-III, милодий III асрларга оид истеҳком қалъа.

    [13] Ғ. Ходжаниязов – археолог, Ўзбекистон қаҳрамони (2008-йил). Беруний туманидаги Оқшахонқалъада кўплаб тадқиқот ишларини олиб борган.

    [14] Ғ. Ходжаниязов, «Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари» Тошкент, 2007-йил, 68-бет.

    [15] Я. Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 47-бет.

    [16] Я. Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи (Қадимги замондан ҳозиргача)». Тошкент, 1959-йил, 117-бет. (Материалы по истории туркмен и Туркмении, т. I (VII—XV вв.), 1939-йил, 76-бет.).

    [17] Ғ. Ходжаниязов, «Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари» Тошкент, 2007-йил, 22-бет.  (МИТТ, 1939-йил, 435-бет)

    [18] П. Шермуҳаммедов «Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати». Тошкент, 2009-йил, 28-29-бетлар. Манба: Қуръони Карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Таржима муаллифи Алоуддин Мансур, Тошкент, 2004-йил, 312-313-бетлар.

    [19] Хиёнийлар– IV аср ўрталаридан, V асрнинг иккинчи ярмигача Ўрта Осиё ҳудудларида ҳукмронлик қилган сулола.

    [20] Кидарийлар –V аср 20-йилларидан, 456-йилларгача Ўрта Осиё ҳудудларида ҳукмронлик қилган сулола.

    [21] Эфталийлар –V аср ўрталаридан, VI асрнинг ўрталаригача Ўрта Осиё ҳудудларида ҳукмронлик қилган сулола.

    [22] Турк хоқонлиги –VI аср иккинчи ярмидан, VII асрнинг биринчи ярмигача Ўрта Осиё ҳудудларида ҳукмронлик қилган.

    [23] Абу Райҳон Беруний, Танланган асарлар I том, «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Абдуфаттоҳ Расулов va бошқалар таржимаси. Тошкент, 1968-йил, 71-бет. 

    [24] Абу Райҳон Беруний, Танланган асарлар I том, «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Абдуфаттоҳ Расулов va бошқалар таржимаси. Тошкент, 1968-йил, 72-бет.


    Bilim All » Ilimiy maqalalar bo'limi | 28-iyul, 2015 jıl
    Bul bet 4808 ret ko'rildi.


    Reyting: Maqala unadima? Baha beriw sizin' qolın'ızda!
    +4


    Кўклам шукуҳи

    Кўкка етдим, мен бахтга етдим, Кўлам каби кўкармоқ учун. Қўлларингдан кўкларни тутдим, Кўнглим кўкка уланмоқ учун....

    Қутлуғ замон

    Шоирларга илҳомбағшсан, Кўнгилларга зар-нақшсан, Юлдузларга еттим учсам, Сен деганда , Мустақиллик....

    Ёмғир

    Нолангни эшитиб, қалбим тиламен, Сени ҳаммадан ҳам яқин биламен, Сен йиғласанг, айт мен нима қиламен? Қўй йиғлама, йиғлоқи ёмғир....

    Cоғиндим

    Нега кўнғироқ қилмайсиз энди, Соғинганим билмайсиз энди, Устимдан ҳеч кулмайсиз энди, Жоним сизни ёмон соғиндим....

    Бу кун

    Яна шеър ёзмоққа чоғландим бу кун, Сен билан хаёлий боғландим бу кун, Гумонлар ила хўп доғландим бу кун, Севгим-ла қаршимда оқландим бу кун....











 English Time


Login:
Parol:
«    Aprel 2024    »
DuSiSaPiJuSeEk
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
 Tamaddun nurı jurnalı

 Ku'nnin' qaharmani                  


Megaline.uz 2012-2016
E-ma'nzil: info@megaline.uz
Megaline.uz - saytının' informatsiyalıq resurs bazası "Bilim All" 2016.
Sayt materialların ruxsatsız ja'riyalaw qadag'an etiledi.